Ота-онанинг дуоси шубҳасиз қабул бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир нарса билан Аллоҳ азза ва жалланинг орасида парда бор. Фақатгина “Лаа илаҳа иллаллоҳ” шаҳодати ва ота-онанинг дуоси бундан мустасно”, дедилар.
Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди”, деганлар.
Фарзанднинг ҳаққига қандай дуо қилиш керак?
1. Фарзандингиз намозни қоим қилувчилардан бўлишини сўраб дуо қилинг. Чунки “...намоз фаҳш ва мункардан қайтарур” (Анкабут сураси, 45-оят).
Фарзандингиз намозхон бўлиши учун қуйидаги дуони ўқинг:
﴿رَبِّ ٱجۡعَلۡنِي مُقِيمَ ٱلصَّلَوٰةِ وَمِن ذُرِّيَّتِيۚ رَبَّنَا وَتَقَبَّلۡ دُعَآءِ﴾
Ўқилиши: “Роббижъалний муқиймас солаати ва мин зурриййатий Роббанаа ва тақоббал дуъааи”.
Маъноси: “Роббим! Мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Роббимиз, дуони қабул этгин” (Иброҳим сураси, 40-оят).
2. Фарзандингиз кўзингиз қувончи бўлишини сўраб ушбу дуо қилинг:
﴿رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَٰجِنَا وَذُرِّيَّٰتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ وَٱجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَامًا﴾
Ўқилиши: “Роббана ҳаблана мин азважина ва зурриййатина қуррота аъйунин важъална лил-муттақийна имама”.
Маъноси: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” (Фурқон сураси, 74-оят).
Фарзандингиз солиҳ эканини кўрсангиз кўзларингиз қувончга тўлади. Ота-онангиз дуосини олиб қолинг, ота-онаси борлар...
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати