Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«... Имом Абу Мансур Мотуридий ҳаёти, илмий фаолияти билан яқиндан танишмиз. Буюк исломшунос олим ислом динининг маърифатпарвар дин эканини 9-10 асрларда ёқлаб чиққан. Исломни ўз моҳиятидан четлаб қилинган турли талқинларга қарши турган. Алломанинг фикрлари ҳануз ўз долзарблигини йўқотмаган.
Ўзбекистон – Хоразмий, Беруний, Фаробий, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Абу Мансур Мотуридий каби буюк алломалар ватанидир. Бутун Ислом дунёси бу шахсларни Ўзбекистон марваридлари, деб тан олади. Чунки улар ислом таълимоти билан бирга, математика, алгебра, тиббиёт, астрономия, жамиятшунослик, ҳуқуқ, антропология ва бошқа фанлар ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшганлар».
Малайзия Миллий университети профессори,
Ислом цивилизацияси институти асосчиси Моҳд Юсуф Ҳожи Усмон
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган анжуман доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Миср Вақф ишлари вазири Шайх Усома Азҳарий, ислом оламидаги нуфузли ташкилот Мусулмон донишмандлар кенгаши Бош котиби Муҳаммад Абдуссалом ҳамда Озарбайжон диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси Рамин Аламшаҳ ўғли Мамедов билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотларда Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳамда алломалар меросини тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди. Шунингдек, мазкур йўналишларда алоҳида қонун, қарор ва махсус фармонлар қабул қилингани, жамиятимизда турли диний конфессиялар вакиллари орасида аҳил-иноқлик янада мустаҳкамлангани ва мўмин-мусулмонлар тоат-ибодат қилиши учун кенг имкониятлар тақдим этилгани алоҳида қайд этилди.
Мартабали меҳмонлар давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик йил сайин ривож топиб бораётганини таъкидлашди. Бугунги мураккаб даврда мана шундай халқаро ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш ва анжуманлар ташкил этишнинг аҳамияти катта эканига урғу қаратилди.
Учрашувда томонлар илмий тадқиқот, диний таълим, замонавий фатволар ишлаб чиқиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва диний соҳа ходимлари малакасини ошириш кабиларда ҳамкорлик қилишни кенгайтиришга келишдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати