Чорасизликда қолган киши дуо қилганда дуосини қабул қиладиган ва ёмонликларни даф қиладиган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. У зот бандаларини фазлидан сўрашга чорлайди ва уларнинг дуоларини ижобат қилишини ваъда қилади. Парвардигорига зикр ва дуо билан энг яқин бўлган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оилаларига ва саҳобаларига ва қиёмат кунигача ҳидоят йўлига эргашганларга салавот ва саломлар бўлсин!
Аммо баъду.
Ҳеч бир дин йўқки, дуога Ислом динидек кенг тарғиб қилган бўлса ва ҳеч бир китоб йўқки, Қуръони каримдек Аллоҳга турли услубда дуо ила ибодат қилишга қизиқтирган бўлса. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Қачонки, бандаларим Мен ҳақимда сўрасалар, албатта, Мен яқинман. Менга дуо қилганнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам Менга қулоқ солсинлар ва Менга иймон келтирсинлар, шоядки шунда тўғри йўлни топсалар" (Бақара сураси, 186-оят).
Яна шундай дейди:
"Аллоҳдан Унинг фазлини сўранглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир" (Нисо сураси, 32-оят).
Яна айтади:
"Роббингиз айтди: Менга дуо қилинглар, ижобат қиламан. Албатта, Менга дуо қилишдан такаббурланганлар хор бўлган ҳолда жаҳаннамга кирадилар" (Ғофир сураси, 60-оят).
Дуога чорлашнинг услубларидан яна бири – Аллоҳнинг пайғамбарлари ва уларнинг издошлари қилган дуоларини мисол сифатида келтиришдир. Масалан, Одам алайҳиссалом ва жуфтининг дуоси: "Ё Роббимиз! Биз ўз жонимизга зулм қилдик. Агар Сен бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм қилмасанг, албатта, зиёнкорлардан бўламиз" (Аъроф сураси, 23-оят).
Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоси:
"Роббим! Мен мағлуб бўлдим, ёрдам бер, деб дуо қилди" (Қамар сураси, 10-оят). "Ё Роббим! Мени, ота-онамни, уйимга иймон билан кирганларни, иймонли эркак ва аёлларни мағфират қил" (Нуҳ сураси, 28-оят).
Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоси:
"Ё Роббим! Бу шаҳарни омон қил. Мени ва фарзандларимни бутларга сиғинишдан сақла" (Иброҳим сураси, 35-оят).
Юсуф алайҳиссаломнинг дуоси:
"Ё Роббим! Сен менга подшоҳликни бердинг ва тушларни таъбир қилишни ўргатдинг. Сен осмонлар ва ерни яратган Зотсан. Ўзинг менинг дунё ва охиратдаги Эгамсан. Мени мусулмон бўлган ҳолда вафот этдир ва солиҳлар қаторига қўш" (Юсуф сураси, 101-оят).
Шуъайб алайҳиссаломнинг дуолари:
"Ё Роббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасида ҳаққоний ҳукм қил! Сен ҳукм қилувчиларнинг яхшисидирсан" (Аъроф сураси, 89-оят).
Мусо алайҳиссаломнинг дуолари:
"Ё Роббим! Мен учун нима яхшилик туширсанг, ўшанга муҳтождирман" (Қасас сураси, 24-оят).
Фиръавнинг сеҳргарлари имонга келганларидан кейин қилган дуолари:
"Ё Роббимиз! Устимизга сабр ёғдиргин ва бизни мусулмон ҳолимизда вафот эттир!" (Аъроф сураси, 124-оят).
Фиръавннинг аёли Осиёнинг дуоси:
"Ё Роббим! Ўзинг мен учун ҳузурингда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин. Мени золимлар қавмидан халос этгин" (Таҳрим сураси, 11-оят).
Асҳоби Каҳфнинг дуолари:
"Ё Роббимиз! Бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг тўғрилагин" (Каҳф сураси, 10-оят).
Исо алайҳиссаломнинг Ҳаворийлари дуоси:
"Ё Роббимиз! Нозил қилган нарсангга имон келтирдик ва пайғамбарга эргашдик. Шундай экан, бизни гувоҳлик берувчилар билан бирга ёзгин" (Оли Имрон сураси, 53-оят).
Булардан ташқари Оли Имрон сурасининг охиридаги Ақл эгаларининг дуолари, Бақара сурасининг охиридаги дуолар шулар жумласидандир.
Қуръон дуолари шунчалик кўпки, уларнинг ҳар бири Аллоҳга яқинлашиш ва ҳаётда дуо аҳамиятини тушуниш учун улкан ибратдир.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло умматни бирлик, меҳр-оқибат ва биродарлик асосида яшашга буюрган. Бироқ тарих давомида мусулмонларнинг сафини бузиш, улар орасига адоват ва низо уруғини сочишга уринган кимсалар ҳамиша топилган. Шунинг учун ҳар бир мўмин фитнанинг хавфини англаб, унинг домига тушиб қолмаслик учун доимо ҳушёр бўлиши лозим.
Авс ва Хазраж воқеаси — фитнанинг аччиқ сабоғи
Мадина аҳлидан бўлган Авс ва Хазраж қабилалари Исломдан олдин узоқ йиллар давомида ўзаро адоват ва қирғинбарот жангларда яшар эдилар. Айниқса, “Буос” кунида содир бўлган қаттиқ жанг икки томоннинг қалбида оғир из қолдирган эди. Аллоҳ таоло уларни Ислом неъмати билан шарафлаб, қалбларини бирлаштирди. Кечаги душманлар бугун бир-бирининг жонидан азиз биродарларга айландилар. Аммо мусулмонларнинг бу аҳиллигини кўра олмаган баъзи душманлар улар орасига фитна солишни мақсад қилдилар.
Бир куни улар Авс ва Хазраж вакилларига “Буос” кунидаги воқеаларни, жангдаги қаҳрамонлик ва фахрланишга арзийдиган ҳолатларни эслата бошладилар. Аввалига оддий суҳбат бўлиб кўринган бу гаплар аста-секин баҳсга, баҳс эса жанжалга айланди. Ҳатто икки қабила яна қурол кўтариб, ўзаро жанг қилиш даражасигача етиб борди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач, у зот саҳобалари билан дарҳол уларнинг олдига бордилар ва шундай дедилар:
"Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! Мен ҳали орангизда бўла туриб, сизлар жоҳилият даъволарига чақириласизларми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоят қилганидан, унинг сабабидан сизларни азиз қилганидан, жоҳилият ишларидан қутқарганидан ва қалбларингизни бир-бирига улфат қилганидан кейин яна шу ҳолатгами қайтмоқчисизлар?!".
Шунда улар ўзларига келиб, душман макрига алданганларини англадилар. Икки томон йиғлаб, бир-бирини қучоқлаб, кечирим сўрадилар ва фитна ўчоғи сўнди. Бу воқеа Ислом тарихида мусулмонларнинг душман фитналарига қанчалик тез алданиб қолишлари мумкинлигини, аммо Қуръон ва Суннатга қайтиш орқали ҳар қандай низони бартараф этиш мумкинлигини кўрсатиб беради.
Қуръоннинг бирликка чақируви
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига маҳкам ёпишингиз ва бўлиниб кетмангиз. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эслангиз: бир вақтлар бир-бирингизга душман эдингиз, У зот қалбларингизни улфат қилди ва Унинг неъмати билан биродарларга айландингиз» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Яна бир оятда: «Фитна қатлдан ҳам оғирроқдир» (Бақара сураси, 191-оят).
Ушбу оятлар мусулмонлар ўртасидаги бирликнинг нақадар улуғ неъмат эканини ва фитнанинг эса жамият учун ҳалокатли офат эканини кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг огоҳлантиришлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мўмин мўминнинг биродари. Унга зулм қилмайди ва уни душманга ташлаб қўймайди" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Яна бир ҳадисда: "Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз ўгирмангиз, бир-бирингизга адоват қилмангиз. Эй Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлингизлар" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида бундай дедилар: "Фитналар қоронғи тун парчалари каби келади" (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис мўминни ҳар қандай шубҳали чақириқлар, адоват уруғини сочувчи гаплар ва мусулмонларни бўлишга қаратилган ҳаракатлардан эҳтиёт бўлишга чақиради.
Хулоса
Бугунги кунда ҳам турли ижтимоий тармоқлар, асоссиз хабарлар, ғийбат ва бўҳтонлар орқали мусулмонлар орасига фитна солишга уринишлар учраб туради. Шунинг учун ҳар бир мўмин эшитган ҳар бир хабарни текшириши, ҳиссиётга берилмаслиги ва уммат бирлигини сақлашни ўзининг муҳим вазифаси деб билиши керак.
Авс ва Хазраж воқеаси бизга бир ҳақиқатни ўргатади: мусулмоннинг ҳақиқий кучи унинг қуролида эмас, балки бирлигидадир. Қалблар бирлашган жойда Аллоҳнинг раҳмати бўлади, фитна ва адоват ҳукмрон бўлган жойда эса барака кўтарилади. Аллоҳ таоло барчамизни фитналарнинг ошкораси ва махфийсидан асрасин, қалбларимизни биродарлик ва муҳаббат билан мустаҳкамласин.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби