Келгуси ойда Истанбулда муҳим конференция ўтказилиши режалаштирилган. Унда ислом мамлакатлари етакчилари, олимлар ва экспертлар замонавий муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилишади.
“IQNA” ахборот агентлиги “Анадолу”га таяниб хабар қилишича, ушбу конференцияни Жаҳон ҳамдардлик ва ҳамкорлик уюшмаси (Cihannuma) ташкил этмоқда. Тадбир 2024 йил 13-15 декабрь кунлари Истанбулдаги Ҳалич университетида бўлиб ўтади.
Уюшма раҳбари Реза Юролмаз таъкидлашича, конференциянинг мақсади ислом жамиятлари учун инновацион ечимлар ишлаб чиқиш ва замонавий муаммоларни муҳокама қилиш учун платформа ишлаб чиқиш, йўл харитасини таклиф қилишдир. У турли соҳалар, жумладан, таълим, бизнес, санъат ва фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилиш орқали сиёсий етакчилар ва кенг жамоатчилик ўртасидаги узилишни бартараф этиш муҳимлигини таъкидлади.
Конференцияда адолат, миграция, иқтисодий ривожланиш, қашшоқликни камайтириш, рақамлаштириш, руҳий саломатлик, мусулмон озчиликларнинг аҳволи каби муҳим мавзулар муҳокама этилади.
Шунингдек, оила, маданият, санъат ва фуқаролик жамияти масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Тадбирда мунозара ва маърузалар ўтказилиши режа қилинган.
Тадбирда ислом оламидаги 50 га яқин етакчи ва экспертлар, шунингдек, Туркиянинг кўплаб олимлари ва фикр юритувчилари қатнашиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати