Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ صُدَيِّ بْنِ عَجْلَانَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَرْبَعَةٌ لَا يَنْظُرُ اللهُ إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: عَاقٌّ، وَمَنَّانٌ، وَمُدْمِنُ خَمْرٍ، وَمُكَذِّبٌ بِقَدَرٍ».
Абу Умома Судай ибн Ажлондан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт тоифага Аллоҳ қиёмат куни назар солмайди: оқ бўлганга, миннатчига, ароқхўрга ва қадарни ёлғон дейдиганга», дедилар.
Шарҳ: Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг назар солмаслиги банда учун энг катта жазо ва уқубатдир. Бу қиёмат куни банданинг ҳолига вой бўлади, деганидир.
Ушбу олий жазога тўрт тоифа одамлар мубтало бўлар экан. Уларнинг рўйхати бошида ота-онасига оқ бўлган бадбахт турар экан.
Шундай экан, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг назаридан қолмайин, деган ҳар бир фарзанд зинҳор ва зинҳор ота-онасига оқ бўлмасликка ҳаракат қилсин.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ عَاقٌّ، وَلَا مُدْمِنُ خَمْرٍ، وَلَا وَلَدُ زِنَا، وَلَا مَنْ أَتَى ذَاتَ مَحْرَمٍ، وَلَا مَنْ قُتِلَ أَعْرَابِيًّا بَعْدَ الْهِجْرَةِ».
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оқ бўлган, ароқхўр, валади зино, маҳрами билан зино қилган ва ҳижратдан кейин аъробий бўлиб, қатл қилинган жаннатга кирмайди», дедилар.
Шарҳ: Жаннатга кирмасликдан кўра каттароқ бахтсизлик йўқ. Бу гапнинг ортида дўзахга кириш туриши ҳеч кимга сир эмас. Албатта, бу жазо банда учун энг олий жазодир, дейилса, муболаға бўлмайди.
Юқоридаги ривоятда зикри келган жаннатга кирмайдиганларнинг беш тоифаси ичида ота-онасига оқ бўлганлар ҳам борлиги айтилган. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Ота-онасига оқ бўлган.
Жаннатга кирмайдиганлар тоифаси рўйхатининг биринчи қаторида ота-онага оқ бўлганнинг туриши бу иш қанчалар оғир гуноҳ эканига яна бир далилдир.
2. Сурункали ароқ ичадиган.
Ароқни бир томчи ичиш ҳам гуноҳ. Аммо уни тўйиб ичса, гуноҳ катталашади. Бу ҳаром нарсани сурункали ичиш эса ароқхўрнинг жаннатга кирмайдиган бадбахтлар рўйхатида иккинчи ўринга қўйилишига сабаб бўлади.
3. Валади зино.
"Валади зино" деганда зинодан туғилган бола тушунилади. Аммо ўша тоифадаги кишилар ҳам жаннатга кирмас экан, деган хулоса чиқаришга шошилмай туринг. Чунки барча шаръий китобларимизда агар ўзи аҳли солиҳ бўлса, иймон-эътиқодли бўлса, Аллоҳга ўз вақтида ибодатини қилиб юрса, валади зинонинг ҳоли яхши бўлиши қайта-қайта таъкидланган.
Унда бу ҳадиси шарифдаги гапни қандай тушуниш керак? Ушбу саволга жавоб излаб, китобларга мурожаат қиламиз. Кўп китобларда бу саволга жавоб йўқ.
Охири имом Таҳовийнинг "Мушкулул Осор" китобини қўлга оламиз. Бу китобда валади зино жаннатга кирмаслиги ҳақида келган ривоятларнинг жамланганини кўрамиз. Имом Таҳовий мазкур ривоятларни келтириб бўлганидан кейин улардаги валади зинонинг жаннатга кирмаслиги ҳақидаги маъно мушкул эканини баён қилади ва ўша мушкулни ечишга киришади.
У кишининг таҳлил қилишича, арабларда бир нарсага ўта берилган одамни ёки бирор ҳолатга тушиб, ундан чиқа олмаган, ана шу ҳолатда бардавом қолган одамни «ўшанинг боласи» дейиш одати бор.
Мисол учун оладиган бўлсак, закот олишга ҳақли тоифаларнинг саккизинчиси кўчада қолганлардир. Булар араб тилида «ибн сабил» – «кўча ўғли» дейилади. Улар ватандан фироқда – мусофирчиликда оғир иқтисодий ҳолатга тушиб қолган кишилар бўладилар. Исломда бу тоифа кишиларга ҳам яхшилик қилиш буюрилган. Ҳатто закотга ҳақдор саккиз тоифадан биттаси худди шу «кўча ўғил»ларидир.
Худди шу эътибордан, бу ҳадиси шарифдаги «валади зино»ни ҳам «зинога берилган фарзанд» деб тушуниш тўғри бўлади.
4. Маҳрами билан зино қилган.
Бегоналар билан зино қилиш энг катта гуноҳлардан бири экани ҳаммага маълум. Шундай бўлганидан кейин, ўз маҳрами билан зино қилиш қанчалар оғир гуноҳ эканини ҳар ким ўзи билиб олаверса бўлади. Бу маъно Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларида ҳам қаттиқ таъкидланади:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ўз маҳрамига жинсий яқинлик қилса, уни қатл қилинглар", дедилар» (Термизий ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шарифдаги ҳукм ўз маҳрами билан зино қилганнинг бу дунёдаги жазосидир. Унинг охиратдаги жазоси жаннатга кирмаслиги, дўзахга равона бўлишидир.
5. Ҳижратдан кейин аъробий бўлиб, қатл қилинган.
Ушбу жумланинг маъносини бошқача иборалар билан ифода қиладиган бўлсак, «Мўмин бўлиб, ҳижрат қилганидан кейин муртад бўлгани учун қатл қилинган одам жаннатга кирмайди», дейиш мумкин. Ўша пайтларда биров Исломдан чиқиб, муртад бўлса, «Фалончи аъробий бўлибди», дейишар экан. Ана шу гуноҳи кабирани қилган одам ҳам жаннатга кирмайдиганлар тоифасидан бўлади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ