Cавол: Мен қизим учун сеп йиғаяпман. Анча мунча нарса йиғдим. Шундан закот бераманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Турмушга чиқмаган қизнинг сепидан закот берилмайди. Чунки у тижорат мақсадида олинмаган. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади:
إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَأْمُرُنَا أَنْ نُخْرِجَ الصَّدَقَةَ مِنْ الَّذِي نُعِدُّ لِلْبَيْعِ. رواه الامام أبو داود.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савдо учун тайёрлаб қўйган мол-мулкдан закот беришимизга буюрардилар”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Агар сеп учун олиб қўйилган кийим-кечак ва буюмларнинг қиймати нисоб миқдорига – 85 гр тилланинг қийматига етса ҳам, ундан закот бермайди. Лекин ҳожати аслиясидан ташқари нисоб миқдорида моли бўлгани учун закот ололмайди. Аммо қурбонлик қилиши вожиб бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, агар сеп учун сақланаётган буюм тилло тақинчоқлар бўлсаю, оғирлиги 85 гр.га етса, уни олинганидан бир йил тўлганидан кейин тақинчоқнинг закотини бериш лозим бўлади. Чунки тилла буюм ва тақинчоқлар шариатимизга кўра пул ҳисобланади ва нисобга етиши сабабли закоти фарз бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати