Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Мазҳаб – бу умматдир

25.11.2024   10293   4 min.
Мазҳаб – бу умматдир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мазҳаб – бу умматдир. Уммат эса кўпчилик уламолардан ташкил топган. Бу уламолар ижтиҳод қилишади, таҳқиқ қилишади. Масала бир эмас, кўпчилик томонидан илмий таҳқиқ қилинади. Умматда саноқсиз уламолар бор, саноқсиз китоблар бор. Уламолар қайта-қайта ўзаро баҳслар қилиб, «Фалон масала тўғри», деб хулоса қилишади.

Натижада мукаммал даражада маъсум бўлмасак-да, кучли ишонч ила тўғри йўлда бўламиз. «Маъсум бўлмасак-да», деганимнинг сабаби шуки, биз ҳанафийлар «Сўзимиз юз фоиз тўғри», деб даъво қилмаймиз. Тўқсон саккиз-тўқсон тўққиз фоиз тўғри бўлиши мумкин, хато қилиш эҳтимоли бор. Токи шофеъий мазҳабига ҳам йўл қолсин. Аммо биз бу қадар катта нисбатга фақат Абу Ҳанифанинг ижтиҳоди билан эмас, балки илм ижтиҳоди билан эришдик, катта миқдордаги, жуда кўп уламолар воситасида эришдик. Уламолар масалаларни диққат билан ўрганиб, таҳқиқ қилишади. Шунинг учун бир масалада турли ўлкаларда авлоддан авлодга маълум бир фатвога кўра амал қилиб келинади. Барча уламолар мана шу масалага мувофиқ келади. Натижада суянишнинг энг олий чегарасига чиқиб борилади.

Бу суяниш ниҳоятда қувватли бўлади, иймон келтирадиган даражада аниқ бўлмаса-да, шунга яқин келади. Аҳли суннанинг ўзига хос хусусияти мана шудир. Нима учун бу фиқҳ залолатдаги фиқҳ бўлмайди? Чунки унда хато бўлиш эҳтимоли жуда кам, чунки ундаги ижтиҳод бир кишига тегишли эмаски, унинг аксари хато бўлса... Балки бу нарса илмий мактаб ижтиҳодига, қарорига айланди. Бундай илмий мактабда эса хато қилиш эҳтимоли жуда кам бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг динини илмий мактабларнинг мана шундай тартибли илмлари орқали муҳофаза қилди.

Акс ҳолда Аллоҳ таоло Ўзининг динини Зайд, Амр ёки Юсуфнинг қўлида, яъни бир ёки бир неча кишининг қўлида муҳофаза қилган бўлиб қолар эди. Бу гапга ақл бовар қиладими? Йўқ. Аллоҳ таоло Ўзининг динини кучли, асосли, жуда кўп уламоларни ўз ичига олган қатъий, собит илмлар орқали муҳофаза қилади.

Масалага енгил, юзаки қарайдиган, мутаассиб мактаблар наздидагина мўътабар бўлган Фалончи ёки Пистончининг фатво бериши билан улуғ уламоларнинг ижтиҳоди ва қарорлари орасида қанчалар фарқ бор!

Қуръон ва Суннатни англашни, фаҳмлашни якка шахсларга топшириб қўйиш мумкинми? Йўқ. Қуръон ва Суннатни англашни илмий мактабдан ҳосил бўлган илмларгагина ҳавола қилиш мумкин.

Аҳли суннанинг наздида Қуръон ва Суннатнинг қадрини кўряпсизми?

Аҳли сунна Аллоҳнинг Каломи ва Расулининг Суннатини англаш йўлида дунёдаги энг буюк илмни сафарбар қилишди. Тўрт мазҳабнинг илми дунёдаги энг кенг илмдир. Бу илм сон-саноқсиз уламоларни қамраб олган. Уларнинг вазифаси – Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ирода қилган нарсани баён қилиб беришдир. Ақоид борасида Аллоҳ ва Расулининг иродасини очиқлаб берадиган мустаҳкам илмлар ишлаб чиқилди. Одоб-ахлоқ борасида ҳам шундай бўлди.

Биз тўғри, нотўғри эмас, балки қатъиян ҳақ, деяётган бу мактаб қаерда-ю, залолат мактаби – енгиллик ва мутаассиблик мактаблари қаерда?!

Ҳақ мактаб Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини ҳурмат қилди. Уни англаш учун керакли барча илмларни ишлаб чиқди. Бу мактабда инсоният тарихидаги энг афзал, энг улуғ уламолар фаолият кўрсатдилар. Улар Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатини оламда тенги йўқ илмлар, қоида ва усуллар орқали тафсир қилишди. Бу дунёда фиқҳ қоидаларининг ўхшаши йўқ! Бирон киши уларнинг мақомию ҳисобига ета олмайди. Саҳобалар ҳам, тобеъинлар ҳам барча саъй-ҳаракатларини Аллоҳ ва Расулининг муродига бағишлашди. Шу боис барча илмлар ўз қоидаларига эга бўлиб, мустаҳкам қарор топди. Бизда – Урдунда «Ким қонунларни ўрганмоқчи бўлса, усулул-фиқҳни ўргансин», деган гап бор. Усулул-фиқҳ (фиқҳ қоидалари)ни билсангиз, қонунларни ҳам яхши тушунасиз.

Қонунлар ишлаб чиқилган, лекин ўзларида усул йўқ, шунинг учун усулул-фиқҳни ўрганишга мажбур бўлишади, шунда уларни яхши тушунишади. Тасаввур қилинг, қанча-қанча қоидалар ишлаб чиқилган! Буларнинг барчаси усулдандир.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ота-онани ҳурматлаш одоблари

08.08.2026   7742   1 min.
Ота-онани ҳурматлаш одоблари

Ота-онанинг розилигини олишга интилиш фазилати барча фазилатларнинг негизи, борлиқдаги ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларнинг келиб чиқадиган асосидир.

Ота-оналар, бола тарбияси билан шуғулланаётган тарбиячилар фарзандларга қуйидаги одатларни сингдиришлари мақсадга мувофиқ: 
 

Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).

Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws