Мулоқот давомида талабалар билан ишлаш, академик ва тадқиқот соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш, профессор-ўқитувчилар, талабалар алмашинуви масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон ва Миср ўртасида таълимнинг барча босқичлари бўйича ЖАДАЛ ривожланиб бораётган шериклик кўламини янада кенгайтириш, бу жараёнда шарқшунослик, архитектура йўналишларига алоҳида эътибор қаратиш, Қоҳира университети факультетларининг қатор муҳим мутахассисликлари бўйича магистратура бўлимида профессор-ўқитувчилар, талабалар учун жой ажратишга келишилди.
Муҳаммад Сами Абдул-Содиқ олий ўқув юрти тарихи, университет ҳузуридаги институтлар, факультетлар, ушбу таълим муассасасида ўқиётган мисрлик ва чет эллик талабалар сони ҳақида батафсил маълумот берди.
Дарвоқе, Коҳира университети “Times” нашри 2024 йил ноябрда эълон қилган рейтингда 92 мамлакат, хусусан минтақадаги 749 университет орасида 39-ўринни эгаллади.
Ўз навбатида, элчимиз Ўзбекистон олий ўқув юртлари Миср билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
ЎзА
Жорий йил, 18 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Қатар вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Қатар алоқалари ривожланаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, олий даражада имзоланган ҳужжатлар ҳамкорликнинг жадал тараққий этишида муҳим омил экани таъкидланди.
Мартабали меҳмонга юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, эътиқод эркинлиги йўналишидаги янгиланишлар ва кўп миллатли халқимиз учун тақдим этилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, «Вақф» хайрия жамоат фонди, илмий-тадқиқот марказлари, масжид-мадрасалар, Фатво маркази, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари делегацияда катта қизиқиш уйғотди.
Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним Ўзбекистонга илк ташрифидан мамнун экани, бу замин дунё тамаддуни марказларидан бири экани, улуғ мутафаккирларимиз башарият тараққиётига катта ҳисса қўшгани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар бутун оламга машҳур эканини эътироф этди.
Учрашувда диний соҳа ходимлари малакасини ошириш, илмий-тадқиқот, таълим-тарбия ва зиёрат туризми йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилиб, осори-атиқаларни сақлаш, илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва ислом маърифатини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган тарихий ишларни юқори баҳолади.
Шунингдек, мартабали меҳмонлар Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ҳам бўлиб, олий маъҳад фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Ҳазрати Имом” масжидида ўқилган жума намозидан сўнг икки давлат ҳамкорлиги янада тараққий этиши, дин йўлида қилинаётган хизматлар бардавом бўлишини тилаб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати