Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июл, 2026   |   6 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:28
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:56
Хуфтон
21:27
Bismillah
20 Июл, 2026, 6 Сафар, 1448
Мақолалар

Исроф қилиш — сахийлик эмас

29.11.2024   11689   9 min.
Исроф қилиш — сахийлик эмас

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этади:

“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Роббига) жуда ношукрдир”.

“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”.

Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради: 

“...Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмас”.

Бошқа бир ояти каримада эса бундай марҳамат этади: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”.

 

Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади: (Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.

Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади: “(Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар” (Имом Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилган. 

Лекин таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда  исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани айниқса ачинарли ҳолат. 

Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади.   Борган сари тўйҳашамларимиз дабдабали тус олиб боряпти, кундан-кунга янги-янги турдаги тантана ва маросимлар, янги-янги турдаги исрофли, дабдабали одатлар пайдо бўлмоқда. Агар аҳвол бу кетишда бўлса, келажакда бундай маросимлар халқимиз бошига не кулфатларни соларкин, деб ўйлаб қоласан киши. 

Битта наҳорга ош бериш учун баъзилар камида йигирма-ўттиз минг долларлик пул сарфлайди. Ундан кейин ёки ундан олдин яна бир талай маросимлар ҳам бор. Тўй келар, сабзи тўғрар, никоҳ базми деймиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Чарлар, чақириқ, ҳайит ундан кейин қовурдоқ, бешиктўй ва ҳоказолар бор. Яна бошқа турли-туман харажатлар ҳам бор ўртада. Дабдабали мебеллар, ҳашаматли пардалар, турли-туман қимматбаҳо сарполар. Хуллас, ақл бовар қилмас даражада катта маблағлар талаб қиладиган мана шундай ўткинчи маросимлар учун умримизни кеткизиб ишлайдиган бўлиб қолаяпмиз. Умр бўйи топган-тутганларимизни соғлигимизни тиклашга эмас, яхши еб, яхши ичишга эмас балки, юқоридаги дабдабали маросимларни ўтказиш учун йиғадиган бўлиб қоляпмиз. 

Ундан кўра мазкур маросимларимизни бироз қисқартирсак, бироз ихчамлаштирсак ўзимизга яхши эмасми? Баҳонада қанчақанча маблағ исроф бўлмасдан қора кунларимизга ярарди. Озгина ўзимизга ҳам тузукроқ қарашга, соғлигимизни тиклашга, фарзандларимизга тузукроқ эътибор қаратишга қўлимизда имконият пайдо бўларди. Катта-катта қарзларга ботиб, аҳволимиз паришон бўлиб юрмасди. Нима учун фоний бу дунёда, синов дунёсида ўзимизни бу қадар қийнашимиз керак? Нимадан қўрқамиз? Одамларни гапиришиданми? Ғийбатлардан қўрқмайлик биродарлар. Одамларни гапидан қўрқиб, қарзга ботиб, дабдабали мароисмларни ўтказганимиздан сўнг эртага аҳволимиз танг бўлиб қолса, ўша одамлар қутқарадими бизларни?! Ўша одамлар беш-ўн сўмдан пул бериб ёрдам қиладими?.. 

Бундан ташқари, эртага бундай исрофгарчиликлардан албатта қиёмат кунида сўраламиз. Битта фарзандини тўйи учун бутунбошли бир ҳовли-жой қилса бўладиган пулларни совураётганлар қиёмат кунида нима деб жавоб берадилар? “Ундан кўра ўша пулингни ярмини қийналаётган, кам таъминланган хонадонларга бўлиб берсанг бўлмасмиди, қариндош-уруғингдаги ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқарсанг бўлмасмиди,  молу дунёни сенга нима учун бердик, мана шундай дабдабабозликлар учунми?”, - дея сўроққа тутилса, исрофгар банда нима деб жавоб беради?! Ҳеч шу ҳақда ўйлаб кўрганмизми? Азизлар мана шу ҳақда яхшилаб ўйлаб қўяйлик. Эртанг қиёмат кунида бериладиган саволга жавоб топиб қўяйлик. Жавобимиз ҳам тўғри бўлсин, шаръан ўринли жавоб бўлсин...  Агар айтадиган жавобимиз ўринли жавоб бўлмаса, ҳолимизга войлар бўлади, наъувзу билааҳ... 

Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, соғлиқ, оила, мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Биз улардан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади 

 «Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!» (Такосур, 8).

Бизнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховат ҳам деб бўлмайди. Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Очларга бериладиган таомга саховат дейиш мумкин. Бизнинг тўйларимизга келадиган минглаб кишилардан нечтаси қорни оч одамлар? Менимча, қорни очлар умуман айтилмаса керак бундай маросимларимизга. Тўғрироғи, қорни очларни нафақат зиёфатга айтиш, балки уларни умуман танимаймиз, ундайлар билан таниш-билиш бўлишни ўзимизга ор деб биламиз. 

 

Хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш бўлмоғи даркорлиги тўғрисида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”.

Ҳазрат Навоий "Ўт иши — қовурмоқ, ел иши — совурмоқ", дейдилар. Яна дейдиларки: «Исроф сахо эмас ва итлофни (йўқотиш, барбод қилишни) маъно аҳли сахо демас». Яъниким, исроф қилиш — сахийлик эмас, ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демаслар. Ҳалол молни куйдирганни девона дерлар. Ёруғ жойда шамъ ёққанни ақлдан бегона дерлар.

Худо молиға қилмоқ исроф не?
Жунун аҳлидек мунча итлоф не?

Исломда мол-ашё ҳам иззатлидир. Молни исроф қилган, талофот берган жазосини олади. Аллоҳ таоло бизга молу дунё ато этган эканми, уни исроф қилмасдан, бахиллик ҳам қилмасдан, меъёрида ишлатсак, меъёрида саховат қилсак, бировга муҳтож бўлиб қолмаймиз, қарзга ҳам ботиб қолмаймиз, юзимизнинг суви ҳам тўкилмайди иншоаллоҳ...  

Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни исроф қилишмаган, уволидан қўрқишган. Аммо сўнгги пайтларда баъзилар тўй-маърака маросимларида кимўзарли қилишга, ўзини кўз-кўзлашга ва исрофгарчиликка ўтиб кетяпти. Асли амалларни бажаришда ҳаддан ошиб, савоб эмас, гуноҳ орттириб олишяпти.

Азизлар, мана шундай ҳолатларда башарият саййиди бўлмиш суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кечирган ҳаётларини озгина эсга олайлик. Ул зот қандай еб-ичдилар? Ҳеч тўйиб овқатланганмилар? Арпа унидан тайёрланган нонга қорнилари тўйганми? Оқ нон деган нарсани кўрганмилар? Субҳаналлоҳ... Аллоҳнинг энг азиз бандаси бўлмиш Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча қоринлари очлигидан ошқозонда пайдо бўлган очлик алангасини сўндириш учун қоринларига тош боғлаб юрардилар.    

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан йиллар ўтиб, бир куни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қовурилган қўй гўштига таклиф қилишганда, кўзларига ёш келиб, Аллоҳнинг элчиси бу дунёдан бундай таомни кўрмасдан ўтдилар, дея бурилиб кетган эканлар... 

Исрофгарчиликка берилган пайтларимизда шу нарсаларни ҳам бирров эсга олсак фойдадан холи бўлмасди...

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Эзгу мақсадлар жам бўлган анжуман

20.07.2026   1856   5 min.
Эзгу мақсадлар жам бўлган анжуман

Йилдан йилга Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган маърифат, бағрикенглик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ғоялари айнан шу мақсадга йўналтирилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
 

Мамлакатимизда тўрт кун давомида бўлиб ўтган Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми бу борада юртимизда илгари сурилаётган эзгу тамойилларнинг амалий ифодаси ўлароқ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом олами ҳаётида муҳим воқеага айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этган ушбу анжуман иштирокчиларига мурожаат этар экан:


– Бугунги кунда дунё чуқур ва шиддатли ўзгаришлар даврини бошидан кечирмоқда. Инсоният фан ва технологиялар соҳасида мислсиз ютуқларни қўлга киритмоқда, айни вақтда жиддий синов ва муаммоларга ҳам дуч келмоқда: можаролар ва ўзаро ишончсизлик кучаймоқда, бузғунчи мафкуралар, тоқатсизлик, экстремизм, исломофобия кўринишлари кенг тарқалмоқда. Маданиятлар, динлар ва цивилизацияларни бир-бирига қарши қўйиш, турли халқларнинг урф-одат ва анъаналари ўртасида зиддият келтириб чиқаришга уринишлар авж олмоқда.


Бундай мураккаб вазиятда азалдан башариятнинг тинч-тотув ҳаёти, ҳамжиҳатлик ва маърифатга интилиши, тадрижий ривожланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиб келган эзгу тушунчалар, жумладан, исломий қадриятлар алоҳида аҳамият касб этади. Барчамизга аёнки, бу қадриятлар асрлар давомида илмий тараққиёт, маданий юксалиш ва маънавий камолотнинг қудратли манбаи сифатида жаҳон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва умуминсоний мероснинг ажралмас қисмига айланган, – дея фикр билдирди. Дарҳақиқат, ўн тўрт асрдан зиёдроқ вақт ўтяптики, Ислом нафақат диний таълимот, балки инсониятнинг олам ва одам ҳақидаги дунёқарашини тубдан ўзгартириб, илмий-маърифий тараққиётга беқиёс ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ислом тамойиллари асосида математика, астрономия, геодезия, тиббиёт, кимё, тарих, фалсафа, калом, фиқҳ, ҳадисшунослик юксак чўққиларга кўтарилди, бу йўналишларда минглаб олимлар улкан оламшумул кашфиётларни амалга оширдилар. Бу ютуқлар замирида, энг аввало, Исломнинг илм-фанга, маърифатга бўлган муносабати ётади. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ўзининг муқаддас китобида илм ва олимларни улуғлаб, шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” (Мужодала сураси, 11-оят)”. Бу бежиз эмас, албатта, чунки инсоният тараққиётини илму фан ривожисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, мамлакатимизда кейинги ўн йилликда Ислом маданияти, цивилизациясига жуда катта эътибор қаратилди ва қаратилмоқда.


Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми юксак даражада бўлиб ўтди. Анжуман юртимизнинг азалдан илму фан бешиклари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Термиз каби тарихий шаҳарларида ўтказилиши ундан кўзланган маърифий руҳни янада теранлаштирди. Жаҳон тамаддунининг қадимий ўчоқлари бўлган бу шаҳарларда асрлар давомида минглаб олиму фузалолар етишиб чиққан ва ўзига хос илмий мактабларни шаклланишига ҳисса қўшган. Юртимиз алломалари томонидан амалга оширилган оламшумул кашфиётлар инсоният тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Уларнинг эзгу ғоялари ва кашфиётлари жаҳон цивилизациясининг ажралмас бир қисми сифатида эътироф этилган ва бугун ҳам шундай бўлиб қолмоқда. Анжуман иштирокчилари ҳам буни чин дилдан ҳис қилдилар ва буни ўзларининг Юртбошимизга қилган мурожаатларида акс эттириб шундай эътироф этдилар:


– Мазкур тарихий воқеа ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини янгича талқин ва тарғиб этишда халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш учун кенг имкониятлар яратди ҳамда Янги Уйғониш даври – Учинчи ренессанснинг интеллектуал ва маънавий асосларини барпо этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.


Ушбу ташаббус замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга узоқни кўзлаб, вақтида берилган таъсирчан жавоб бўлганини ҳам бугун биз чуқур идрок этмоқдамиз. Дунёнинг турли ҳудудларида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини бузиб кўрсатиш, маданият ва цивилизацияларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, шунингдек, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган буюк ҳиссасини камситишга уринишлар кузатилаётган бир пайтда Сиз маърифат, илмий тафаккур, тарихий ҳақиқатга эҳтиром ҳамда ислом цивилизациясининг ҳаққоний меросини жаҳон ҳамжамиятига қайта тақдим этишга асосланган бунёдкорлик йўлини таклиф қилдингиз.


Форум иштирокчиларининг бу эътирофи мамлакатимизда диний бағрикенглик ва Ислом цивилизациясининг бой меросини кенг кўламда ўрганиш, жаҳон афкор оммасини ҳам бу қутлуғ ишга жалб этиш, бугунги мураккаб глобал ўзгаришлар даврида ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириш ва инсониятнинг маънавий, маданий ва интеллектуал соҳадаги ютуқларини тинчликка йўналтириш орқали башарият учун курраи заминда фаровон ҳаёт барпо этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг нақадар улуғворлиги ва келажакни кўзлаб амалга оширилаётганини янада яққол намойиш этди. Биз бу анжумандан ўзимизга хулоса чиқариб, унда илгари сурилган эзгу ғояларни ҳаётимиз ҳар бир жабҳасининг ажралмас бир қисми сифатида ўрганиш, асраб-авайлаш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратишимиз зарурлигини яққол ҳис этдик. 


Алишер домла Наимов, 
Фарғона вилояти бош имом хатиб ўринбосари

Уламолар кенгаши аъзоси

Ўзбекистон янгиликлари