Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Кўп йиллар давомида бирор ғам-қайғу етиб, ғам-ташвишга тушсам, тинимсиз йиғлардим, қайғуларимнинг сабаби ҳақида ўйлайверардим. Бу ҳам етмагандай, эски муаммоларимни ўйлаб, «Мени ҳеч ким яхши кўрмайди, ҳамма менга нисбатан ноҳақлик қилади, ҳатто севганларим, яқинларим ҳам…» деб, ўзимни мазлума ҳисоблардим. Бундай хаёллар мени тинимсиз қийнар, ҳаммаси мени эзиб турадиган оғир юкка айланган эди. Бутун ақлу хаёлимни фақат қайғуларим ҳақидаги фикрлар эгаллаб олган эди.
Бир куни интернетда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғам-қайғуга ботганда ўқиладиган дуоларини кўриб қолдиму, маҳзун бўлган пайтларимда уларни айтиб юрадиган бўлдим. Аввалига натижасини унчалик сезмадим. Ҳатто ўзимга ўзим «Бу дуолар менга фойда бермайди, чунки қайғуларим шунақанги каттаки, уларни кетказишга бу дуоларнинг кучи етмайди», деган пайтларим ҳам бўлди. Лекин шайтонга енгилмадим, дуоларни кўп-кўп айтавердим. Ниҳоят, Аллоҳ таоло мени иккита фойда билан сийлади:
Биринчи фойда: қайғуларга қарши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан кураша бошлаганимдан кейин маҳзунлигим бирдан камая бошлади. Қайғу пайтидаги ёмон ўй-хаёллардан халос бўлдим, чунки шайтон маҳзун қизларни овлаб, уларга «Сен мазлумасан, бахтиқаросан, сени ҳеч ким яхши кўрмайди» деб, васваса қилади, уларни ғам-қайғудан «қутқарадиган» ҳар хил ёмон ишларга бошлайди. Масалан, «Уйдан қочиб кет», «Жонингга қасд қил, ўзингни ўзинг ўлдир» деб васваса қилади. Бу дуолар эса айнан мана шундай ёмон фикрлардан қайтариб, маҳзун қизларни шайтоннинг васвасасидан ҳимоя қилади.
Иккинчи фойда: қайғуларимнинг кўплиги, уларга қарши набавий дуолар билан кўп марта курашганимни эътиборга олсак, бу қайғулар Аллоҳ таолони кўп зикр қилишимга сабабчи бўлди. Бу эса Аллоҳ таолонинг менга кўрсатган марҳамати, иноятидир. Зеро, мана шу қайғулар сабаб Аллоҳни кўп ёд этиб, У Зотнинг қуйидаги оятида мақталган бандалар қаторига биз ҳам кирамиз:
«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркагу аёлларга Аллоҳ мағфират ва буюк ажр тайёрлаб қўйган» (Аҳзоб сураси, 35-оят)».
Бошқа бир қиз айтади:
«Ўрта мактабда устозларимдан ўрганган нарсаларимнинг энг яхшиси – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғам-қайғу пайтида қилган дуоларидир. Устозимиз уларнинг баъзиларини шарҳлаб, тушунтириб, чиройли қоғозларга ёзиб берганлар, кейин эса ҳар биримиздан уларни ёдлашни талаб қилганлар. Ёдлаганларга мукофотлар бериб, бу дуоларни ёдлашга ҳаммамизни қизиқтирган, ғамга ботган пайтларимизда уларни айтишни тайинлаган эдилар. Кутилганидек, натижалар ҳам кетма-кет кела бошлади. Баъзиларнинг тажрибасидан шуни тушуниб етдикки, қиз бола бу дуоларга деярли ҳар куни эҳтиёж сезар экан, бу дуолар эса инсоннинг ҳаётини янада мунаввар этар экан.
Бир куни онам билан суҳбатлашиб ўтириб, устозларимиз ўргатган, қайғу пайтида ўқиладиган дуолар ҳақида айтиб бердим. Онам эса мени ҳайрон қолдириб, шундай дедилар: «Бошингга оғир кун келган пайтда айтиладиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган дуолар ҳақида ҳаётимда биринчи марта эшитяпман. Қанийди бу дуоларнинг биттасини бўлса ҳам ёшлигимда эшитган бўлсам! Эллик йил умримни ғам-аламлар билан ўтказибман-а! Агар бу дуоларни билганимда, ҳаётим бутунлай бошқача бўлар эди».
Онам шундай деб, бирпас жим қолдилар. Кўзларига ёш тўлди. Сўнг шундай дедилар: «Қизалоғим, бу дуоларни менга ҳам ўргатгин! Ўзинг эса уларни ҳеч қачон ёдингдан чиқарма, чунки биламан, бу дуолар сенинг ҳаётингни ҳам, менинг қолган ҳаётимни ҳам гўзал қилади».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.
Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.
Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.
Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.
«Миллионер саҳобалар» китобидан