Инсонлар билан яқин бўлиб, уларнинг муаммоларини ечиш, камчиликларини тўғирлаш, эҳтиёжмандларга кўмакдош бўлиш мақсадида Самарқанд вилояти вакиллиги, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ва иқтидорли имом-хатиблар ҳамда 18 нафар хожи оталар Самарқанд туманида йиғилди.
Ушбу тумандаги 6 та масжид имом-хатиблари билан ҳамкорликда 18 та маҳалладаги 60 дан зиёд хонадонга бориб, низоли ва муаммоли ҳолатларни маҳалла иштирокида бартараф этиш, кўмакка муҳтож бўлганларга моддий ёрдамлар кўрсатиш ва пешин намозида жамоат билан диний-маърифий суҳбатлар ўтказиш режа қилинди.
Мазкур тадбирлар олдидан вилоят вакиллиги масъул ходими Ҳасанхон домла Темиров имом-хатиблар билан учрашиб, раҳбариятнинг кўрсатма ва топшириқларини етказди. Шундан сўнг имом-хатиблар ўзлари бириктирилган жойларга тарқалдилар.
Аллоҳ таоло бу хайрли ишларни бардавом ва манфаатли қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати