Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди", деганларини эшитдим, деган эканлар".
Абу Довуд ва Термизий ривояти
Тадбирни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов очиб бериб, мазкур беллашув диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасидаги жамоавий ҳамжиҳатликни оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан жамланган жамоалар қизғин ва муросасиз баҳслар олиб борди. Иштирокчилар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, шунингдек, мамлакатимиз қонунчилиги ва миллий қадриятларга оид саволлар орқали ўзларининг интеллектуал салоҳияти ҳамда тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, энг билимдон жамоалар ғолибликни қўлга киритди:
1-ўрин — Жалақудуқ тумани;
2-ўрин — Қўрғонтепа тумани;
3-ўрин — Хўжаобод тумани.
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Илм-маърифат йўлида беллашган барча иштирокчиларни муборакбод этиб, уларнинг келгуси хайрли фаолиятларида Аллоҳ таолодан барака ва зафарлар тилаймиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати