Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Биз бу уммат билан фахрланамиз, бошқа ҳеч бир умматнинг бундай шарафли тарихи йўқ деб биламиз. Улар эса тарихга шубҳа билан қарашади, дин пешволари ҳақида нолойиқ гаплар айтишади, ақийда борасида айблар тўқишади. Биз эса барча уламолар ҳақида фақат яхши гумонда бўламиз.
Бу буюк зотларда тарбиявий-тасаввуфий мактаблар бўлган; ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий фиқҳий мазҳаблари бўлган; мотуридия ва ашъария ақийдавий мазҳаблари бўлган. Мана шу тўғри йўлдир. Мана шу йўлдан юриб, мусулмонлар ер юзига ҳукмрон бўлишди, раҳбар бўлишди, устоз бўлишди. Ислом ўзининг беқиёс ўрнига эга бўлди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати