Бугун, 14 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашув ўтказдилар.
Илмий-маърифий суҳбатда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада жуда катта ўзгаришлар амалга оширилгани, юртимизда 100 та янги жоме масжид очилгани, кўплари ҳавас қиладиган даражада обод бўлгани, Қуръони карим курсларида бир неча ўн минг фуқаро Қуръони каримни мутолаа қилишни ўргангани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли ошгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги билдирилди.
Учрашувда илм ва касб-ҳунарга тарғиб қилувчи шаръий далил ва ҳаётий мисоллардан келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керак бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ўргатиши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш кабиларга урғу қаратилди.
Мулоқот давомида Муфтий ҳазратлари ўқитувчи ва талабаларнинг илм, оила, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор, хабар бермоқда Batafsil.uz.
Афв этилган 852 нафар шахсдан 604 нафари жазони тўлиқ ўташдан озод қилинади. Яна 115 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади.
52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроқ жазо турига алмаштирилади. 81 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати эса қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам бор.
Президент фармонида афв этишга асос сифатида маҳкумларнинг қилмишига пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани кўрсатилган.
"Ўзбекистон 24" телеканали маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён 31 та афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар жами 10 567 нафар жазо ўтаётган шахсни қамраб олган.
Хусусан, Президент Наврўз ва Рамазон ҳайити арафасида ҳам 392 нафар маҳкумни афв этганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати