Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Биз бу уммат билан фахрланамиз, бошқа ҳеч бир умматнинг бундай шарафли тарихи йўқ деб биламиз. Улар эса тарихга шубҳа билан қарашади, дин пешволари ҳақида нолойиқ гаплар айтишади, ақийда борасида айблар тўқишади. Биз эса барча уламолар ҳақида фақат яхши гумонда бўламиз.
Бу буюк зотларда тарбиявий-тасаввуфий мактаблар бўлган; ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий фиқҳий мазҳаблари бўлган; мотуридия ва ашъария ақийдавий мазҳаблари бўлган. Мана шу тўғри йўлдир. Мана шу йўлдан юриб, мусулмонлар ер юзига ҳукмрон бўлишди, раҳбар бўлишди, устоз бўлишди. Ислом ўзининг беқиёс ўрнига эга бўлди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ислом дунёси таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ICESCO) “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ал-Муснад ас-Саҳиҳ” асари: Уммат китоби. Иснод ва тасдиқ цивилизациясининг илмий тимсоли” номли фундаментал илмий нашрни тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мазкур китобни тайёрлашда дунёнинг 16 мамлакати етакчи олим ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Нашр 2026 йил 9–10 июль кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари – Уммат китоби” мавзусидаги халқаро илмий конференция материаллари асосида тайёрланди. Анжуман Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган эди.
Ҳажми қарийб 800 саҳифадан иборат мазкур китоб буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг бой илмий меросига бағишланган энг йирик замонавий тадқиқотлардан бири ҳисобланади. Унда ҳадисшунослик, ислом илмлари тарихи ҳамда ҳадислар ишончлилигини аниқлаш методологиясига оид долзарб илмий мақолалар жамланган.
Нашрда Имом Бухорий яшаб ижод қилган тарихий ва илмий муҳит, унинг ҳадисларни саралаш ва таснифлашдаги бетакрор услуби, шунингдек, “Саҳиҳи Бухорий” асарига бағишланган замонавий илмий тадқиқотлар, баҳс-мунозаралар ва таҳлиллар ўрин олган.
Мазкур фундаментал нашрнинг эълон қилиниши исломшунослик соҳасидаги халқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиб, Ўзбекистоннинг Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича жаҳон миқёсидаги нуфузли марказлардан бири сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати