Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Валид ибн Абдулмалик

27.11.2024   12762   14 min.
Валид ибн Абдулмалик

Валид ибн Абдулмалик
(халифалик даври: ҳижрий 86–96; милодий 705–714)

Тўлиқ исми: Валид ибн Абдулмалик ибн Марвон. У роҳат-фароғатда ўсди. Тил илмида заиф эди. Халифаликни отасидан кейин, отасининг аҳдига биноан эгаллади.


Валид ибн Абдулмалик амалга оширган энг муҳим ишлар

Валид ибн Абдулмалик халифалик ишини Дамашқдаги катта жомеъ масжидни бино қилиш билан бошлади. У бу ишни халифа бўлганида бошлаб, халифалик даври тугаганида охирига етказди. Бу иш ўн йил давом этди. Мазкур катта жомеъ масжид фан ва маданиятнинг буюк нишонасига айланди.

Шу ўринада Буюк Британияда Жон Фозергил (John Fothergill) суратга олган «Шарқ ва Ғарб» деб номланган етти бўлимдан иборат фильмнинг тўртинчи қисмидан олинган иқтибосни эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.

«Дамашқ. Шом. Умавийлар масжидидан мўминларни намозга чорлаб азон айтилмоқда. Кундалик ибодатлар вақтини белгиловчи бу анъана 1400 йилдан буён давом этиб келмоқда. Ушбу чорловга дунёнинг энг буюк динларидан бири бўлмиш Ислом аҳли «лаббай» деб жавоб беради. Бу жавоб ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатининг абадий барҳаётлигини тасдиқлайди. Айни пайтда бу Исломдаги бошқа бир таълимотнинг – кашфиёт ва илмий тадқиқотларга интилиш, илмга бўлган чанқоқлик анъанасининг ҳам тасдиғидир.

Бу – ўрта аср Исломининг тамаддун тарихига қўшган, бироқ унутилган улкан ҳиссаси ҳақидаги ҳикоядир. Европа тарихининг зулматга чўмилган даврида мусулмонлар борлиқ ҳақидаги тушунчаларни умумлаштирдилар, таълим муассасаларига асос солдилар ва замонавий илм-фан пойдеворини қурдилар...

Яқин Шарқда зулмат асрлари бўлмаган. Римликлар бу ерда узоқ тамаддунлар тарихининг кичик бир нуқтаси, холос. Шарқий Рим империяси ўз ўрнини араб саҳросидан келган янги кучга бўшатиб берган.

Фотиҳлар ўзлари билан янги динни – Ислом динини олиб келишди. Халифалар бир аср мобайнида Дамашқда Қадимий Римдан афзал бўлган салтанат ҳукмдорларига айланишди. Янги Ислом дунёсининг ҳудуди Ҳиндистондан Испаниянинг ғарбий соҳилларигача етиб борди. Римга бостириб кирган қабилалардан фарқли ўлароқ бу фотиҳларни жоҳил варварлар деб аташ мумкин эмас эди. Дамашқда ҳатто бинолар ҳам, бор маданиятни вайрон қилиш эмас, балки тараққиётни ўз олдига мақсад қилиб қўйган давлатнинг тарихидан ажиб ҳикоялар сўзлайди.

706 йилда араб дунёсидаги энг биринчи ва энг катта масжид қурилиши бошланди. У дунёдаги энг кўҳна қадамжолардан бирига айланган бино эди. Уч минг йил муқаддам бу ерда Ҳаддод номли илоҳга сиғиниб, унга атаб қурбонликлар қилишарди. I асрда бу ерда Дамашқ Юпитерининг улкан эҳроми турарди. IV асрда у Юҳанно Маъмадоннинг (Чўқинтирувчи Иоанн) мақбарасига айлантирилди. VIII асрга келиб эса бу ерда Ислом халифалигининг энг катта масжиди қурилди.

Умавийлар масжиди Ислом тамаддун тарихининг таркибий қисми эканидан далолат беради. Янги мозаикалар ва миноралар насроний усталар томонидан эски базилика ва мажусийлар эҳромига монанд қилиб қурилган эди.

Атрофимиздаги меъморчилик обидалари халифаларнинг бу ердаги қадимий нарсаларни бузмаганини, балки улар асосида янада гўзал ва бетакрор иморатлар қурганини исботлайди. Улар илм-маърифат соҳасида ҳам ана шундай камолот сари интилар эдилар.

Ушбу дин мозийдаги билимларни эҳтиром қилиш ва уларни ривожлантириш учун ўз асосларига эгадир. Мусулмонлар ҳар куни муайян вақтларда беш маҳал намоз ўқиб, ибодат қиладилар. Шунинг учун бу дин ўзининг илк кунлариданоқ вақтни аниқ ҳисоблаш жуда муҳим аҳамиятга эга эканини исбот этган...» (Иқтибос тугади)

Биринчи шифохона умавийлар сулоласининг вакили Валид ибн Абдулмалик даврида, милодий 707 йилда қурилган. Унинг барча сарф-харажатлари давлат ҳисобидан бўлган. Беморлар бепул озиқ-овқат билан таъминланганлар.

Шунингдек, Валид ибн Абдулмалик Қуддуси шарифдаги харсангтош устига қубба қурдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтирди. У жуда кўп таъмир ва меъморчилик ишларини амалга оширди.

 

Валид ибн Абдулмалик давридаги вазият

Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Ислом оламидаги барча вилоятларда сокинлик, кенгчилик, фаровонлик, тинчлик-омонлик ва барқарорлик ҳукм сурди. Хаворижларнинг ишлари заифликка юз тутди. Бу даврда жиддий салбий ҳаракатлар бўлмади.


Фатҳлар

Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида жуда катта ва улуғ фатҳлар амалга оширилди. Фатҳ ишлари ҳар тарафга кенгайиб борди, шарқу ғарб, Андалус, Франция ерларида фатҳлар бўлди.


Fарбий жабҳа

Рум юртларида қўмондон Маслама ибн Абдулмалик Анқарагача етиб борди. Ҳижрий 89 (милодий 708) йилда Ҳирақла (Ираклия) номли жойни ҳам фатҳ қилди. Мусулмонлар Қустантиния кўрфазига етиб боришди. Озарбойжонни ҳам фатҳ қилишга уринишди. У ерликлар аҳдларида турмайдиган аҳоли бўлиб чиқди. Ҳижрий 93 (милодий 712) йилда бу жойларда фатҳ ишлари ва ғазотлар кўпайди.

Ҳижрий 89 (милодий 708) йилда мусулмонлар Ўрта ер денгизида Сиқиллия (Сицилия) ва Мийруқа оролларини фатҳ қилдилар. Африкада эса Мусо ибн Нусайр ўзининг фатҳларини яна ҳам мустаҳкамлади, барбарлар орасида Ислом динини тарқатишда кўпгина ишларни амалга оширди.

 

Андалуснинг фатҳ қилиниши

Қўмондон Мусо ибн Нусайр бўғоздан кечиб ўтиб, Европа юртларида Исломни тарқатишга, у ерларни ҳам Ислом давлати қаторига қўшишга аҳд қилди. У ўзининг барбар миллатига мансуб лашкарбошиси Ториқ ибн Зиёдни денгиздан ўтиб, Андалусга бориш учун юборди. Ривоят қилишларича, Ториқ ибн Зиёд бўғоздан ўтиб бўлгандан кейин аскарлари орқага қайтиш ёки қочишни ҳаёлларига ҳам келтирмасликлари учун ўзлари миниб ўтган барча кемаларни ёндириб юборган ва машҳур маърузасини сўзлаган. Унда: «Эй одамлар, қочар ер қайда, орқангизда (душман мисоли) денгиз, олдингизда (денгиздек) душман бор. Сизларга энди садоқат ва сабр-матонатдан бошқа ҳеч нарса қолмади», деган.

У кўп урушларда қатнашди ва Ислом динини тарқатишга ҳаракат қилди. Ҳижрий 92 (милодий 711) йилда эса Ан¬далусни фатҳ қилди.

Ториқ ва Мусо Жабали Баронисгача етиб бориб, у ергача бўлган барча минтақаларни Ислом давлати ҳудудига қўшишга муваффақ бўлишди.

Испанияда авваллари Голлдан келган кельтлар ҳамда келиб чиқиши унчалик маълум бўлмаган ибер ва лигур номли халқлар истиқомат қилиб келарди. Кейинчалик ушбу ерлар финикияликлар, юнонликлар ва карфагенликларнинг мустамлакасига айлантирилди. Иккинчи пунликлар[1]  урушидан кейин ҳудуд римликлар қўлига ўтди. Улар Испанияда V асргача ҳукмронлик қилишди. Худди Рим каби Испания ҳам инқирозга учраши керак эди. Шимолдан келган вандаллар, аленлар, суевлар ва бошқа шу каби олмон қабилалари Голлни вайрон қилгандан сўнг мамлакатга бостириб киришди. Аммо улар ҳам кейин келган истилочилар – визиготлар томонидан мағлубиятга учрадилар. Булар Испанияни VIII асрда забт этиб, то мусулмонлар келгунича тўлақонли ҳукмдор бўлиб турдилар. Ижтимоий табақаланиш, доимий можаролар, ўзаро жанжаллар, ҳарбий нўноқлик, ерга ишлов бериш нафақат асосий машғулоти, балки миллий хусусияти бўлган қишлоқ аҳолисининг лоқайдлиги – мусулмонлар келишидан олдин визиготлар ҳукмронлигининг хусусиятлари шулардан иборат эди. Давлатни ичдан бузаётган рақобат шу даражада кучли эдики, ҳатто ўша даврнинг икки обрўли шахси – граф Юлиан ва Севилья епископи фотиҳлар келишини маъқулладилар.

Мазкур фатҳ эса Арабистондан то Атлантика океанигача довюрак ва қўрқмас амир Ториқ ибн Зиёд бошчилигида бутун Шимолий Африкани шиддат билан босиб ўтган мусулмонлар милодий 711 йилда Шимолий Африкани Европадан ажратиб турувчи бўғозни кесиб ўтиб, Испаниянинг жанубига келиб тушганларида бошланди. Ўша пайтдан буён ушбу бўғоз афсонавий амирнинг исми билан, яъни «Гибралтар» дея аталиб келмоқда. Бу араб тилидаги «Жабалу Ториқ»«Ториқ тоғи» иборасининг бузилган шаклидир.

Барбарлар Африкасини фатҳ этиш учун араблар эллик йил сарфладилар, насронийлар Испаниясини забт этиш учун эса бир неча ой кифоя қилди. Илк йирик жанг готтлар қироллигининг тақдирини ҳал этди. Бу жангда Севилья епископи мусулмонлар тарафида чиқди. Қирол ҳам, Испаниянинг ўзи ҳам бир кунда тор-мор қилинди. Мусул¬монлар қўшинининг амири Ториқ ибн Зиёд бундай тезкор ғалабадан таажжубланди. Африкани фатҳ этиш қанчалик узоқ чўзилгани унинг ёдида бўлиб, у европаликларда ҳам худди барбарлардаги каби довюраклик ва мустақилликка интилиш бўлади, деб ўйлаган эди. Ториқ ибн Зиёд йигирма минг аскардан (улардан саккиз минги барбарлар эди) иборат қўшин билан фатҳини давом эттириш учун ушбу мамлакатга кириб келди.

Мамлакат жуда тез суръатлар билан фатҳ қилинди. Фотиҳлар олдида энг йирик шаҳарлар ўз дарвозаларини очар эди. Кордоба, Малага, Гренада, Толедо ва бошқалар деярли қаршиликсиз таслим бўлдилар. Насронийлар пойтахти бўлмиш Толедода араблар йигирма беш нафар готтларнинг қиролларига тегишли тожларни топдилар.

Фотиҳларнинг Испания аҳолисига бўлган муносабати барча фатҳ этилган мамлакатларнинг халқларига бўлган муносабат каби одилона эди. Мусулмонлар маҳаллий аҳолига уларнинг мулкларини, черковларини, қонунларини, ўз ҳакамлари томонидан ҳукм қилиниш ҳуқуқини қолдирдилар. Уларга фақат жизя тўлашни шарт қилиб қўйдилар. Жизя йиллик солиқ бўлиб, зодагонлар учун 15 франк (бир динордан ортиқроқ), оддий халқ учун эса ярим динор миқдорида белгиланган эди. Мазкур шартлар аҳолига шу даражада енгил туюлган эдики, улар бу шартни ҳеч бир норозиликсиз қабул қилдилар.

Атиги икки йилдан сўнг Испания тўлиқлигича мусулмонларга бўйсунди. Яъни мусулмонлар Иберия яриморолига илк бор 711 йилда келган бўлсалар, 713 йилга келиб уни деярли тўлиқ фатҳ қилдилар. Бу фатҳ асосан тинч йўл билан амалга оширилди. Бунга алоҳида вилоят ва шаҳарларнинг ҳокимлари билан келишув орқали эришилган бўлиб, юқорида айтиб ўтилганидек, улар ўзларини халифанинг фуқаролари сифатида тан олиш эвазига нафақат ўз ерлари ва мулкларини, балки насронийликка эътиқод қилиш ҳуқуқини ҳам сақлаб қолишди. Фотиҳлар диний бағрикенгликлари билан аҳолининг кўп қисмини ўзларига жалб этдилар. Шу ўринда айтиш лозимки, насронийларга мамлакатни қайта забт этиш учун саккиз аср керак бўлди.

Таниқли француз файласуфи, сайёҳ, археолог, табиб ва ижтимоий психология асосчиси Гюстав Лебон (Gustav Le Bon) «Араблар тамаддуни» номли китобида жумладан қуйидаги фикрни билдирган:

«Испанияни забт этганидан сўнг Ториқ Сурияга Голл ва Олмония орқали қайтмоқчи, ортга қайтиш йўлида эса Қустантинияни ҳам фатҳ этиб, бутун «кўҳна дунё»ни[2]  Қуръонга бўйсундирмоқчи эди. Ушбу режани амалга оширишида унга Дамашққа қайтиб келишни буюрган халифа ҳалал берди. Барчаси бошқача бўлиши мумкин эди: бутун Европа Муҳаммаднинг динига кирар ва барча маданиятли халқларнинг диний бирлиги таркиб топар эди. Бу эса, эҳтимол, бутун Европага араблар туфайли баъзи давлатларга номаълум бўлган ўрта асрлар даврини четлаб ўтиш имконини берар эди».

Шу ўринда айтиш керакки, мазкур китоб 1884 йилда нашр этилган бўлиб, у арабларнинг исломий маданияти ҳамда унинг жаҳоннинг бошқа маданиятларига таъсирининг фундаментал тарихий-маданий таҳлилини ўз ичига олган.

Лебоннинг ушбу китобидаги алоҳида урғу бериш лозим бўлган марказий фикрларидан бири қуйидагича: айнан мусулмонлар Европа фани, фалсафаси ва бутун маданий соҳасининг устозлари бўлишган ва бу жараёнда мусулмонларнинг маданияти ёрдамида яримёввойи ўрта асрлар Европаси Уйғониш даврининг маданий асрларига чиқиб олди. Бугунги Европа ўзининг ривожи учун айнан мусулмонлар олдида қарздор. Лебоннинг ёзишича, араблар бошқа халқлар ва маданиятларга ўз маданиятлари кўламида таъсир қилган бўлсалар, Европага улар асосан ўзларининг аниқ фанлар, тарих ва фалсафа каби соҳалардаги илмий ютуқлари билан таъсир кўрсатдилар.

Айтишларича, мусулмонлар фатҳ этилган мамлакатни Нуҳ алайҳиссаломнинг афсонавий авлоди – Андалус ибн Тубалнинг номи билан атаганлар. Ишонарли далилларга эга бўлган ривоятга кўра эса, араблар Мағрибда эканликларида маҳаллий барбарлардан денгиз ортида вандаллар мамлакати (араб тилида «Биладул вандалус») борлигини эшитганлар, чунки вандаллар Гибралтар бўғози орқали Мағрибга ўтиб, жанг қилишган.

Мусулмонлар ҳукмронлигининг илк ўн йилликларидаёқ маҳаллий аҳолининг оммавий равишда Исломга кириши кузатилган. Савдогарлар ва ҳунармандлар, деҳқонлар ва қуллар (жумладан, вестготлар томонидан асир олинган ўзга юртликлар ҳам) Исломни қабул қилар эдилар. Улар учун бу шахсий озодлик, хусусий мулкка эгалик қилиш ва уни эркин тасарруф этиш ҳуқуқини берарди. Шунингдек, кўпгина вестгот зодагонлари ҳам Исломни қабул қилишарди. Улардан энг машҳурлари Бану Қаси – Сарагоса ҳокимлари сулоласи бўлиб, улар 880–917 йилларда Андалуснинг жануби-шарқида мустақил исёнкор қироллик тузишган.

Кейинги мавзулар:
Шарқий жабҳа;
Турк юртлари.


[1] Иккинчи пунлар уруши – шунингдек, «Ганнибалга қарши уруш» деб ҳам номланган (римликлар томонидан), Карфаген ва Рим ўртасидаги Ўрта ер денгизи ҳудудида ҳукмронлик учун олиб борилган уруш. Римликлар карфагенликларни пунлар (Poeni) деб атаганлари учун шундай номланади.
[2] Кўҳна дунё – яъни Европа

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро нуфузи яна бир бор юксак эътироф этилди

07.08.2026   80141   4 min.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро нуфузи яна бир бор юксак эътироф этилди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази номига хорижий давлатлар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ҳамда халқаро анжуманлар иштирокчилари томонидан йўлланаётган миннатдорлик ва ҳамкорлик мактублари Марказнинг халқаро майдондаги юксак нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат бермоқда.

Хусусан, Малайзия Қироличаси Ража Зарит София Зоти Олиялари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов номига йўллаган миннатдорлик мактубида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида кўрсатилган юксак меҳмондўстлик ва самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирган. Шунингдек, Қиролича Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф унда унутилмас таассурот қолдирганини таъкидлаб, Марказ экспозициялари Марказий Осиёнинг бой тарихи, маданий мероси ҳамда Ислом цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларнинг илмий-маънавий меросини замонавий музей ечимлари орқали кенг ва таъсирчан тарзда намоён этаётганини юқори баҳолаган. Айниқса, Қуръон залидаги маънавий муҳит ва ноёб мерос намуналари унда катта ҳурмат ва ҳайрат туйғуларини уйғотгани қайд этилган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда 2026 йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми юксак халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда. Форум якунларидан сўнг нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ва жамоат арбоблари томонидан миннатдорлик ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришга оид қатор мактублар келиб тушди.

Малайзия Халқаро Ислом университети (International Islamic University Malaysia – IIUM) ҳузуридаги Office of Strategic Institution Transformation раҳбари, профессор Шукрон бин Абд Раҳмон ўз мактубида I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг халқаро аҳамиятига алоҳида тўхталган. Унинг қайд этишича, 40 дан ортиқ мамлакатдан олимлар, давлат арбоблари ва халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирган мазкур анжуман ислом цивилизациясининг тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини тарғиб этиш, давлатлар ўртасидаги илмий мулоқот ва академик ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутди. Шунингдек, форумнинг юқори савияда ташкил этилгани, иштирокчилар учун яратилган шароитлар ҳамда Ўзбекистоннинг бой илмий ва маънавий мероси халқаро жамоатчиликка муносиб тарзда намоён этилгани эътироф этилди.

Россиянинг “Россия – Ислом дунёси” стратегик қараш гуруҳи томонидан юборилган икки алоҳида мактубда ҳам Форум ва Марказ фаолиятига юксак баҳо берилди. Хусусан, мазкур мактубларда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши XXI аср ислом оламидаги энг йирик гуманитар ва маданий-маърифий лойиҳалардан бири сифатида баҳоланиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббусни амалга оширишдаги етакчи ўрни ва Марказни илм-фан, тинчлик, маърифат, гуманизм ҳамда бунёдкорлик маскани сифатида шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилган.

Шу билан бирга, Марказнинг келгусида дунё олимлари, тадқиқотчилари ва талабалари учун нуфузли илмий-маърифий марказга айланишига ишонч билдирилиб, музейшунослик, тарих, археология, таълим, китобшунослик ва нашриётчилик соҳаларида қўшма илмий ва маданий лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилган.

Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Маданият вазирлиги Бош котиби профессор Нидал Ал-Аҳмад ҳам ўз мактубида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми юксак савияда ташкил этилганини таъкидлаб, анжуман Ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини халқаро майдонда яна бир бор намоён этганини қайд этган. Шунингдек, турли мамлакатлардан ташриф буюрган олимлар, давлат ва дин арбобларини бир майдонга жамлаган мазкур форум тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини илгари суришга хизмат қилувчи муҳим халқаро мулоқот платформасига айлангани таъкидланган.

Марказнинг халқаро майдондаги фаолиятига билдирилаётган юксак ишончнинг яна бир амалий ифодаси сифатида ICESCO нинг Боку шаҳридаги минтақавий офиси томонидан Марказ раҳбариятига 2026 йил 27–28 июль кунлари бўлиб ўтган Global Foresight Focal Points Initiative халқаро тадбирида иштирок этиш учун расмий таклифнома юборилди. Таклифда ICESCOга аъзо давлатларда стратегик прогнозлаш, давлат бошқарувида инновацион ёндашувларни жорий этиш ва келажакни режалаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилган.

Хорижий давлатлар раҳбарлари, нуфузли олимлар ва халқаро ташкилотлар томонидан билдирилган мазкур эътирофлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қисқа вақт ичида халқаро илмий-маърифий ҳамкорликнинг муҳим платформаларидан бирига айланганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса Марказ томонидан ислом цивилизациясининг бой илмий ва маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро даражада юксак баҳоланаётганининг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари