frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

РАМАЗОНДА ҲАМКОРЛИК ДАВОМ ЭТМОҚДА

30.03.2024   3158   1 min.
РАМАЗОНДА ҲАМКОРЛИК ДАВОМ ЭТМОҚДА

Меҳр ва мурувват ойи бўлган Рамазонда юртимизнинг кўплаб саховатли тадбиркорлари қатори бир қатор мусулмон давлатлари, Халқаро ташкилотлари ҳам мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга хайр-эҳсонлар ажратиб, кўпчиликнинг дуосини олмоқда.

Хусусан, 26 март – Рамазон ойининг 16-кунида Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) томонидан “Вақф” хайрия жамоат фондига 1000 дона озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат бўлган қутилар топширилди. Бу жараёнда Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, ТИКАнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Али Риза Тезчан, “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Исохон Абдуллаев ва фонднинг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича мутахассиси Миржалол Қосимов иштирок этди.

Шу куниёқ хайр-эҳсон қутилари республика бўйлаб тарқатилиб, ўз эгаларига етиб бориши йўлидаги саъй-ҳаракатлар бошланди.

 

https://t.me/vaqfuz/11346 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тарихни бузиб кўрсатмаслик учун

15.09.2026   1896   2 min.
Тарихни бузиб кўрсатмаслик учун

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.

- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.

Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.

Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.

Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.

Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари