Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди", деганларини эшитдим, деган эканлар".
Абу Довуд ва Термизий ривояти
Тадбирда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирок этиб, ёш диний соҳа ходимлари билан самимий мулоқот ўтказди.
Суҳбат давомида мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ва улардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ёш имомларга қуйидаги йўналишларда муҳим тавсиялар берилди:
Аҳоли ва жамоатчилик билан мулоқот маданиятини юксалтириш;
Таъсирчан ва мазмунли маърузалар тайёрлаш ҳамда воизлик одобига риоя қилиш;
Масжидлар фаолиятини замон талаблари даражасида тўғри ташкил этиш.
Мулоқотда ёш диний соҳа вакилларининг жамиятда тутган ўрни, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик, соф маърифат ва эзгулик руҳида тарбиялашдаги масъулияти юқори экани таъкидланди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Тадбир якунида ёш мутахассислар вилоят вакиллиги ва соҳа мутасаддиларининг иш жараёни билан яқиндан танишдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати