Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Байҳақий ва Абдурраззоқ Қосим ибн Абу Баззадан ривоят қиладилар:
«Шомда мусулмон одам аҳли зиммадан бўлган бир кишини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга етказилди. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб ёзди. Умар унга: «Агар бу иш унинг одати бўлса, бўйнидан чоп. Агар билмасдан қилган бўлса, хунга тўрт минг тўлат», деб ёзди».
Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Ислом ҳукумати аҳли зимманинг жонини ҳам худди мусулмоннинг жонини ҳимоя қилгандек ҳимоя қилмоқда.
Афсуски, Ислом таълимотидан узоқ бўлиш оқибатида кўпчиликда Ислом жамияти мусулмонлардан бошқаларни ўлдиришни ўзига вазифа қилиб олган, деган тасаввур пайдо бўлиб қолган.
Мана, бир яҳудий кишини ўлдириб қўйган мусулмонга қарши қандай ҳукм чиқарилганига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу нарса кўргазма учун қилинган яккаю ягона ҳолат эмас, балки умумий қоидадир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати