Самарқанд вилояти имом-хатиблари халқимизга яқин бўлиш, муаммо ва камчиликларини бартараф этишда кўмакдош бўлиш мақсадида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ва иқтидорли имом-хатиблар ҳамда 20 нафар хожи оталар бугун Тойлоқ туманида йиғилди.
Тумандаги 20 та масжид имом-хатиблари билан ҳамкорликда 100 дан зиёд хонадонга, 20 та маҳаллага борилиб, муаммоли оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилиши, низоли ҳолатлар маҳалла иштирокида бартараф этилиши ва пешин намозида эса жамоат билан маърифий суҳбатлар ўтказилди.
Мазкур тадбирлар олдидан вилоят вакиллиги масъул ходими Ҳасанхон домла Темиров бошчилигида имом-хатиблар билан учрашиб, раҳбариятнинг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди. Шундан сўнг имом-хатиблар тақсимот асосида жойларга чиқди.
Ташриф давомида Самарқанд вилояти вакиллиги жамоаси бошчилигида Тойлоқ туманида барча шаҳар ва туман бош имом-хатиблари биргаликда яшил макон лойиҳаси асосида мевали дарахт кўчатлари экилди. Дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, дейилади.
Сайёр учрашув ва суҳбатлар давом этади...
Аллоҳ таоло бу хайрли ишларни бардавом ва манфаатли қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:
Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;
Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;
Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.
Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати