Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Гуноҳкордан нафратланилмайди

14.11.2024   1277   1 min.
Гуноҳкордан нафратланилмайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ ёронлари билан Бағдодда дарё ёқасида ўтирган эдилар. Шунда дарё ёқалаб бир қанча ёш йигитлар гаплашиб, кулишиб, рақс тушиб, маст бўлиб ўтиб кетишди. Бошқа бир йўловчилар Маъруф Кархийни таниб қолиб: "Эй Шайх, бу йигитларнинг Аллоҳга исён қилиб юришларига индамай турасизми? Уларни дуоибад қилмайсизми?" дейишди. Шунда Маъруф Кархий ҳазратлари қўлларини осмонга кўтариб: "Аллоҳим, уларни бу дунёда хурсанд қилиб қўйганингдек, охиратда ҳам уларни хурсанд қилгин", деб дуо қилдилар. Бояги кишилар бундан ҳайрон бўлиб: "Уларни дуоибад қилиш ўрнига уларнинг ҳаққига дуоихайр қилдингизку?" дейишди. Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ: "Агар Аллоҳ таоло уларни охиратда хурсанд қилса, демак уларни бу дунёда тавба қилишларига муваффақ қилади", дедилар.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг "Иҳёу улумиддин" китобидан.

Бу ривоятдан шу нарса маълум бўладики, Аллоҳнинг дўсти бўлган валий зот Маъруф Кархийнинг тариқатларида инсонларга ҳидоят ва яхшиликни ихлос билан тилаш асос қилиб олинган. Умуман олганда барча тасаввуф тариқатлари инсонларга фақат эзгулик тилашни ўзларига асос қилиб олган, уларга на зоҳирда ва на ботинда зарар беришдан буткул йироқ. Зеро, Аллоҳ яратган махлуқотларга нисбатан дилда ёмон кўриш ва нафрат сақлаш Ислом дини ахлоқидан эмас. Тўғри, гуноҳ ҳар доим ҳам ёмон кўрилади, лекин гуноҳкорнинг ўзидан нафратланилмайди.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг етим ҳолда туғилишларидаги ҳикматлар

22.11.2024   5605   2 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг етим ҳолда туғилишларидаги ҳикматлар

Набий алайҳиссаломнинг туғилишлари фил йилида (яъни Абраҳа Маккага юриш қилиб, Каъбаи муаззамани вайрон қилмоқчи бўлган йил)да содир бўлган. Дунёга келишлари эса Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси душанба кунига тўғри келади.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етим ҳолда дунёга келганлар. Чунки оналари Омина икки ойлик ҳомиладор чоғида оталари Абдуллоҳ вафот этган. Шу билан боболари Абдулмутталибнинг қармоғида қолганлар.

Аллоҳ таолонинг расулидек улуғ зот етим ҳолда дунёга келиши, кўп ўтмай оналарию бобосидан ҳам айрилиши тасодифий ҳодиса эмас. У зот алайҳиссалом ҳаётининг илк кунлариданоқ ота тарбиясидан, бироз ўтгач она меҳридан ҳам маҳрум бўлиб улғайди.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг набийсини мана шу ҳолда улғайишини ихтиёр этди. Бунда кўплаб ҳикматлар бор. Ушбу ҳикматларнинг энг муҳими:

Аллоҳ таоло Ислом динини ботилга чиқариб инсонлар қалбига Муҳаммад бу даъвати ва рисолатини (чақириқ ва вазифа) ёшлик чоғидан ота ва бобосидан ўрганган деб турли шубҳаларни солувчиларга бирорта ҳам йўл қолдирмади. Зеро, боболари Абдулмутталиб қавмининг энг пешвоси ва бошлиғи эди.

Аллоҳ таолонинг ҳикмати динни ботилга чиқарувчиларга бу тарафдан бирорта ҳам йўл қолдирмади. Ҳатто, Ўз расулини энг ёшлик вақтиданоқ ота-онаси ҳамда бобосидан ҳам ажратиб улғайтирди. Балки, Аллоҳ набийсини Ҳалима розияллоҳу анҳонинг қўлига топшириб, барча оила аъзоларидан йироқда тарбия қилди. Боболари вафот этгач ҳижратдан уч йил аввалгача амакилари Абу Толибнинг ҳимоясида яшадилар.

Аллоҳнинг ҳикматининг мукаммаллигидан бири Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг иймон келтирмагани бўлди. Токи бу даъват ишига амакиси дебоча вазифасида бўлган деган фикр келмасин ва бу оилавий ва бошлиқлик ишига айланиб, пайғамбарлик эмас деган тушунча пайдо бўлмаслиги учун.

 

Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.