Давлатимиз раҳбари томонидан бошланган “Яшил белбоғ” барпо этиш лойиҳаси юртимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилиб, майдонларда дарахт ва бута кўчатлари экилмоқда.
Бугун эрта тонгдан Самарқанд вилоят вакиллиги ташаббуси билан Ургут туманидаги “Хўжа Убайдулло” жоме масжиди ҳудудининг 50 сотох майдонда вилоятимиздаги барча туман ва шаҳар бош имом-хатиблари ва тумандаги имом-хатиблар, нуронийлар, фаоллар ва ёшлар жам бўлишиб, “Яшил” белбоғ яратиш мақсадида мевали дарахт кўчатлари экиш тадбири бўлиб ўтди.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради.
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кириш баробарида у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмай, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келганча ҳаракат қилайлик!
Sammuslim.uz
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати