شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
Шаҳидаллоҳу аннаҳу лаа илаҳа илла ҳува вал малааикату ва улул илми қооиман билқисти лаа илаҳа илла ҳувал азийзул ҳакийм.
"Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам гувоҳлик бердилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир" (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигига мен ҳам гувоҳман" деса, Аллоҳ таоло ушбу оятнинг ҳарфлари ададича фаришталарни қиёмат кунигача ўша кишининг ҳақига истиғфор айттириб қўяди".
Яна дедилар: "Ким уйқуга ётишидан олдин ушбу оятни ўқиса, Аллоҳ таоло етмиш мингта фариштани яратади ва улар қиёмат кунигача ўша кишининг ҳақига истиғфор айтиб турадилар".
Абу Ғолиб айтадилар: "Мен Куфага тижорат қилиш учун борганимда Аъмашга қўшни бўлиб турдим. Шунда у кишини ҳар кеча ушбу оятни такрор ва такрор ўқигани ва ундан кейин "Мен ҳам Аллоҳ гувоҳлик берган нарсага гувоҳман, мен ушбу гувоҳлигимни Аллоҳга омонат қилиб топшираман. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло менга омонатимни қайтаргай" деганларини эшитар эдим. Шунда у кишидан бунинг сабабини сўраганимда, айтган эдилар: "Абу Воил менга Ибн Масъуддан ривоят қилиб айтган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида ушбу калималарни айтса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унга хитоб қилиб шундай дейди: "Бандам менга берган ваъдангда турдинг, яъни тавҳидда, Мен ҳам Ўз ваъдамда тураман. Эй, малоикаларим! Жаннатнинг ҳамма эшикларини очинглар, бу бандам хоҳлаган эшигидан кирсин", дейди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати