Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ суҳбатларининг бирида “жамиятдаги кўпчилик ўзбошимча фатво бериш ёки тиббиёт билан шуғулланиш каби икки касалликка дучор бўлган” деб огоҳлантирган эдилар.
Дарҳақиқат, диний таълимдан мутлақо бехабар инсонларнинг дин ва тиб илмини билмайдиганларнинг тиб билан машғул бўлишлари жиддий муаммодир. Бундай ҳолатлар динимизда қаттиқ қайтарилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки тиб(илми)ни билмай туриб табиблик қилса, у зоминдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Зарар кўриш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Ибн Можа, Имом Табароний ривояти).
Ушбу ҳадисларда беморларни муолажа қилувчи киши зиммасига улкан масъулият юкланагани, етарли билим ва малакага эга бўлсагина муолажага киришиши зарурлиги таъкидланмоқда.
Шунингдек, диний масалаларни чуқур англамаган, соха мутахассиси бўлмаганларнинг диний мавзулар ҳақида сўзлаши янада хатарлидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади”, дедилар.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга фақат амир ёки маъмур, ёки риёкор томонидангина гапирилади”, деганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу каби хатардан қайтариб бундай деган эдилар: “Диний таълимдан мутлақо бехабар баъзи бир қаламкашлар тоифаси бўлиб, улар ўз мақолалари, чиқишлари ва ёзувларида исломий масалаларни баён қилишга уринадилар. Ўзларини билимдон кўрсатиб, одамларни йўлга солмоқчи бўладилар. Аслида эса бошқа ғаразлари бор. Кимгадир ёқиш, кимнингдир розилигини топиш учун ўша кимсаларга ёқадиган тарзда сафсата сотишга уринадилар. Оятларнинг маънолари таржимасини олиб, уни ўзларининг бузуқ фикрларига мосламоқчи бўлаверадилар.
Ҳадиси шариф билан бўладиган муомалалари ҳақида ҳам худди шу фикрларни айтиш мумкин. Уларнинг Аллоҳга, Исломга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши бу хил журъатларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу тоифа ҳам ўта хатарли тоифадир”.
Демак, ҳар бир соҳа ходими ўз мутахассислиги билан шуғулланишга одатлансин. Ўз навбатида инсонлар ҳам дуч келган одамдан эмас, балки ўз касбининг эгасига мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ.
Даврон НУРМУҲАММАД
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ