Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Апрел, 2025   |   3 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:46
Қуёш
06:06
Пешин
12:32
Аср
16:56
Шом
18:51
Хуфтон
20:06
Bismillah
01 Апрел, 2025, 3 Шаввол, 1446
Янгиликлар

Ўзбекистон Президенти Яқин Шарқдаги можарога тез фурсатда ечим топилиши муҳимлигини таъкидлади

12.11.2024   2994   3 min.
Ўзбекистон Президенти Яқин Шарқдаги можарога тез фурсатда ечим топилиши муҳимлигини таъкидлади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!
Ҳурматли раис жаноблари!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Глобал сиёсат кун тартибидаги энг ўткир ва оғриқли масала – Фаластин муаммосига бағишланган бугунги муҳим саммитимизни ташкил этганлари учун Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд Аъло Ҳазратларига ҳамда Валиаҳд ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд Ҳазрати Олийларига алоҳида миннатдорлик билдираман.

Минг афсуски, 2023 йили Ар-Риёд шаҳридаги тарихий йиғилишдан кейин ўтган вақт мобайнида ушбу адолатсиз ва қонли уруш кўлами янада кенгайди.

Дунё ҳамжамиятининг қатъий ҳаракат ва чақириқларига қарамасдан, халқаро меъёрлар ва резолюцияларнинг қўпол равишда бузилиши давом этмоқда. Уруш олови эндиликда Ливан ҳудудини ҳам қамраб олгани барчамизни қаттиқ ларзага солмоқда.

Ҳамкасбларим ўз нутқларида айтиб ўтганларидек, минг-минглаб бегуноҳ болалар, аёллар ва кексалар ўлимига сабаб бўлаётган бу вайронкор ва мудҳиш ҳужумлар инсоният янги тарихининг энг қора саҳифасига айланмоқда.

Ижтимоий инфратузилма объектлари, мактаб ва шифохоналар, масжидлар, бутун бошли шаҳарлар йўқ қилиб ташланаётгани, миллионлаб тинч аҳоли бошпанасиз қолиб, очарчилик ва касалликларга маҳкум бўлаётганини изтиробсиз кузатиш мумкин эмас.

Энг ёмони, ҳаммамиз гувоҳ бўлаётганимиздек, ушбу фожиага нисбатан халқаро майдонда икки хил стандартлар асосида ёндашилмоқда. Бу эса урушнинг кенг ёйилиб кетиш эҳтимолини кескин оширмоқда, халқаро хавфсизликка жиддий рахна солмоқда.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Ўзбекистон Фаластин – Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга қаратилган барча амалий ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Бу борада бугунги саммитимизда умумий сиёсий ирода ва бирдамликни намоён этиб, глобал ва минтақа даражасида самарали механизмлар ва аниқ ечимлар ишлаб чиқиб, ҳаётга тезроқ жорий этилишига ишонамиз.

Гап, энг аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Хавфсизлик Кенгашининг мазкур кўп йиллик низони ҳал этишдаги ўрни ва таъсирини тубдан ошириш ҳақида бормоқда.

Ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва энг асосийси – тинчлик музокараларини бошлаш масалалари бу универсал халқаро тузилманинг доимий эътибор марказида туриши мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, 15 ноябрь куни жафокаш Фаластин халқи ўз миллий байрами – Фаластин Давлати эълон қилинган кунни нишонлайди.

Аминманки, бу қадимий ва бой тарихга эга халқ 1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақлидир. Бу борада биз Саудия Арабистони ташаббуси билан ташкил этилган Икки давлат ечими учун глобал альянс фаолиятини ҳар томонлама маъқуллаймиз.

Учинчидан, Фаластин ва Ливан ҳудудидаги мислсиз гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида давлатларимиз томонидан ҳамда етакчи халқаро ташкилотлар доирасида ёрдам кўламини кенгайтиришимиз лозим.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг катта тажрибага эга бўлган Махсус агентлиги ва бошқа институтлари фаолиятига зарурий кўмакни ошириш тарафдоримиз.

Шу ўринда биз урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёрлигимизни билдирамиз.

Биз Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилиш ниятидамиз.

Тўртинчидан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уларни бешикаст сақлаб қолиш масалаларига катта эътибор қаратишимиз лозим.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Бугунги фавқулодда учрашувимиз Яқин Шарқ муаммосини ҳал этишда катта қадам бўлади, деб умид қиламан.

Аллоҳ таолодан жаҳонда тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик неъматини зиёда этишини ва умматимиз аҳиллигини янада мустаҳкам қилишини сўраб қоламан.

 

Янгиликлар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мусибатларни табассум билан енгиб ўтинг!

01.04.2025   662   1 min.
Мусибатларни табассум билан енгиб ўтинг!

Мусибат гоҳида мудроқ иймонни уйғотиши ва инсонни Аллоҳга қайтариши мумкин. Натижада касалликни давога, қийинчиликни эса совғага айлантиради.


Қийинчиликларга дош бериш Аллоҳга бўлган одоб ва Унинг тақдирини мамнуният билан қабул қилиш белгисидир.

Ҳикматларда айтилади: "Мен юмшоқликни ҳам, қилични ҳам синаб кўрдим. Билдимки, юмшоқ – мулойимлик кескирроқ экан".


Бардошли мўмин ҳодисаларга нисбатан заиф ва мунофиқларча эмас, худди рақибига жанг тактикасини сездирмайдиган паҳлавон баҳодир каби ҳаракат қилади. 


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Мўмин янги экилган ниҳол дарахтига ўхшайди. Қайси тарафдан шамол эсса, у ана шу тарафга оғади ва шамол тўхтаган пайтда яна тик туриб олади. Худди шундай, мусулмон ҳам ҳар хил бало ва қийинчиликларга дучор бўлади (лекин у, Аллоҳ унинг қийинчиликларини кўтаргунича, сабр қилади). Ва фосиқ (ёмон) одам эса қарағай дарахтига ўхшаб қаттиқ ва тикка бўлиб тураверади, Аллоҳ уни Ўзи хоҳлаган пайтда узиб (синдириб) ташлагунича" (Имом Муслим ривояти).


Ҳаётнинг ёқимсиз воқеаларига дуч келишда бардошли бўлиш гоҳида уларга нисбатан табассум билан боқишга ва хотиржамлик билан қабул қилишга имкон беради. Сиз шундай давом этишини хоҳлаганингиз учун эмас, улардан безовта бўлиб, қайғуга тушишни енгиллатиш учун шундай табассум керак бўлади. 

©️ Шайх Муҳаммад Ғаззолий

Ибратли ҳикоялар