Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнаси ва азоби, қабр фитнаси ва азоби, бойлик фитнаси, камбағаллик фитнаси ҳамда масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Бухорий ривояти).
“Фитна” сўзи луғатда “синаш, имтиҳон қилиш; азоблаш; адашиш; васваса” каби маъноларни англатади.
“Жаҳаннам фитнаси” Аллоҳ ҳаром қилган ишларни содир этиб, дўзахда азобланишдир.
“Қабр фитнаси” қабрда бўладиган турли қийинчилик ва машаққатлардир.
“Бойлик фитнаси” бойликнинг инсонни ғурур, кибр, манманлик, Аллоҳга итоатсизлик каби разил ишларга ундашидир.
“Камбағаллик фитнаси” ўта қашшоқ бир ҳолатга тушиб, одамлар наздида хору зор бўлиш, ҳаммадан бирон нарса таъма қилиб, ўз ҳурматини оёқ ости қилиш ва қўли калталик сабабли турли хил ноқулай вазиятларга тушиб қолишдир.
“Масиҳ дажжол фитнаси” қиёмат қоим бўлишидан олдин, дажжол ер юзига чиққанида, бандаларни алдаб, эътиқодлари, имонларидан қайтариши, уларни жаҳаннам сари чорлаши ва бошқа алдовларидир.
Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий суратда жаҳаннам азоби, қабр азоби, бойлик ва камбағаллик фитнаси, шунингдек, масиҳ дажжол фитнаси ва алдовларидан паноҳ сўраб дуо қилар эканлар.
“Аллоҳим, Сендан (берган) неъматинг завол топиши, офиятинг (нотинчликка) алмашиниши, тўсатдан келувчи азобинг ва барча ғазабингдан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Муслим, Абу Довуд ва имом Табароний “Авсат”да Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ёмонликлардан қандай паноҳ сўраш кераклигини ўргатмоқдалар.
“Неъматинг завол топишидан...” Яъни, Ислом ва имон неъмати, менга берган бошқа кўплаб неъматларинг барҳам топиши ва улардан айрилишдан паноҳ сўрайман!
“Офиятинг алмашинишидан...” Яъни, соғлигим касаллик, тинчлигим нотинчлик, бойлигим камбағалликка алмашинишидан паноҳ сўрайман!
“Тўсатдан келувчи азобингдан...” Яъни, мен ожиз банданг гуноҳлар гирдобига тушиб қолиб, Сен томондан бирдан келувчи ғазабинг ва интиқомингга гирифтор бўлишдан паноҳ сўрайман!
“Ва барча азобингдан...” Яъни, Сенинг ғазабингни қўзғайдиган ишларни содир этиб, азобингга йўлиқишдан паноҳ сўрайман!
“Аллоҳим, Ўзинг мени очликдан асрагин. Зеро, у ёмон ёстиқдошдир! Мени хиёнатдан асрагин. Зеро, у энг ёмон ботиний хислатдир” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда банданинг танаси ва қалбига тегишли икки хил иллатдан паноҳ сўраш таълим берилмоқда.
“Аллоҳим, Ўзинг мени очликдан асрагин. Зеро, у ёмон ёстиқдошдир!”
Аллоҳим, ибодатлар ва Ўзингга итоат этишимга тўсқинлик қиладиган, касаллик ёки ўлимга сабаб бўлувчи очликдан сақлагин. Зеро, у энг ёмон ҳамроҳдир!
Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, бирон нарсани ният қилмаган ҳолда оч юриш банданинг савоб қозонишига кифоя қилмайди. Балки бундай очлик унинг танасини заифлаштиради, мия фаолиятининг ёмонлашуви, унда қабиҳ фикр ва хаёлларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади.
“Мени хиёнатдан асрагин. Зеро, у энг ёмон ботиний хислатдир”.
Хиёнат омонатнинг аксидир. Омонатга хиёнат қилиш мунофиқлик аломатларидан биридир. Демак, хиёнат, алдов, ёлғон инсон қалбига яширинган энг ёмон иллат бўлиб, бу нарса уни жаҳаннам сари судрайди. Ҳар бир банда қалбини ақл ойнасида текшириб, хиёнатдан заррача асорат кўрса, уни бартараф қилиш, қалбида яширинган хиёнат иллатини хулқни зийнатловчи омонат сифатига алмаштиришга ҳаракат қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банда туғён ва кибрга олиб бормайдиган бойлик, фаровон ҳаёт сўраши билан бирга, ибодатига халақит берадиган, имоний ва сиҳҳий аҳволига салбий таъсир кўрсатадиган, ўзини эса хорлик ва таъмагирликка олиб борадиган камбағалликдан, ўта қашшоқликдан ҳам паноҳ сўраши керак.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўлим ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза, яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам қолдирмай кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабрда жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишини исботлайдиган ҳолдир.
Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган олимлар бўлар бўлмасга ўлим сўзини тилларига чиқараверишдан ҳам истиҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.
Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз ўз жонига қасд қилиш иллати авж олишига сабаб эмасмикан? Эътибор бериб қарасангиз, айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар.
Ўз жонига қасд қилиш иллатининг бундан ҳам даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилади:
فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ (رواه أحمد 24192)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди, дунёнинг машаққатларидан қутилди дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ўз жонига қасд қилишнинг тарқалишига яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин.
Ш.Исроилов
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Учқўрғон тумани Муҳаммад Зариф жоме масжиди имом-хатиби