Муҳаддис Аҳмад Шерозий раҳимаҳуллоҳ вафот қилгач, бир киши унинг ўғлининг олдига келиб деди:
- Тушимда отангни кўрдим. Шероздаги масжид меҳробида турибди. Эгнида чиройли кийимлар, бошида турли қимматбаҳо тошлар билан безатилган тож бор эди. Мен ундан сўрадим:
- Аллоҳ таоло сенга қандай муомала қилди?
Отанг деди:
- Мени Аллоҳ мағфират этди, икром қилиб жаннатига киритди!
- Нима сабабдан?
- Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим сабабидан!
Жума куни салавотни кўпайтиринг!
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ъала Саййидина Муҳаммад.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда тинчлик, меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик каби юксак қадриятларни кенг тарғиб этишга қаратилган хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан,13 август куни Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, отинойилар, «Ҳаж–2026» зиёратидан қайтган ҳожи оталар ва ҳожи оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Р.Собитов иштирок этди. Тадбир доирасида «Мустақиллик шукуҳи» шиори остида Урганч шаҳридаги боқувчисини йўқотган, етим, ночор ва кам таъминланган оилалардан 100 нафарига ВАҚФ жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорликда моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бу хайрли амал орқали эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий кўмак ва самимий меҳр-эътибор улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги матбуот хизмати