Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ الْحَسَنِ، فِي الرَّجُلِ يَكُونُ لَهُ وَالِدَانِ، أَيَخْرُجُ لِلتِّجَارَةِ؟ قَالَ: إِنْ كَانَتْ لَهُ مِنْهَا مَنْدُوحَةٌ فَلَا يَخْرُجُ.
Ҳасандан ривоят қилинади: «Бир одамнинг ота-онаси бор. У тижоратга чиқадими?» (деб сўрашди). У: «Агар ўшани қилмаслик имкони бўлса, чиқмасин», деди».
Шарҳ: Ўша вақтларда одамлар ойлаб тижорат сафарида юришган. Карвонларга молларини ортиб, Шомга олиб бориб сотар, у ердан яна бошқа нарсаларни олиб қайтишар эди.
«Ота-онаси бор одам уларни ташлаб, тижоратга кетса бўладими?» деган саволга имом Ҳасан Басрий шундай жавоб айтибдилар: «Агар ўша тижоратни қилмаса ҳам куни ўтадиган бўлса, бормагани яхши».
Тижорат ортиқча зебу зийнат учун мол ишлаш мақсадида бўладиган бўлса, унга бормай қўяверсин. Ота-онасининг хизматини қилсин, дуосини олсин. Ана шунинг ўзи зиёда мол топишдан кўра яхши.
عَنِ الزُّهْرِيِّ قَالَ: بَلَغَنَا أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ لَمْ يَكُنْ يَحُجُّ حَتَّى مَاتَتْ أُمُّهُ لِصُحْبَتِهَا.
Зуҳрийдан ривоят қилинади: «Бизга айтилишича, Абу Ҳурайра онасининг суҳбати учун у вафот этгунича ҳаж қилмаган».
Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу оналарини беҳад ҳурмат қилиб, «Онажонимнинг суҳбатларини топай, хизматларини қилай», деб ҳаж ҳам қилмаганлар. Оналари вафот этганидан кейингина ҳаж қилганлар. Бу улуғ саҳобийнинг онага бўлган ҳурмати. Ҳаттоки ҳажни ҳам кейинроққа қолдириб, онажонимнинг хизматидан қолмай, у кишининг суҳбатидан маҳрум бўлмай деб, фидойилик қилганлар.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، جِئْتُ أُبَايِعُكَ عَلَى الْهِجْرَةِ، وَقَدْ تَرَكْتُ أَبَوَايَ يَبْكِيَانِ. قَالَ: «فَارْجِعْ إِلَيْهِمَا، فَأَضْحِكْهُمَا كَمَا أَبْكَيْتَهُمَا».
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳузурингизга ҳижратга байъат қилгани келдим. Ота-онамни йиғлаган ҳолларида ташлаб келдим», деди.
«Икковларининг ҳузурига қайт! Уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдир», дедилар».
Шарҳ: Демак, ҳижратга чиқиш маъносида ҳам ота-онанинг рухсати зарур экан. Уларни норози қилиб, ҳижратга кетишга фарзанднинг ҳаққи йўқ экан. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаттоки ҳижратга отланган саҳобаларининг ҳам ота-оналари норози бўлганларининг хабарини эшитганларидан сўнг уларни тезда орқага қайтишга, ота-онасини хурсанд қилишга, уларга итоат этишга буюрган эканлар.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُبَايِعُهُ عَلَى الْهِجْرَةِ، فَقَالَ: مَا جِئْتُ حَتَّى أَبْكَيْتُ أَبَوَايَ. قَالَ: «فَارْجِعْ إِلَيْهِمَا فَأَضْحِكْهِمَا».
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳижрат учун байъат қилгани келди ва: «Ота-онамни йиғлаганича қолдириб келдим», деди.
«Уларнинг олдига қайт! Уларни кулдир!» дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам аввалги ривоятга ўхшар экан. «Бир одам келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижрат ҳақида байъат қилмоқчи бўлди», дейдилар ровий. Лекин гапининг ичида: «Мен келаётиб, ота-онамни йиғлатиб келдим», деди. «Йўқ, орқангга қайт, бориб, уларни кулдиргин», дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ فَقَالَ: جِئْتُكَ لِأُبَايِعَكَ عَلَى الْهِجْرَةِ، وَقَدْ تَرَكْتُ أَبَوَايَ يَبْكِيَانِ. قَالَ: «ارْجِعْ إِلَيْهِمَا، فَأَضْحِكْهُمَا كَمَا أَبْكَيْتَهُمَا».
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳузурингизга ҳижратга байъат қилгани келдим. Ота-онамни йиғлаган ҳолларида ташлаб келдим», деди.
«Уларга қайт! Уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай қилиб кулдир», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввал ҳам келган. Лекин таъкид учун яна келтириляпти. Чунки уни бошқа одамлар ҳам ривоят қилишган.
Бир одам келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен сизга ҳижрат учун байъат қилгани келдим. Лекин ота-онам йиғлаб қолдилар», деди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур саҳобага: «Ота-онангнинг олдига бор, уларни кулдиргин», деб фармон бердилар.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.
Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
- Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
- Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД