Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Ноябр, 2026   |   24 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:37
Қуёш
06:58
Пешин
12:12
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:33
Bismillah
04 Ноябр, 2026, 24 Жумадул аввал, 1448

05.12.2024   4926   1 min.
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Газ билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалардан эҳтиёт бўлайлик!

04.11.2026   3936   5 min.
Газ билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалардан эҳтиёт бўлайлик!

Аллоҳ таоло инсониятга жуда кўп неъматлар берганки, уларни санаб адоғига ета олмаймиз. Шубҳасиз, улар ичида энг қимматли ва муҳимларидан бири – ҳаёт, тириклик ва фаровонлик неъматидир.


Мусулмон инсон ўзи ва яқинлари жонини ҳамиша эҳтиёт қилиши, соғлиғига бепарво бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

﴿وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ وَأَحْسِنُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ﴾

яъни: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195-оят).


Куз-қиш мавсуми келиб, ҳаво ҳарорати пасайиб бормоқда. Табиийки, аҳоли ўз хонадонларини иситиш чораларини кўра бошлайдилар. Электр иситиш асбоблари, табиий газ тармоқлари ёки ёқилғининг бошқа турларидан фойдаланадилар.


Афсуски, охирги пайтларда юртимизнинг турли гўшаларида мазкур иситиш воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида ёнғин ҳамда табиий ва ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлмоқда. Ачинарлиси, бундай воқеалар инсонларнинг турли хил тан жароҳати олиши ёки ўлими билан якунланмоқда.


Ушбу аянчли ҳолатлар асосан табиий газдан нотўғри фойдаланиш, назоратсиз қолдириши, иситиш қурилмаларидаги носозликлар сабабли юзага келмоқда. Шунингдек, мўриларни ёзда (қушлар ин қуришидан, чанг ва қора куя тушишидан эҳтиёт қилиш мақсадида) беркитиб, иситиш мавсуми келганида эътиборсиз қолдириш, яъни очиш, тозалаш, таъмирлашни
унутиш – хонага ис газининг тўлишига олиб келади.


Соҳа мутахассисларининг хабар беришларича иситиш мавсуми бошланганига кўп вақт бўлмаган бўлсада, шу кунга қадар юртимизда 10 га яқин бахтсиз ҳодисалар рўй берган бўлиб, бунинг натижасида инсонларнинг соғлиги ва мол-мулкларига жиддий зиён етган. Энг ачинарлиси – бу бахтсизликлар вояга етмаган ёш болаларнинг ҳаётига зомин бўлган.


Динимиз ҳар бир соҳада инсон ўз жонига талофат етказиши мумкин бўлган ҳолатлардан сақланиши, бунинг учун зарур чоралар кўриши кераклиги уқтирилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"أَغْلِقْ بَابَكَ وَاذْكُرِ اسْمَ اللهِ فَإِنَّ الشَّيْطَانَ لاَ يَفْتَحُ بَابَا مُغْلَقًا وَأَطْفِ مِصْبَاحَكَ وَاذْكُرِ اسْمَ اللَّهِ، وَخَمِّرْ إِنَاءَكَ وَلَوْ بِعُودٍ تَعْرِضُهُ عَلَيْهِ وَاذْكُرِ اسْمَ اللَّهِ، وَأَوْكِ سِقَاءَكَ وَاذْكُرِ اسْمَ اللَّهِ"  

(أَخْرَجَهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالاِمَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالامَامُ التِّرْمِذِي عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رضي الله عنه)

яъни: “Эшигингни Аллоҳни исмини айтиб қулфла. Чунки шайтон қулфланган эшикни очолмас. Аллоҳни исмини айтиб чироғингни ўчир. Аллоҳни исмини айтган ҳолда идишингни устини гарчи бир чўпни кўндаланг қўйиш билан бўлса-да ёпиб қўй, мешингни (оғзини) боғлаб қўй”, – деганлар. 


Бошқа ривоятда эса:

“...Ётишдан олдин чироқ (фонус)ларни ўчиринг. Сабаби сичқон пиликни олиб, хонадон соҳибларини ёқиб юбориши мумкин” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).


Ушбу ҳадисда бир қанча фойдали маслаҳатлар берилмоқда. Айниқса, хонадонда ёнғин келиб чиқмаслиги учун эҳтиёт чорасини кўриш лозимлиги таъкидланмоқда.


Шундай экан ис газидан заҳарланиш ҳамда газ чақнаш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни олдини олиш, юзага келиш омилларини бартараф этишга ҳар биримиз эътибор қаратишимиз лозим бўлади.


Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, озгина бепарволик нафақат ўзимиз, балки оила аъзоларимиз, қўшниларимиз ва бошқаларга зарар етказиши мумкин. Зеро, динимиз ўзгаларга зарар бериш эмас, балки, яхшилик ва эзгу ишларда кўмакчи бўлишга буюради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

" لا ضرر ولا ضرار "

)رواه ابن ماجه والدارقطني عن أبي سعيدٍ الخدري رضي الله عنه(

яъни: “(Исломда) зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ”, – дедилар (Имом Ибн Можа ва Имом Дорақутний Абу Саийд ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).


Демак, юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики, ҳар бир мусулмон инсон, аввало, ўзи ва аҳли оиласини, қолаверса, қўни-қўшнилари, ёру дўстларини ҳаётини хавф остига қўйишдан сақланиши лозим.


Аллоҳ таоло хонадонларимизни ва оила аъзоларимизни турли офатлардан Ўзи паноҳида асрасин. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Кун мавзуси