Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаддис Аҳмад Шерозий раҳимаҳуллоҳ вафот қилгач, бир киши унинг ўғлининг олдига келиб деди:
- Тушимда отангни кўрдим. Шероздаги масжид меҳробида турибди. Эгнида чиройли кийимлар, бошида турли қимматбаҳо тошлар билан безатилган тож бор эди. Мен ундан сўрадим:
- Аллоҳ таоло сенга қандай муомала қилди?
Отанг деди:
- Мени Аллоҳ мағфират этди, икром қилиб жаннатига киритди!
- Нима сабабдан?
- Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим сабабидан!
Жума куни салавотни кўпайтиринг!
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ъала Саййидина Муҳаммад.
2026 йил 15 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги мажлислар залида вилоятда фаолият юритаётган барча имом-хатиблар иштирокида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари Абдусаттор Отабоев ҳамда вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов иштирок этиб, аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтириш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёт ғоялар таъсирининг олдини олиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, ЎМИ устави ҳамда қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш масалалари юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар бердилар. Шунингдек, биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди ҳамда келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг вилоят имом-хатибларининг “Эзгулик ва маърифат тарғиботчилари” ташаббуси доирасида Андижон туманида навбатдаги амалий семинар-йиғилиши ташкил этилди.
Семинар давомида ишчи гуруҳлар маҳаллалар ва масжидларда ўрганишлар ўтказиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олдилар, маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини амалга оширдилар ҳамда масжидлар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан амалий тавсиялар бердилар. Семинар якунида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб берилди.