Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Март, 2026   |   25 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:19
Қуёш
06:37
Пешин
12:37
Аср
16:42
Шом
18:32
Хуфтон
19:44
Bismillah
14 Март, 2026, 25 Рамазон, 1447

Намоз билан даволовчи шифокор

29.11.2024   6506   5 min.
Намоз билан даволовчи шифокор

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади: «Ўрта мактабда ўқиган пайтимда ниҳоятда асабий эдим, бир кунда бир неча марталаб йиғлар эдим. Ғам, қайғу тинимсиз мени таъқиб қилар, шу ёшимдаёқ ҳаётдан совиб бўлган эдим. Умидсизлик, тушкунлик ботқоғига ботиб, ҳаётнинг ёқимли таъмини унутаёзгандим. Бундай қаттиқ тушкунлик қаршисида онам не қиларини билмай, мени руҳий беморлар шифокорига олиб боришга мажбур бўлди. Шифокор аёл ўз ишининг устаси, ҳамманинг ишончини қозонган аёл экан. Бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. У мени синчковлик билан текшириб кўриб, ҳаётда азият чекиб яшашимнинг сабабларини тушунтириб берди. Сўнгра шундай деди: «Сенга тинчлантирувчи дорилар ёзиб бериш мен учун жуда осон! Лекин ундан ҳам самарали йўл бор. Бу намоз! Бу муолажани сенга ўхшаган жуда кўп беморларимда синаб кўрганман, натижа жуда яхши бўлган. Қиладиган ишинг қачон салгина бўлса-да, ғам-ташвиш чексанг, таҳорат қилиб, икки ракъатгина намоз ўқийсан. Лекин намоз ўқиётганда Аллоҳ таолонинг «Улар – иймон келтирган, қалби Аллоҳнинг зикри билан ором топганлардир. Билингки, қалблар Аллоҳнинг зикри ила ором топур!» деган оятига ишонишинг керак (Раъд сураси, 28-оят). Лекин намоз ўқиганда Аллоҳ ғамларингни кетказишига, қалбинг Аллоҳнинг зикри билан ором топишига тўлиқ ишонган ҳолингда ўқишинг керак. Чунки иймон келтирган одам қалби Аллоҳга доимо боғлиқ эканини ҳис қилади. Бундай қалб дунёда ҳамма нарса Аллоҳдан эканини яхши билади. Бундан ташқари, намознинг ҳар бир қисми зикрдир. Буни Аллоҳнинг «Мен – Аллоҳман, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Менга ибодат қилгин, Мени зикр қилиш учун намозни қоим қилгин» деган сўзи ҳам тасдиқлайди (Тоҳо сураси, 14-оят)».

Шифокор аёл сўзида давом этди: «Биринчи навбатда фарз намозларга маҳкам бўласан, лекин ғам-қайғуга қарши дорини ҳам тўхтатмайсан – икки ракъат нафл намозни ҳам кунига камида уч марта, икки ҳафта ўқийсан. Икки ҳафтадан кейин яна келасан».

Мен унинг тавсияларидан қаноат ҳосил қилдим. Тўғриси, аслида фарз намозларга ҳам бепарво эдим. Шунинг учун биринчи навбатда уларга қатъий риоя қила бошладим. Бундан ташқари, қайғуга тушган вақтимда ҳам кунига уч маҳал нафл намоз ўқишга бел боғладим. Аввалига у қадар катта ўзгариш сезилмади. Кейинги учрашувимизда шифокорга ҳолатимни айтган эдим, кулиб, «Демак, сен сифатсиз ёки қалбаки дори ичяпсан экан», деди. Мен ҳайрон бўлиб, беихтиёр «Қанақасига?» деб юбордим. Шифокор сал жиддийлашди: «Намозингни шоша-пиша, хушуъсиз ўқиётган бўлсанг, оятларнинг маъносини тафаккур қилмаётган бўлсанг, намознинг таъсири ҳам шунга яраша бўлади. Худди дорига ўхшаб, намоз таркибида ҳам фаол моддалар бор – хушуъ ва тадаббур. Майли, бошида шунақа бўлади. Бу дорини яна икки ҳафта синаб кўрайлик. Лекин бу сафар хушуъ билан ўқишга ҳаракат қилгин! Ҳар доим ўқийдиган сураларингни эмас, янгиларини ўқигин. Иншааллоҳ, албатта фойдасини кўриб, хурсанд бўласан».

Мен унинг сўзларидан таъсирланиб, чуқур ўйга толганча уйга қайтдим. Намозларни сокинлик билан, хушуъ билан ўқий бошладим. Ростдан ҳам, авваллари намозни худди шифокор айтганидек, қуш дон чўқигандек шошилиб, тез ўқир эдим, мақсадим гўё намозни тезроқ тугатиш бўлар эди, холос. Ундан ташқари, бу сафар янги суралар, янги оятларни ўқий бошладим. Авваллари эса, шифокор айтганидек, ҳар намозда Фотиҳадан кейин фақат Ихлос билан Фалақ сураларини ўқийверардим. Намознинг ҳаловатини мана энди ҳис қила бошладим. Унинг ғам-аламларимга ҳам таъсир қилаётгани ич-ичимдан сеза бошладим. Икки ҳафта ўтгач, шифокорнинг олдига аввалгидан бутунлай бошқа кайфиятда, шаҳдам қадамлар билан кириб бордим. Бу сафар мутлақо хотиржам эдим, ҳаётга ишонч билан, очиқ юз билан қараётган эдим. Шифокор ҳам мени табассум билан қарши олиб, «Ҳаётимда учратган энг яхши бемор сен бўлдинг! Жудаям қатъиятли қиз экансан. Ўзингга ишончинг кучли экан, шунинг учун ҳам Аллоҳ сенга тезда шифо берди. Иншааллоҳ, бугундан бошлаб энди ҳеч қачон психологга ишинг тушмайди. Шарти шуки, фарз ва суннат намозларга маҳкам бўл! Зарурат туғилганда эса кунига уч марта қайғу дори ичасан, яъни намоз ўқийсан», деди. У мени мақтаб-мақтаб, намозга, ибодатга янада шижоатлантириб юборди.

Бу воқеага анча йиллар бўлди. Парвардигорга ҳамдлар бўлсинки, ўшандан бери руҳий ҳолатим аъло даражада. Энди мен фақат намозларга бепарво бўлиб қолсам ёки намозни хушуъсиз ўқисамгина қайғуга тушаман. Қайғуларимнинг сабаби дарҳол юзага чиқади, шунда хушуъ билан, хузуъ билан намоз ўқишга тураман. Қарабсизки, қайғуларим чекиниб, қалбимга хотиржамлик инади».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Бошқа мақолалар

Қадр кечасини фойдали ўтказиш учун 27 тавсия

31.05.2019   48460   3 min.
Қадр кечасини фойдали ўтказиш учун 27 тавсия

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг.
2. Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг.
3. Бу кечани ибодат билан ўтказаётганда тавба қилишга азм қилиш.
4. Барча мўминлар ва мўминалар учун истиғфор ва дуони кўпайтиринг.
5. Бутун аъзоларингиз билан Аллоҳга юзланинг, ҳаттоки, ақлингиз ва қалбингиз У Зотдан бошқасидан узилсин.
6. Жанжал ва тортишувлардан узоқда бўлинг, сизнинг ҳаққингизни поймол қилганларни кечиринг.
7. Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб, юз ракатни тугатиб қўйишни фойдаси йўқ.
8. Дуо ва ибодатда ихлосли бўлиш қалбингиз Аллоҳдан бошқаси билан машғул бўлиб ракатларни кўпайтиришдан муҳимроқ.
9. Қадр кечасида имкон борича таҳоратли бўлишга ҳаракат қилинг.
10. Дуоингиз ижобат бўлишига аниқ ишонинг. Чунки ижобат бўлишига ишонмаслик дуонинг орасига тўсиқ пайдо қилади.
11. Аллоҳ дуоларингизни қабул қилиб, ижобат қилишига ишончингиз комил бўлсин.
12. Дуода бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради.
13. Ҳар бир гуноҳингиз учун Аллоҳ таолога истиғфор айтинг, У Зот сизни афв қилишини сўранг.
14. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оилаларига кўп саловот ва саломлар айтинг, саҳобаларга Аллоҳдан розилик сўранг (яъни “Розияллоҳу анҳу” деб айтиш).
15. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб ортидан: “Аллоҳумма иннака аъфуввун туҳиббул аъфва фаъфу аннаа” (“Аллоҳим, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт”), дуосини кўп айтинг.
16. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни дўзахдан озод қилишини кўп сўранг.
17. Ҳалол ризқни осон қилиб беришини ва ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилиш.
18. Ўтган ота-оналарингизнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўранг.
19. Дуо қилганда ушбу дуоларни ҳам айтиш: “Роббанаа ҳаб ланаа мин азважинаа ва зурриййаатинаа қуррота аъюн”, (Роббимиз, бизга жуфти ҳалолларимиздан, фарзандаларимиздан кўз қувончлари бер).
20. Эр ёки хотин бир-бирининг ҳақига гўзал ҳолат, нафс ва фикрнинг роҳатини тилаб дуо қилиши керак.
21. Сажда қилган ҳолатингизда кўп дуо қилинг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир.
22. Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”.
23. Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Чунки илоҳий раҳмат ва шаббодалар бу тунда очик бўлади.
24. Қодир бўлганингизча Қуръон ўқинг.
25. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади.
26. Аллоҳ таоло сизни бу кечани ибодат билан ўтказишга муваффақ қилганига шукрлар айтинг, сиздан бошқа қанча-қанча кишилар бу бахтдан бебаҳра қолди.
27. Қадр кечасида имкон қадар садақа беришни унутманг. Чунки бу кечада қилинган ҳар бир амалнинг ажри улуғ.


Муҳаммад Яҳё Низомиддин