Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

Қутайба ибн Муслим Мовароуннаҳрда

28.11.2024   8900   13 min.
Қутайба ибн Муслим Мовароуннаҳрда

Шарқий жабҳа
Турк юртлари

Мовароуннаҳрда Қутайба ибн Муслим Бохилий ниҳоятда машҳур бўлди. У ҳижрий 87 (милодий 706) йилда Пойкент шаҳрини фатҳ қилди. Ҳижрий 89 (милодий 709) йилда Суғд юртлари – Насаф ва Кешда фатҳ ишларини олиб борди. Ҳижрий 91 (милодий 710) йилда Бухорони, сўнгра Толиқон, Фарёб ва Балхни фатҳ этди. Ҳижрий 93 (милодий 712) йилда Самарқандни, ҳижрий 94 (милодий 713) йилларда эса Шош ва Фарғона шаҳарларини эгаллаб, Қўқонгача етиб борди. Сўнг Қутайба ҳижрий 94 йилда Қобулни, ҳижрий 96 (милодий 714) йилда эса Қашқар ва шарқий Туркистонни фатҳ қилди. Бу буюк қўмондон ўзининг фатҳларини икки дарё орасидаги Мовароуннаҳр деб аталган жойларнинг барча ҳудудларига тарқатди ва Хитойгача кириб борди. Хитой подшоҳларига жизя солди, шарқ томон юриб кетаётган Қутайба шу ерда тўхтади.

Қутайба жуда катта минтақаларни Ислом ҳукмига бўйсундирди. Мазкур минтақаларнинг майдони 4 миллион км2дан ошиб кетди. Бу минтақалар Кавказ минтақаларидан бошланиб, Каспий денгизининг жанубий томон ёйилган эди. Шимолда Ўрта Осиё, шарқда эса Шарқий Туркистон ерларини фатҳ қилди. Кейин ғарбга қараб Қобул, Афғонистон, Сижистонни бўйсундирди.

Шу ўринда мусулмон фотиҳлар фатҳ ишларини қандай олиб борганларини ҳамма билиб қўйсин деган ниятда Ислом оламининг кўзга кўринган сайтларидан бири – onislam.netда эълон кдлинган «Бу Самарқандда бўлган эди» номли мақола таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мақола муаллифи доктор Ашраф Нажм бундай ёзади: «Айтсам, баъзилар ишонмайди. Лекин бу қисса ҳақиқатда Самарқандда содир бўлган. Уни Ибн Касир, Табарий, Балозурий каби муфассир ва тарихчилар ўз китобларида ёзмасларидан олдин ғайримусулмонлар зикр қилишган.

Ушбу қисса ҳудди «Минг бир кеча»га ўхшаш ҳаёлий қиссага ўхшайди. Аммо бу воқеа ҳақиқат эди. Аллоҳ Мовароуннаҳрни унинг қўли билан фатҳ қилган ноёб қобилиятли мусулмон қўмондон Қутайба ибн Муслим бу сафар нима қилишини билмай, хайрон бўлиб қолди. У яшил яйловларга, чўққили тоғларга ва улкан бойликларга эга Самарқанд остонасида эди. Ҳа, шаҳар аҳли бутпараст эди, лекин унинг шаҳарни ҳимоя этадиган кучли қўшини ва ғалабаларга бой тарихга эга ғозийлари бор эди. Қутайба буни яхши биларди. Лекин нодир қобилиятли Қутайбадек қўмондон хийлалар устаси эди. Жойни атрофлари билан яхшилаб ўрганди. Сўнг қўшинини бир неча бўлакка ажратиб, шаҳарни ўраб турган улкан ва виқорли тоғлар томон юборди. Мусулмонлар душман кўзидан пана пистирмалар қўйдилар. Тонг чоғи шаҳар эшиклари очилиб, деҳқон ва савдогарлар зироатгоҳ ва тижоратгоҳларига чиққан пайтларида мусулмон қўшини улар томон худди селдек йўлидаги ҳамма нарсани оқизиб келиб, бир томчи ҳам қон тўкмасдан, тезликда шаҳар ўртасида учрашди.

Самарқанднинг таслим бўлмасдан иложи қолмаган эди. Шаҳар ҳокими, аъён ва қўмондонлари тоғлар томон қочишди. Одамлар ғозийлардан қўрқиб, уй-уйларига кириб кетишди. Фавқулодда бу ҳолат уларни эсанкиратиб қўйган, мусулмон қўшини эса ҳеч қандай қаршиликка йўлиқмаган эди. Маълум бир фурсат ўтиб, Самарқанд аҳли секин-аста уйларидан чиқиб, ғозийлар билан эҳтиёт ва ҳазир бўлиб муомала қила бошладилар. Кунлар ўтиши билан улар мусулмонларнинг ёмонлик истамасликларини ва уларнинг «янги нав ғозийлар» эканини сеза бошладилар.

Ғозий қўшин кичикларга раҳм қилар, заифларга ёрдам кўрсатар, ёлғиз Илоҳ ибодатига даъват этар, уларда ўғрилик, қароқчилик ва қотилликдан асар ҳам йўқ эди. Балки тинчликни ва тартибни ҳимоя қилишар, тижорат қилганлар уларнинг омонатдорликларига гувоҳ бўлишар, алдов ё ёлғон, зулм ёки хийла ишлатишмас эди. Хуллас, улар юқорида айтганимиздек, «янги нав ғозийлар» эди.

Бир куни бозорда ёш самарқандлик билан мусулмон аскар ўртасида қаттиқ жанжал кўтарилди. Одамлар қўрқинч ва ҳадик билан йиғилишди. Улар ҳозир мусулмон қўшин ҳар томондан етиб келиб, ғозийларга қарши чиқадиганларга ибрат бўлиши учун бу йигитга умр бўйи эсидан чиқмайдиган «дарс» беришига шубҳа қилишмас эди.

Дарҳақиқат, бир қанча аскар етиб келди. Улар бир жойга йиғилиб, жанжалкашларни ўраб олишди. Ҳаммани дахшатга солган ҳолда даъвогарлар ва гувоҳларни қозининг ҳузурига етаклашди. Йиғилганлар бўлиб ўтган иш муҳокама этилишини кутишмаганди. Қози мусулмон аскарни бутпараст йигитнинг ёнига турғизиб қўйиб, ҳодисани яхшилаб, холис ўрганиб чиқди ва мусулмон аскарга қарши ҳукм чиқарди! Ажойиб қисса шундан иборатми? Қўк, бу фақат бошланиши эди.

Хабар шаҳарнинг бўйи-энига ёйилди: «Бу ғозийларнинг одил қозилиги бор экан...» Бу томонда самарқандлик бир йигит қочқин аъён ҳузурида ҳамманинг хайратига сабаб бўлган ҳодисани ҳикоя қиларди. Аъён ҳикоянинг тўғрилигини ўрганганидан кейин ҳали ҳеч ким қилмаган «мажнунона» қарорини берди. Қутайба ибн Муслим устидан амирул мўмининга шикоят аризаси ёзиб, элчи орқали жўнатди. Ёш самарқандлик учқур отга миниб, халифалик маркази – Дамашққа қараб чопди. У хаёлида муваффақияти иложсиз бўлган вазифаси ва тарих унингдекни кўрмаган давлатни бошқараётган, шарқдан Чин, ғарбдан эса Атлантика океанигача бўлган ҳудуд ҳукмдори – амирул мўминин ҳузурига киришдаги машаққатларини ўйлаганича Дамашққа кириб келди.

Мулкида Кисро ва Қайcapдан ўтадиган бу улуғ подшоҳ ҳузурида қандай сўзлайди? У энг кучли қўмондонларидан бири устидан қилинган шикоятни қандай қабул қилади? Ва ниҳоят, давлат душманларидан бўлган ўзига қандай муомала қилади? Бу йигит ҳали амирул мўминин рошид халифаларнинг бешинчиси ҳисобланишини ва дунёни адолатига тўлдирган зот Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг набиралари, зоҳиду обид Умар ибн Абдулазиз эканини билмасди.

Йигитнинг сафари Дамашқнинг оддий маҳаллаларидан бирида, лойдан қилинган эски уй олдида ниҳоясига етди. Унга «Амирул мўмининни шу жойда топасиз», дейишганди, лекин асло бунга ишонмади. Зеро, дунёга молик бўлиб турган одамнинг уйи қандай қилиб бундай жойда бўлсин?! Йигит уйга яқинлашиб келиб қараса, бир киши деворни тузатиб турар, унинг қўли ва кийимлари лой эди. Олдидан ўтаётган ҳар бир киши: «Ассаламу алайкум, эй амирул мўминин», дейиши йигитни саросимага солиб қўйди.

«Дунёни бўйсундириб турган подшоҳ мана шуми? Ажаб иш бўлди-ку!». У шундай ўйлар ичра ҳаёлга шўнғиган пайтда бир аёл боласи билан амирул мўмининдан «Байтул мол»дан берилаётган нафақасини кўпайтиришларини сўраб келиб қолди. Шунда унинг ўғли амирул мўмининнинг боласи ўйнаётган ўйинчоққа талпинди ва унинг қўлидан тортиб олди. Амирул мўмининнинг ўғли ўйинчоғини қайтариб оламан, деган пайтда аёлнинг ўғли уни уриб юборди. Шунда боланинг юзи қонади ва ҳар қандай она каби, амирул мўмининнинг завжалари ҳам боласи томон чопди ва уни бағрига босиб, ярасини боғлади. Кейин ҳалиги аёлга ва унинг боласига бақира кетди.

Халифанинг хотини ким эканини биласизми? У сарой ва подшоҳ тарбияланувчиси, отаси, эри ва иниларининг ҳаммаси мусулмонларнинг буюк халифалари бўлган Фотима бинти Абдулмалик эди. Шунда Умар ибн Абудулазиз қўрқинч чулғаб олган аёлнинг ва боласининг юзига боқдилар. Уларни тинчлантирдилар, сўнг ўз ўғилларидан ўйинчоқни олиб, боланинг қўлига бердилар. Аёлга оладиган нафақасига қўшимча қилиб берилишини буюрдилар. Сўнг ўз ўғилларининг юзидан ўпиб, уни ҳам тинчлантирдилар ва хотинларига қараб: «Меҳрибоним, уни, боласини қўрқитиб юбординг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ким бир мусулмонни қўрқитса, Аллоҳ уни қиёмат куни қўрқитади», дедилар, сўнг деворни тузатишни тўхтатдилар.

Йигит ҳалимлик оғушида эканини ҳис қилиб, амирул мўмининга яқинлашишга журъат этди. Умар ундан нимага келганини сўраганларида, у шундай жавоб қилди: «Ҳўжам, Самарқанд аҳлининг ҳаққини сўрайман. Сизга Қутайба ибн Муслим устидан шикоят қилиб келдим. Биз сизнинг адолатингизни биламиз, инсоф қилишингиздан умидвормиз. Қутайба тўсатдан бизга ҳужум қилди. Биз уч кун душманга муҳлат бериш ва Ислом ёки жизя, ёҳуд уруш ўртасида ихтиёрли қилиш сизнинг одатингиз эканини билардик». Умар: «Бу бизнинг одатимиз эмас, балки у Аллоҳнинг амри ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», дедилар. Шунда йигит: «Қутайба бундай қилмади», деди.

Умар озгина ўйлаб турдилар, сўнг котибни чақириб, бир нималарни ёздирдилар ва муҳр қўйиб, йигитга узатдилар-да: «Буни Самарқанд волийсига бер, Худо хоҳласа, у устингиздан зулмни кўтаради», дедилар. Яна деворни тузатишга қайтдилар.

Самарқанд волийси амирул мўмининнинг хатини очиб, ўқиди. Кейин йигитга: «Амирул мўмининнинг амри бош устига! Сизнинг муаммоингизни ечиш учун қози тайинлашимни буюрибди. Буни тезликда бажараман. Икки кундан кейинга келишамиз. Ўғлим, боргинда, қавмингнинг улуғларини келтир. Биз уларга омонлик берамиз», деди. Сўнг Самарқанд фатҳида Қутайба ибн Муслим билан қатнашган гувоҳни излаб одам жўнатди. Чунки Қутайба ибн Муслим вафот этган эди. Одамлар масжидга йиғилишди. Унда муҳокама бошланди. Мусулмон қози ҳозир бўлди. Эшикбон аъёнлар улуғини чорлади ва уни олдинга ўткизди. Сўнг Қутайба ибн Муслим билан қатнашган гувоҳ чақирилиб, даъвогарнинг ёнига тургизилди. Сўнг қози аъёнга юзланиб, даъвосини арз қилишга амр этди. Аъён: «Қўмондонингиз Қутайба ибн Муслим диёримизга огоҳлантиришсиз кирди. Ҳамма мамлакатларга уч танлов: Ислом ёки жизя, ёки урушни таклиф қилди. Аммо бизни ҳийла билан босиб олди», деди. Қози Қутайбанинг гувоҳига юзланди ва: «Бу шикоятга нима дейсан?» деди.

Қутайбанинг гувоҳи унга жавоб қилди: «Аллоҳ қозини ислоҳ қилсин! Уруш – бу хийладир. Бу мамлакат ўта қудратли бўлиб, фатҳ олдида тўғаноқ бўлиб турганди. Биз билардикки, агар икки томон урушадиган бўлса, қонлар анҳор бўлиб оқарди. Аллоҳ бизни мана шу режага йўллади. Бу кутилмаган ишимиз билан мусулмонларни катта зарардан ҳимоя қилдик ва душманимизнинг жонини асрадик. Ҳа, биз уларни фавқулодда ҳолга солдик, лекин уларни қутқардик ва уларга Исломни танитдик!».

Қози унга: «Сизлар уларни Исломга ёки жизяга, ёхуд ҳарбга чақирдиларингми?» деди. Гувоҳ жавоб берди: «Йўқ. Айтган сабабларимизга кўра кутилмаганда ҳужум қилдик». Шунда қози деди: «Сен иқрор бўлдинг. Агар даъво қилинаётган киши айбига иқрор бўлса, муҳокама тугайди. Аллоҳ бу умматга фақат дин туфайлигина нусрат берган. Хиёнатдан сақланиш ва адолат ила туриш диндаги буюкликлардандир. Аллоҳга қасамки, биз уйимиздан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учунгина чиққанмиз. Биз ерга эга бўлиш, мамлакатларни босиб олиш ва унда ноҳақ олий бўлиш учун чиқмаганмиз!».

Сўнг қози башарият тарихидаги энг ажиб ҳукмни чиқарди: «Мусулмон қўшиннинг ҳаммаси Самарқанддан уч кун ичида қандай тез кирган бўлса, шундай тез чиқиб кетсин ва шаҳарни ўз аҳхлига қайтарсин. Уларга урушга ҳозирланишга фурсат берилсин. Сўнг уларни огоҳлантирсинлар ва Ислом ёки жизя, ёхуд ҳарб ўртасида ихтиёр берсинлар. Агар улар ҳарбни танласалар, у ҳолда уруш бўлади. Бу Аллоҳ таоло шариатининг ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари татбиғи бўлади».

Самарқанд аҳлини хайрат чулғаб олди. Қўшин зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқа бошлади ва уч кун ўтмай, унда бирорта мусулмон қолмади. Каттаю кичик аҳоли шаҳар марказида тўпланишди. Улар бўлган ишга ишонмаётган эдилар. Улар: «Хулқи бундай қавм башарнинг энг яхшиси, унинг қозиси қилган иш мутлақ адолат, ўзининг атболарига бундай ишларни буюрадиган дин ҳақ дин», дея ўзаро гаплашишарди.

Иш узоқ чўзилмай, Самарқанд аҳлининг ҳаммаси Исломни қабул қилди. Ҳа, бу Аллоҳнинг барҳаёт дини Исломдир! Бу бизнинг умматларнинг яхшиси бўлган кунларимизда нур, раҳмат ва адолат билан ёзган тарихимиздир!» (Иқтибос тугади)

Ҳажжож ўз жияни, яъни акасининг ўғли Муҳаммад ибн Қосим Сақафий исмли қўмондон бошчилигида Синд - ҳозирги Покистон ерларига ўзининг кўп сонли аскарларини юборди. Машҳур қўмондон Муҳаммад ибн Қосим Сақафий жуда катта ғалабаларни қўлга киритди, Синднинг подшоҳини қатл қилди. Сўнг ҳижрий 90–94 (милодий 708–712) йилларда Синд юртларини ҳам Ислом давлати таркибига қўшди. Булар энг улуғ фатҳлардан бўлди. Мана шу даврда Ислом давлати ҳудуди жиҳатидан ўз тарихидаги энг катта ва кенг майдонли ҳолатига эришган эди.

Валид ибн Абдулмаликнинг вафоти

Валид ибн Абдулмалик ҳижрий 96 (милодий 714) йилда вафот этди. Унинг халифалиги ўн йил давом этди.


Кейинги мавзулар:
Сулаймон ибн Абдулмалик;
Умар ибн Абдулазиз;
Язид ибн Абдулмалик;
Ҳишом ибн Абдулмалик;
Валид ибн Язид ибн Абдулмалик.

Бошқа мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   40429   3 min.
Икки улуғ неъмат

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ