Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга Етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига Етувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир” (Талоқ, 3).
Ушбу оятда, агар бандалар Аллоҳга таваккул қилсалар, У Зот уларнинг ишлари мукаммал бўлиши учун кафил бўлиши, таваккул қилганлар учун Аллоҳ кифоя экани, У Зот хоҳлаган ишини бажара олиши ва ҳар бир нарсани ўта аниқ қилиб белгилаб қўйгани айтилмоқда.
Таваккулнинг асл маъноси “ўзини Аллоҳга топшириш”дир. Ғаззолий таваккулни: “Қалбнинг Ёлғиз Вакил – Аллоҳга суянишидан иборатдир”, деб тушунтирган.
Аллома Муновий эса: “Таваккул банданинг ожиз эканини изҳор қилиб, таваккул қилинадиган Зотга ишонишидир”, деган.
Тасаввуф аҳлининг наздида таваккул “одамлар қўлидаги нарсага суянмасдан, фақат Аллоҳ даргоҳидаги нарсага ишониш”дир. Мулла Али Қори Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилишни қуйидагича тушунтиради: “Таваккул борлиқда Аллоҳдан бошқа амалга оширувчи зот йўқ экани, яратиш ва ризқ бериш, ато қилиш ва ман этиш, зарар ва фойда, камбағаллик ва бойлик, касаллик ва саломатлик, ўлим ва ҳаёт ҳамда бошқа барча нарсалар Аллоҳ таолодан эканига ҳеч шубҳасиз аниқ ишонишдир” (“Мирқотул мафотийҳ”).
Таваккул қалб ишидир. Унда қалб бутунлай Аллоҳга топширилади. Ишларнинг оқибати У Зотга ҳавола қилинади. Айниқса, ризқ топишда таваккулнинг аҳамияти беқиёсдир. Ризқ талабидаги таваккул “ризқни фақат Аллоҳ беришига аниқ ишонган ҳолда ўша ризқ келадиган сабабларни ҳаракатга келтириш”дир.
– Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда эди, худди қорни оч ҳолда кетиб, тўйган ҳолда қайтиб келадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз!” (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда ризқ топишдаги таваккулнинг асл моҳияти очиқ-ойдин ифодаланмоқда.
Яъни: агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига имон келтириб, У Зот ризқ бериши, хоҳлаган махлуқотига бериб, хоҳлаганидан ман қилишига ишонган ҳолда чиройли суратда ва ҳалол йўл билан ризқ талабида бўлганларингизда, худди эрталаб қорни оч ҳолда чиқиб, кечаси тўқ бўлиб қайтадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз.
Бу ерда бандалар ризқ топишда доим ҳам Аллоҳга таваккул қилишни ўрнига қўя олмасликлари айтилиб, таваккулнинг фойдасини тушунтириш учун қушни мисол қилиб келтирилмоқда.
Ҳақиқатан, қушларнинг ҳолатига ибрат назари билан қарасак, бунинг асл ҳақиқатини англаб етамиз. Эрта тонгда ризқ талабида йўлга чиққан қушларнинг қорни оч бўлади. Шу билан бирга уларнинг олдиндан тайёрлаб қўйган ризқ манбалари ҳам, кўз остига олиб қўйган ўлжалари ҳам, захиралари ҳам бўлмайди. Лекин уларда ҳаракат ва ризқ топишга ишонч бўлади. Демак, бандалар ҳам Аллоҳга таваккул қилишни ўрнига қўя билсалар, ўзлари ўйламаган ва хаёлларига келмаган томондан ризқланар эканлар.
Одатда, инсон эртанги ва ундан кейинги кунларда истеъмол қиладиган нарсаларини олдиндан тайёрлаб қўяди. Бу ҳаолатни яна чумоли ва сичқонларда ҳам кўриш мумкин. Лекин инсон Аллоҳга ҳақиқий таваккул қила олганида, эрталаб турганида ейишга ҳеч нарсаси бўлмаган тақдирда ҳам, Аллоҳ уни муносиб тарзда ризқлантирган бўлар эди.
Ушбу ҳадиснинг яна бир диққатга молик жиҳати бор. Бу ҳам бўлса, таваккул ва ҳаракат масаласидир. Аслида касб инсонни ризқлантирмайди, Аллоҳ ризқлантиради. Аммо таваккул ва ҳаракат бирлашсагина кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Зеро, ҳадисда бизлар учун мисол қилиб келтирилаётган қуш ҳам ҳаракат ва интилиш билан қорин тўйғазади. Шу маънода Аҳмад айтади: “Ушбу ҳадис касбни тарк қилишга эмас, балки ризқ талабида ҳаракат қилишга тарғиб қилади. Агар бандалар ҳар бир ҳолатда – юрганда, турганда ва бошқа тасарруфларида Аллоҳга таваккул қилиб, барча яхшилик фақат У Зотнинг қўлида эканини билганларида эди, худди қушлар каби саломат ҳолда ризқлантирилган ҳолда қайтган бўлар эдилар. Аммо инсоннинг ўз заҳираси ва касбига суяниши таваккулга зид эмас”. Абу Бакр Варроқ айтади: “Аллоҳ бандалари ризқини таъминлаб қўйган. Энди бандалари ҳам Аллоҳга таваккулни таъмин этишлари лозим”.
Шайх Абу Ҳомид бундай деган: “Кишилар таваккулни бадан билан касбни ва қалб билан тадбир қилишни тарк қилиб, худди отиб юборилган эски латтага ўхшаб ерга ётиб олиш, деб ўйлашлари мумкин. Бу жоҳилларнинг фикридир! Бу шариатга хилофдир. Шариатда таваккул қилувчилар мақталади. Энди Шариат қайтарган нарсадан қайтмай туриб, қандай қилиб юксак мақомга эришиш мумкин? Балки ҳақиқат шуки, банданинг қалби билан қилган таваккулининг таъсири унинг мақсадга эришишдаги ҳаракати, интилиши ва амалларида кўринади”.
Имом Абулқосим Қушайрий айтади: “Билгинки, таваккулнинг ўрни қалбдир. Бас, банда ризқ Аллоҳдан эканини билганидан сўнг қалби билан таваккул қилгач, бадани билан ҳаракат қилиши бир-бирига қарши эмас. Агар бирон нарса қийинлашса, бас, Аллоҳнинг тақдири биландир. Агар бирон нарса енгиллашса, У Зотнинг енгиллатиши биландир”.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Туямни боғлаб таваккул қилайми ёки қўйиб юбориб сўнг таваккул қилайми?” деб сўраганида, у зот: “Уни боғлагин-да, сўнг таваккул қилгин!” деб айтганлар (Шу маънодаги ҳадисни Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Қузоъийлар ривоят қилишган).
– Муовия ибн Қурра айтади: “Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу бир қавм олдидан ўта туриб: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. Улар: “Таваккул қилгувчилармиз”, дейишди. Шунда (Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу): “Сизлар таъаккул қилувчисизлар (яъни, тайёр нарсани еб ётувчи текинхўрсизлар). Зеро,(Аллоҳга) таваккул қилган киши, аввал ерга уруғ сепади, сўнгра Раббига таваккул қилади”, деди” (Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да ривоят қилган).
Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да келтирган бошқа ривоятда Умар ибн Хаттоб Яманлик кишиларни учратгани айтилган. Ўша қавм сабабларни ахтармай, ҳаракат қилмай, бизга ризқни Аллоҳнинг Ўзи беради, деб эътиқод қилганларини кўриб, уларни “текинхўрлар”, деб атамоқда ва шундан сўнг ҳақиқий таваккул қандай бўлишини таълим бермоқда.
“Жомеъул ъулуми ва ҳикам” асарида бундай дейилган: “Билгинки, таваккулнинг самараси қазога (тақдирга) рози бўлишдир. Кимки ишларини Аллоҳга топшириб, У Зот ҳукм қилган, хоҳлаган нарсага рози бўлса, Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилган бўлади. Шу сабаб ҳам Ҳасан Басрий, Фузайл ибн Иёз ва бошқалар Аллоҳга таваккул қилишни У Зотнинг қазои қадарига рози бўлишдир, деб изоҳлашган”.
Ибн Абу Дунё айтади: “Менга баъзи ҳакимларнинг шундай деганлари етиб келди: таваккул уч даражага бўлинади. Биринчиси – шикоятни тарк этиш. Иккинчиси – розилик. Учинчиси муҳаббатдир. Шикоятни тарк этиш сабр даражаси. Розилик Аллоҳ тақсим қилган ризқ билан қалбнинг сокин бўлишидир. Бу аввалгисидан кўра юқорироқ даражага эга. Муҳаббат эса Аллоҳ ўзига нисбатан қилган тадбири туфайли У Зотни яхши кўришдир. Биринчи даража зоҳидларники ва иккинчиси содиқларникидир. Учинчиси пайғамбарларнинг даражасидир”.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мўмин банда ризқ талабида, тирикчилик йўлида бор имкониятларни ишга солиб, Ёлғиз Аллоҳга таваккул қилган ҳолда жидду жаҳд қилиши лозим. Аммо шуни билсинки, у фақат ҳаракат қилгани ва интилгани учунгина ризқланаётгани йўқ. Чунончи, ризқ Аллоҳ таоло тарафидан келишини унутмасин!
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Бир савдогар бой одам ошқозон-ичак касаллигидан азоб чекиб, кўп муолажа олган, бир неча марта жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган эди. Турли хил муолажалардан сўнг ҳам аҳволи ўнгланмади. Бир куни бу ташвишлардан жуда зерикиб кетди ва машинасига ўтириб боши оққан томонга қараб кетди. Йўл-йўлакай, Нил дарёси бўйида жойлашган кичик бир қишлоқча ёнида тўхтади. Узоқдан бир деҳқонни кўриб қолди. Деҳқон эса ерга тўшалган тупроқда ўтириб, бир нима ейиш билан банд эди. Бой одам машинасидан тушиб, деҳқоннинг овқат еяётганини кузата бошлади.
Деҳқон уни кўриб қолиб: "Меҳмон бўлинг, овқатдан енг, чой ичинг!" деб чақирди. Бой одам ўзининг овқат ея олмаслигини тушунтирмоқчи бўлди, аммо деҳқон унинг баҳонасига қарамай, уни таклиф қилишда давом этди. Ахири бой одам ерга тўшалган жойга ўтирди. Унинг олдига овқат тўла патнис қўйилди. Унда бутун помидорлар, бодринг, кўкатлар, салат барги, пиширилган бедана тухумлари, нон ва кўмирда қайнатилган чой бор эди.
Бой одам деҳқонни хафа қилмаслик учун бир дона помидорни олиб оғзига солмоқчи бўлди. Деҳқон унга: "Бисмиллоҳ" деб егин, деди. Бой "бисмиллоҳ"ни айтиб помидорни оғзига солди. Бироқ зум ўтмай қорнида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиб, ерга йиқилди. Деҳқон қўрққанидан оиласи билан уни уйига олиб кириб, ётоқхонага ётқизишди. Бой одам ўзининг дори-дармонларини олиб, оғриқни босишга уриниш билан овора бўлди.
Шу кеча деҳқон уйидаги намозхонада қоим бўлиб, бой одам учун Аллоҳдан шифо сўраб, тинмай дуо қилди. Саҳарга яқин, бой одам деҳқоннинг “Аллоҳим, эчкининг ҳаққи билан!” деб қўлларини дуога очганини кўриб қолди. Ҳайратда қолган бой, деҳқондан сўради: "Бу "эчкининг ҳаққи" нима дегани?".
Деҳқон шундай жавоб берди: "Бу Аллоҳ билан менинг орамдаги бир сир".
Бой одам деҳқондан бу сирни очишни сўради ва ҳоли жонига қўймаганидан кейин деҳқон ҳикоя қила бошлади: "Ёшлигимда ишчи бўлиб ишлардим, олган маошимни тўплаб, уйланиш учун сақлардим. Уйланишим учун менга 100 жунайҳ миқдорида маблағ зарур эди. Бир куни қўшнимнинг қизи икки эгизак бола туғиб, онаси вафот этиб қолди. Қўшнимнинг боши қотган, болаларни эмизадиган она керак. Аммо қишлоқда эса, ўзини боласига қўшиб яна икки болани эмизадиган аёл йўқ. Болаларнинг очликдан йиғлашлари менга эшитилган сари юрак-бағрим эзилиб кетади. Шундан кейин мен тўйим учун йиғиб юрган 35 жунайҳ пулни олиб, бозорга бордим. Болалар учун кийим-кечак ва уй учун керакли буюмлар сотиб олдим ва қўшнимга сездирмай нарсаларни унинг ҳовлисига киритиб қўйдим. Қўшним нарсаларни кўриб хурсанд бўлди, аммо яна бу билан қўшнимнинг муаммоси ҳал бўлмаслигини билар эдим.
Бир кеча тушимда бир шайх келиб: "Қўшнингнинг ҳовлисига эчки боғла", деди.
Эрталаб туриб, қолган пулимга янги болалаган эчки сотиб олдим. Қўшнимнинг ҳовлисига олиб кириб боғладим. Шундан кейин қўшнимнинг уйида болаларнинг чинқираб йиғлаган овози тинди. Қўшним эса ҳар куни “Эчкини олиб келган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” деб дуо қилар эди. Мен учун бу эчки Аллоҳ билан орамдаги бир сир бўлиб қолди. Ҳар қачон шу дуо билан Аллоҳдан сўрасам, Аллоҳ қабул қилади. Бу кеча эчкининг ҳаққи билан сенга шифо сўраб Аллоҳга дуо қилдим. Иншааллоҳ, Аллоҳ сенга шифо беради, деди. Бой одам деҳқоннинг ҳакоясини эшитдию, аммо унга унчалик эътибор қилмади.
Лекин шу воқеадан кейин яна бир марта шифокорнинг ҳузурига таҳлил учун борганида шифокорнинг хулосасини эшитиб ҳайратдан қотиб қолди. Чунки унга бир неча йиллардан бери оғриқ азобини бериб келаётган ошқозон ва ичакларидаги дардидан асар ҳам қолмаган эди.
Бой одам бу гапни эшитгач, шошилганча деҳқоннинг ҳузурига борди ва унинг қўлларини ўпиб миннатдорчилик билдирди ва унга ҳам шундай савобли ишлар қилишни ўргатишини сўради. Деҳқон эса уни қишлоқ бўйлаб олиб юриб, фақир ва муҳтожларнинг уйларини кўрсатди ва ҳар бир фақирнинг уйини олдида бир тўхтаб, унга: "Аллоҳ билан савдо қил!" деди. Бой одам: - Қандай қилиб Аллоҳ билан савдо қилиш мумкин? деб сўради. Шунда деҳқон: "Аллоҳ билан савдо қилишнинг йўллари кўп. Энг муҳими ихлос бўлсин. Шунда бир оғиз ширин сўзинг ҳам садақа ҳисобида бўлади".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ