Опамни фарзанди йўқ. Кўп йил даволандилар. Кимдир бола асраб олса ва унга меҳр берса ўзи ҳам фарзанд кўришини айтибди. Сўрамоқчи бўлганим динимизда бола асраб олишга рухсат берилганми? Рухсат бўлса қандай ҳукмлар бор?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Динимизда бола асраб олишга рухсат берилади, аммо унга қуйидаги шартлар қўйилган:
1. Асраб олинган болани ўз отасига нисбат берилиши;
Болани ўз отасини номи билан чақириш (яъни сени отанг менман ёки отанг фалончи, деб ўз отасидан бошқа одамни ота сифатида кўрсатмаслик керак);
Аллоҳ таоло асраб олинган фарзандлар ҳақида бундай марҳамат қилган: “Уларни (асраб олинган болаларни) ўз оталари (исми) билан чақирингиз. Шу Аллоҳ наздида адолатлироқдир. Бас, агар уларнинг оталарини билмасангиз, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир. Қилган хатоларингиз сабабли сизларга гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилинган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсиз). Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон зотдир” (Аҳзоб сураси 5-оят).
Бу оятлар нозил бўлгунича, одамлар орасида бировнинг боласини ўғил қилиб, ўз ўғилларидек номлаганлар ва жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар ила иш тутишган. Оят нозил бўлгач бу ҳукм ўзгарди.
2. Асраб олинган бола асраб олувчига маҳрам бўлиши;
Болани қарамоғига олишда аввало имкон қадар яқин қариндошларнинг болаларидан (яъни асраб олинаётган бола ўғил бола бўлса аёлнинг, қиз бола бўлса эрнинг ака-ука ёки опа-сингилларининг болаларидан) бирини қарамоғига олиши керак. Чунки улар ўртасида насаб жиҳатидан маҳрамлик бор. Бордию яқин қариндошлардан бола олиш имкони бўлмай, бегона бола олинса ва у қиз бўлса, асраб олувчи эрнинг эмизикли ҳолатдаги опа-сингиллари ёки ака-укаларининг аёллари икки ярим йил ичида болани эмизсалар ёки уларнинг сути ичирилса, асраб олувчи эрнинг жияни ҳисобланиб, маҳрамига айланади. Агар асраб олинган бола ўғил бўлса, асраб олувчи аёлнинг эмизикли ҳолатдаги опа-сингиллари ёки ака-укаларининг аёллари ўша ўғил болани эмизсалар асраб олувчи аёлга жиян бўлгани учун, маҳрам ҳисобланади (икки ярим йилдан сўнг эмизиш ёки болага юқорида зикр қилинган аёллардан бошқаларнинг сутини ичириш билан маҳрамлик собит бўлмайди). Шундай йўл билан бир оилада номаҳрамлар жамланиб қолишининг олди олинади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У киши ўз жиянлари Урва розияллоҳу анҳуга шундай ҳикоя қилиб берадилар. Афлаҳа исмли эмикдош амаким киришга изн сўраган вақтда у кишидан ўзимни олиб қочдим ва рўмолни ўраб олдим.
Сўнг бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берганимда:
"Унинг олдида рўмол ўрашингизга ҳожат йўқ, чунки насаб жиҳатидан маҳрамлик собит бўлганидек эмикдошлик сабабли ҳам маҳрамлик ҳосил бўлади", дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
3. Асраб олинган боланинг мерос олмаслиги;
Асраб олинган бола ва асраб олувчиларнинг ўртасида насабий алоқаси бўлмаса, бир-бирларидан мерос олишлари жоиз бўлмайди. Балки қўлларида қолган мулклар насабий меросхўрларнинг ҳаққи ҳисобланади.
Бола асраб олишдан мақсад, кўп болалик оилаларга ёрдам бериш ёки етимнинг бошини силаш савобини топиш бўлмоғи лозим. Ҳеч қачон асраб олинган бола ҳақиқий фарзанд бўлмайди. Агар асраб олинган фарзанддан келажакда боқувчига ҳеч қандай наф тегмаса, аксинча зарар етган тақдирда ҳам бундан афсусланмаслик керак бўлади, акс ҳолда қилинган хизматнинг савоби бекор бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Аллоҳ таоло ҳар бир амални ихлосу муҳаббат билан ўЗининг қоидасига мувофиқ бажарган бандаларига улкан мукофотларни ато қилади. Ҳаж амалларини гўзал ҳолатда адо қилган кишилар учун дунёда гуноҳлари кечирилиши, охиратда эса жаннат мукофот қилиб берилади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан умрагача бўлган (сағира) гуноҳлар кечирилади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).
“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган маъноларини англатади. Уламолар ҳадисни шарҳлар эканлар, ҳажнинг мабрур бўлиши учун қуйидаги сифатлар топилиши лозим деганлар. Ихлос: зуҳди зиёда бўлиши; охиратга рағбат қилиш; барча ҳукмларини тўлиқ бажариш; сафарда фисқ ва маъсиятлардан, фаҳш сўзлардан тийилиш; риё, сумъа ва ужбдан сақланиш.
Аллоҳ таоло ҳожиларга берган энг катта имкониятлардан яна бири гуноҳларни мағфират қилишидир. Нафақат ҳожининг, балки ҳожи гуноҳларини мағфират қилишни сўраган инсонларнинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиради. Шунинг учун зиёратга кирган кишилар ҳожидан ҳақларига дуо қилишни сўрайдилар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, худди онаси туққан кундагидек ортга қайтади”, деяётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояи).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар».
Бу ерда кичик гуноҳлар назарда туттилган. Чунки катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба шарт. Сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз (ўртасида), жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло юртимиз ҳожиларининг қилган ибодатлари, дуо ва зикрларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин! Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.