Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446
Янгиликлар

Ижтимоий ва диний соҳалардаги ишлар бўйича ахборот берилди

28.11.2024   12915   3 min.
Ижтимоий ва диний соҳалардаги ишлар бўйича ахборот берилди

Давлат раҳбарига ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда диний маърифатни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида ахборот берилди.

Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Конституциямизда ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган. Минг шукрки, юртимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити ҳукм сурмоқда. Барча дин вакиллари ибодат амалларини эмин-эркин адо этмоқда.

Охирги беш йилда диний-маърифий соҳага оид 3 та қонун, 4 та Президент фармони ва кўплаб қарорлар қабул қилинди. Йиғилишда уларнинг ижроси дин вакилларига хизмат қилаётгани қайд этилди.

Хусусан, юртимиз мусулмонлари учун шароитларни яхшилаш мақсадида 100 дан ортиқ масжид барпо этилди, 555 таси таъмирланди. Диний ташкилотлар учун бино қурилишига ер ажратиш тартиби жорий қилинди.

Ҳаж квотаси аввалгига қараганда 2 карра оширилди. Кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж амалларини бажарди. Умра сафарларини ташкил қилиш қонуний тартибга солинди.

Соҳада малака ва илм масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий-тадқиқотларга замин бўлмоқда. Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ўрта махсус таълим муассасасида малакали мутахассислар тайёрланаяпти. Шунингдек, 30 минг фуқаро “Қуръони карим ва тажвид” курсларини тамомлади.

Қабристонларни обод қилиш – савобли иш. Сўнгги йилларда Абу Исо Термизий, Абу Муин Насафий, Султон Увайс Қараний, Сузук ота ёдгорлик мажмуалари обод қилинди. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказида бунёдкорлик давом этмоқда. “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 90 та зиёратгоҳ таъмирланиб, ободонлаштирилди.

Ислом маърифатини кенг ёйиш ва тажриба алмашиш мақсадида халқаро алоқалар ҳам кенгайтирилмоқда. Жумладан, бу йил юртимизда “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” ҳамда “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуларида халқаро илмий-амалий анжуманлар, Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилди.

Маълумки, бугун кибермаконда хавф-хатарлар кучайиб бормоқда. Чегаралар ва қонунларни тан олмайдиган интернет тармоқлари орқали радикал ғоялар ҳам кириб келмоқда. Бунинг оқибатида аҳолининг нисбатан заиф қатламлари, жумладан, ёшлар турли ноқонуний гуруҳлар таъсирига тушиб қолаётгани афсусланарли. Бутун жамоатчилик бундан огоҳ бўлиши, уламолар ва нуронийлар тўғри йўлни кўрсатиши керак. 

Қўқон ва Марғилон шаҳарлари тажрибаси асосида маҳаллаларда “Оқсоқоллар ва ота-оналар кенгашлари” тузилгани бунда муҳим ўрин тутмоқда. Юртимиз ҳожиларининг “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” деган ташаббуси ҳам ижтимоий вазиятни яхшилашда ижобий қадам бўлди.

Бундай хайрли ишларни давом эттириб, маҳаллаларда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни илму ҳунарга чорлаш муҳимлиги айтилди. Мутасаддиларга ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни жамиятга қайта мослаштириш, бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Мамлакатимиздаги  диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.

Манба

Ижтимоий ва диний соҳалардаги ишлар бўйича ахборот берилди Ижтимоий ва диний соҳалардаги ишлар бўйича ахборот берилди Ижтимоий ва диний соҳалардаги ишлар бўйича ахборот берилди
Бошқа мақолалар

Диндор одамларга қандай қарайсиз? Бадавлат одамларга-чи?

8.01.2025   3134   1 min.
Диндор одамларга қандай қарайсиз? Бадавлат одамларга-чи?

Мол-дунё масаласида ўзингиздан пастроқдагиларга қаранг, дедик. Лекин дину диёнат масаласида доим ўзингиздан олдиндагиларга қаранг, улардан ибрат олинг, уларга етиб олишга интилинг. Дунё, бойлик, соғлик ва гўзаллик борасида ўзингиздан қуйидагиларга қараб, чексиз марҳамати учун Аллоҳга шукр қилсангиз, ҳаётингиз бахт-саодатга тўлади, Аллоҳ таоло сизни шукр ва сабр қилувчилар сафига ёзиб, фазлу марҳамати билан уларга бериладиган мукофотларидан сизга ҳам беради.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

«Кимда икки хислат бор бўлса, Аллоҳ уни шукр қилувчи, сабр қилувчи деб ёзиб қўяди. Кимда бу икки хислат бўлмаса, Аллоҳ уни шукр қилувчи ҳам, сабр қилувчи ҳам деб ёзмайди. Дину диёнатда ўзидан юқоридагиларга қараб, уларга эргашса; мол-дунёда эса ўзидан пастдагиларга қараб, ўзини улардан афзал қилган Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ уни шукр қилувчи, сабр қилувчи деб ёзиб қўяди. Ким дин борасида ўзидан пастдагиларга, дунё борасида эса ўзидан юқоридагиларга қараб, ўзи етиша олмаган нарсага афсусланса, Аллоҳ уни шукр қилувчи ҳам, сабр қилувчи ҳам деб ёзмайди» (Имом Термизий ривояти).


Уч хил қараш қалбингиздаги маҳзунликни кетказади:

- бировлардаги нарсаларга розилик кўзи билан қараш;
- мусибатга учраганларга ибрат кўзи билан қараш;
- аҳволи сиздан ёмонроқ, ҳоли хароброқ одамларга қараш.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.