Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Ўзбекистон бағрикенгликда бошқа давлатларга намуналиги эътироф этилди

18.11.2024   31303   2 min.
Ўзбекистон бағрикенгликда бошқа давлатларга намуналиги эътироф этилди

Бугун, 16 ноябрь куни пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меғмонхонасида “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. 
 

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, шунингдек, олимлар, миллий маданият марказлари, турли конфессия етакчилари, этник-маданий бирлашмалар ва талабалар иштирок этди.


Шу билан бирга, АҚШ, Буюк Британия, Корея Республикаси, Туркия, Малайзия, Португалия, Арманистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатлардан келган соҳа мутахассислари, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхона ходимлари, дипломатик корпус вакиллари қатнашди.


Анжуман аввалида Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов сўз олиб, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда ҳамжиҳатликда яшаётгани бағрикенгликнинг ёрқин далили бўлаётгани, ҳукуматимизнинг чуқур ўйланган миллий ва диний сиёсат туфайли бугун Ўзбекистон бутун дунё мамлакатлари учун бағрикенглик намуналарини ўзида мужассам этган давлат сифатида ўрнак бўлаётганини қайд этди. 


Конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўз чиқишлари давомида барча иштирокчиларни Халқаро бағрикенглик куни билан самимий муборакбод этиб, кейинги йилларда мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш, диний бағрикенгликни қарор топтириш, ўзаро меҳр-оқибат, инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғлашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.


Муфтий ҳазратлари маърузалари давомида Аллоҳ таоло бандаларини бир-бири билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга амр қилганини оятлар асосида далиллаб, муқаддас динимиз ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш баробарида уларга мурувват кўрсатишга ҳам чақирганига урғу қаратдилар.


Ислом таълимоти ўзга дин вакиллари билан чиройли ва бағрикенглик ила муносабатда бўлишга чорлагани ва бу гўзал анъана бугунги кунда ҳам давом этиб келаётганини алоҳида таъкидлагди. Мазкур анжуман ҳам барча дин вакилларини илм-маърифат, тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва эзгуликка тарғиб этиши йўлидаги муҳим ташаббус экани қайд этилди. 


Анжуманда турли халқаро ташкилот ва диний конфессия вакиллари мавзу доирасида сўзга чиқиб, мамлакатимизда турли дин ва миллат вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилганлиги ва диний жамоалар жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этаётганлигини таъкидлади.


Илмий-амалий конференция шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этиб, унда мавзу юзасидан бир қатор маърузалар ўқилди, ташаббус ва таклифлар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“The Jordan Times”: Тошкентда ислом цивилизацияси ва янги кашфиётларга бағишланган халқаро медиа форуми ўтказилади

24.08.2026   32924   1 min.
“The Jordan Times”: Тошкентда ислом цивилизацияси ва янги кашфиётларга бағишланган халқаро медиа форуми ўтказилади

Иорданиянинг  нуфузли “The Jordan Times” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиа форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада ёзилишича, тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, етакчи экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчихонасининг маълум қилишича, ушбу форум дастуридан ялпи мажлислар, медиа кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Учрашувларда ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари ва замонавий технологиялар, халқаро медиа лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабалар учун жаҳон медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа ишлаб чиқариш ва халқаро ахборот маконида самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тажриба алмашади.

Нашрда қайд этилишича, форум иштирокчилари 27 август куни Самарқандга саёҳат қилишади. Сафар доирасида меҳмонлар Имом ал-Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, шаҳарнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкентда халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиатур ўтказилиши режалаштирилган.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланади. Меҳмонлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари