8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчи, ишчи-ходим ва талабалар учун Ахборот-ресурс маркази томонидан “Ғафур Ғулом” нашриёт-матбаа ижодий уйи билан ҳамкорликда китоб кўргазма-савдоси ташкил этилди.
Кўргазмада беш юзга яқин бадиий, илмий, тарих, диний-маърифий ҳамда сиёсий-ижтимоий китоблар тақдим этилди. Хусусан “Ўзбекистон Республикасининг оила кодекси”, “Меҳнат кодекси”, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”, “Жиноят кодекси”, “Фуқаролик ҳуқуқи”, “Давлат ва ҳуқуқ назарияси”, “Меҳнат ҳуқуқи”, “Инсон ҳуқуқи”, “Ҳуқуқий кўникмалар методологияси”, “Рим ҳуқуқи” каби адабиётлар намойиш қилиниб, китобхонлар ўзлари қизиққан мавзудаги китобларни харид қилдилар.
АРМ Бош мутахассиси Абдулазиз Кадиров
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати