Саудия Aрабистони қироли Салмон бин Абдулазиз жаноби олийлари Aр-Риёд шаҳрида очилиши кутилаётган метро лойиҳасини тақдим этди, деб хабар бермоқда Saudi Press Agency. Метрополитен олтита йўналишдан иборат бўлади. Шаҳарнинг расмий режасига кўра, метро Саудия Арабистони пойтахтининг жамоат транспорти тизимининг асоси бўлиши кўзда тутилган. Йўналишларнинг умумий узунлиги 176 километрни ташкил этади. Метропоездлар 85 та бекатдан иборат бўлади.
Йўналишлар келгуси икки ой ичида босқичма-босқич ишга туширилади. “IslamNews” хабарига кўра, шу йилнинг 1 декабрь куни метронинг кўк, сариқ ва бинафша рангли йўналишлари очилиши режалаштирилган. 15 декабрда эса тўқ сариқ рангли йўналиш ишга тушади.
“Aр-Риёд жамоат транспорти лойиҳаси, жумладан автобуслар ва метрополитен, қирол Салмоннинг Aр-Риёд ривожланиш бўйича Олий комиссияси раиси сифатида кўрсатган саъй-ҳаракатлари натижасида амалга оширилди”, – деди валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон.
Aр-Риёд жамоат транспорти лойиҳаси шаҳарнинг Олий ривожланиш комиссияси томонидан олиб борилган тадқиқотлар асосида ишлаб чиқилган ва ишга туширилган. Ушбу тадқиқотларда жамоат транспорти соҳасининг ҳозирги ва келажакдаги эҳтиёжлари ўрганилиб, унинг муаммоларини ҳал қилиш учун энг мақбул ечимлар танлаб олинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати