Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Жуфт танлашдаги мезон

14.11.2024   2966   1 min.
Жуфт танлашдаги мезон

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Аёл киши тўрт нарсаси учун никоҳланилади: моли, насл-насаби, жамоли ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа белангур (“барака топгур”)!” (Муттафақун алайҳ)

Яъни, эркакни никоҳга рағбатлантирадиган нарса аёлдаги тўрт хислатдир. Эркак аёлдаги мазкур хислатлардан истаганини кўзлаб никоҳланиши мумкин. Лекин диндорини танлаш афзалдир. 

Ушбу ҳадисда қандай умр йўлдош танлаш масаласи баён қилинмоқда. Зеро, инсон бу масалада кўпинча иккиланиб қолади. Бу борада мўмин киши учун мезон диндорлик бўлиши керак. Чунки унс-улфатликда одамлар бир-бирларига таъсир ўтказадилар. Яхши ҳамроҳ билан сафарнинг машаққати камайганидек, яхши умр йўлдош билан ҳаётнинг машаққатлари енгил кечади. Мўмин киши диндор аёлни танласа, у билан кўп масалаларда, айниқса, диний масалаларда ўзаро муроса қила олади. Шунинг учун Набий алайҳиссалом диндорини танлашга буюрмоқдалар.


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларга ҳусни учун уйланманглар, эҳтимол, ҳусни уларни ҳалок қилар. Уларга мол-давлати учун ҳам уйланманглар, эҳтимол, моллари уларни туғёнга кетказар. Аммо динлари учун уйланинглар. Албатта, бурни кесик, қулоғи тешик диндор қора чўри (дини йўқ ҳур аёлдан) яхшидир”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).


Шунингдек, наслу насабдаги тенгликка ҳам риоя қилиш мустаҳабдир. Зеро, бу омил ҳам оиланинг тинч-тотув бўлиши, бир-бирларига нисбатан ҳурмат-эҳтиромни давом эттиришига сезиларли даражада таъсир қилади. Аммо ё диндорини, ё насл-насаби тенгини танлашга тўғри келса, албатта, диндори муқаддам қўйилади. 


Азизбек ХОЛНАЗАРОВ 
тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг ризқ йўлида меҳнат қилишларидаги ҳикматлар

25.11.2024   647   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг ризқ йўлида меҳнат қилишларидаги ҳикматлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик ёшларини қаршилашлари билан ризқ йўлида ҳаракат қила бошладилар. У зот кейинчалик ўзлари ҳақида бундай деганлар: “Мен Макка аҳлининг қўйларини арзимаган чақалар эвазига боқиб берардим”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқ ва озуқа топиш мақсадида чўпонлиқ қилишларида учта муҳим ибрат бор:

1) У зотнинг амакилари Абу Толиб жуда ҳам меҳрибон ва ғамхўр эди. Лекин, Расулуллоҳ алайҳиссалом имконлари етганича амакиларига кўмаклашар эдилар. Гарчи топаётган фойдалари амакилариникига нисбатан жуда оз бўлса ҳам, бу нарсада ташаккур билдириш, имкон қадар ёрдамлашиш ва гўзал муносабат бор эди.

2) Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмати бизга: инсон ўз қўли билан касб қилиб топган нарсалари энг тотли ва лаззатли эканини билдирмоқда. Энг қадрсиз ва ёмон нарса эса қийинчилик ва машаққатсиз топилган мол-дунё эканига ишора қилмоқда.

3) Агар инсонларни тўғри йўлга етакловчи насиҳат қилиши ортидан инсонларнинг қўлига қараб қолса, унинг эслатмалари ҳеч қандай қийматга эга бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир инсоннинг қасб-ҳунари бўлиши керак. Шундагина инсонлардан бирортаси унга на миннат қилади ва на унинг тилини қиса олади.


Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.

Мақолалар