Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448
Мақолалар

Маҳсига масҳ тортиш: 11 савол-жавоб

10.12.2024   18118   4 min.
Маҳсига масҳ тортиш: 11 савол-жавоб

Савол: Таҳоратда оёқ ювиш ўрнига ўтадиган (амал) борми?
Жавоб: 
Ҳа, икки маҳсига масҳ тортиш икки оёқни ювиш ўрнига ўтиши кўплаб саҳиҳ ҳадислар билан собит бўлган.

Савол: Мана шу масҳнинг жоиз бўлиши учун шартлар борми?
Жавоб: 
Ҳа, унинг жоиз бўлиши учун маҳси пок (таҳоратли) ҳолатдаги оёққа китилган бўлиши шарт.

Савол: Масҳ учун бирор вақт чегараланганми?
Жавоб: 
Агар маҳси таҳоратли ҳолатда кийилган бўлса, сўнг таҳорат кетса, унга агар муқим киши бўлса бир кеча-кундуз масҳ тортиши жоиз. агар мусофир бўлса уч кеча-кундуз масҳ тортиши жоиз. Иккаласи ҳам бу муддат ичида таҳорат олганда маҳсисига масҳ тортаверади, сафарда ҳам, муқимликда ҳам.

Савол: Бир кеча-кундуз ёки уч кеча-кундузнинг бошланиши маҳсини кийган вақтдан бошланадими ёки таҳорат кетган вақтданми?
Жавоб: 
Бу муддатнинг бошланиши маҳси таҳорат устига кийилгандан кейин таҳоратсизлик етган пайтдан эътиборга олинади. Масалан, бир киши завол вақтидан кейин комил таҳорат олди. Мана шу таҳоратли ҳолида оёғига маҳси кийди. Сўнг қуёш ботаётган вақтда унинг таҳорати синди. Агар бу киши муқим бўлса, шу пайтдан то эртаси куни шу вақтгача (яъни қуёш ботадиган вақтгача) маҳсисига масҳ тортиши жоиз бўлади. Мусофирнинг масҳини ўзингиз шунга қиёслаб олаверинг.

Савол: Ғусл вожиб бўлган одам учун маҳсисига масҳ тортиши жоизми?
Жавоб:
Ғусл вожиб бўлган одам учун маҳсисига масҳ тортиши жоиз эмас. Балки ундай одам баданининг барча аъзоларига қўшиб оёғини ҳам ювиши вожибдир.

Савол: Агар маҳсининг бирида тешик бўлса, унга масҳ тортиш жоизми?
Жавоб:
Агар тешик оёқ бармоқларидан учта кичкина бармоқлар кўриниб қоладиган даражада кўп бўлса, унга масҳ тортиш жоиз эмас. Агар бундан озроқ тешик бўлса, унга масҳ тортиш жоиз бўлади.

Савол: Мана шу кўп тешик деб билинган миқдор бир пой маҳсидан эътиборга олинадими ёки иккала маҳсиданми?
Жавоб: 
Бунда битта маҳсидаги тешиклар жамланади. Иккала маҳсидаги тешиклар жамланмайди. Яъни, иккала маҳсидаги тешикларни қўшиб ҳисобласа учта бармоқ миқдорига етса ҳам, унга масҳ тортиш жоиз. Аммо, бу иккала маҳсининг ҳар бирида шу миқдорда тешик бўлса, ёки фақат биттасида шу миқдорда тешик бўлса, бундай ҳолда унга масҳ тортиш жоиз эмас.

Савол: Маҳсига қандай қилиб масҳ тортилади?
Жавоб: Маҳсининг уст томонига бармоқлар билан чизиқ тортилади. Яъни, қўл бармоқлари сув билан ҳўлланади, сўнг уларни маҳсининг устки томонига тўлиқ қўйиб оёқ бармоқлари учидан тўпиқ томонга юргизилади. Ҳар бир маҳсига масҳ тортишда қўлнинг учта бармог;ини ишлатиш лозим.

Савол: Мана шу масҳни нима синдиради?
Жавоб: Масҳни таҳоратни синдирувчи нарсалар синдиради. Ҳамда, маҳсининг ечилиши ва масҳ муддатининг тугаши ҳам масҳни синдиради.

Савол: Агар масҳ муддати тугаса, ёки бир дона маҳси ёки иккаласи ҳам ечилсаю аммо таҳоратни синдирувчи ҳеч нарса бўлмаган бўлса, бундай ҳолда нима қилинади?
Жавоб: Бу икки кўринишда фақатгина оёқларнинг ўзи ювилади ва намоз ўқиса бўлаверади. Бунинг учун таҳоратнинг бошқа амалларини бажариш шарт эмас.

Савол: Сиз айтдингизки, муқим киши бир кеча-кундуз, мусофир эса уч кеча-кундуз масҳ тортади. Бир киши мусофир бўлиб кейин муқим бўлса, муқим эса сафар қилса, унда нима дейсиз?
Жавоб: Мусофир масҳ торгандан кейин муқим бўлиб қолса, агар масҳ муддати бир кеча-кундуз ёки ундан кўпроқ бўлган бўлса, маҳсисини ечиши лозим бўлади. Агар масҳ муддати бир кеча-кундузга етмаган бўлса, уни еткизиб кейин ечади. Муқим одам масҳ тортса ва бир кеча-кундуз тўлмасидан аввал сафарга чиқса, у энди уч кеча-кундуз тўлиқ масҳ тортади.


 Муҳаммад Ошиқ ал-Барнийнинг
"Ат-тасҳил аз-зарурий ли масаил ал-Қудурий" асаридан.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

11.08.2026   25858   2 min.
“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.

2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.

Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.

Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари