Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Раҳматуллоҳ қори Умаровнинг рафиқалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумани Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳуманинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳуманинг яқинларига, хусусан, Раҳматуллоҳ қори Умаровга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
muslim.uz
Хабар берганимиздек, Жидда шаҳрида Халқаро Ислом фиқҳи академияси ва Мусулмон олами уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган «Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашда дин пешволарининг роли» мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қатнашди.
Шунингдек, анжуманда Масжид ал-Ҳаром имоми Шайх Солиҳ бин Ҳумайд, Халқаро Ислом фиқҳи академияси Бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано, Мусулмон олами уюшмаси Бош котиби Шайх Муҳаммад Абдулкарим ал-Исо, Миср муфтийси Назир Муҳаммад Айёд, таниқли уламолар, етук фақиҳлар, муфтийлари ҳамда тадқиқотчилар иштирок этишди.
Илмий маърузалар ва муҳокамаларда бир қатор муҳим жиҳатлар ва амалий тавсиялар илгари сурилди. Жумладан:
– зўравонликни қатъий қоралаш: Аёлларга нисбатан ҳар қандай жисмоний, руҳий, иқтисодий ёки кибер тажовуз Ислом шариатининг инсон қадр-қиммати, раҳмат ва адолатга асосланган бош мақсадларига зид ва зулм экани фиқҳий жиҳатдан асосланди;
– диний тамойилларни тарғиб этиш: оила бошлиғи бўлган эрнинг асосий вазифалари аёлни нафақа билан таъминлаш, ҳимоялаш ва унга ғамхўрлик қилиш экани қайд этилди. Аёлнинг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки кафолатлангани таъкидланиб, зарарли иллатларга барҳам бериш лозимлиги айтилди;
– оилани мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш: ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича махсус курслар ташкил этиш, никоҳланувчиларни тиббий-психологик кўрикдан ўтказиш тизимини кучайтириш ҳамда имом-хатиблар иштирокида оилавий маслаҳатхоналар фаолиятини йўлга қўйиш тавсия этилди;
– ҳимоя ва кўмак тизимини жорий этиш: жабр кўрган аёлларга тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларини кенгайтириш, хавфсиз бошпаналар ва «ишонч телефонлари» тизимини самарали жорий этиш зарурлиги белгиланди;
– халқаро ва маҳаллий ҳамкорлик: давлат идоралари, диний ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда илғор тажрибаларни алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати