Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

2 ракат + намоз = ҳаж ва умра савоби

11.12.2024   17743   3 min.
2 ракат + намоз = ҳаж ва умра савоби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳ, ҳар куни эрта тонгда тўрт мучангиз соғ-саломат уйғонасиз. Кўзларингиз кўряпти, қулоқларингиз эшитяпти, қўл-оёқларингиз ҳаракатланяпти. Бунинг барчаси Аллоҳнинг марҳаматидандир. Аллоҳ таолонинг берган бу неъматларининг шукронасини қандай адо этиш мумкин?!

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз ҳам, ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳнинг берган офият неъматига шукр қилиш уни янада зиёда қилади. Ахир офиятдан ҳам улуғроқ неъмат борми?

Аллоҳнинг берган беҳисоб неъматларининг шукри учун икки ракат зуҳо намозини адо этинг! Роббимизнинг карами кенглигини, ўта сахийлигини қаранг, бор йўғи 2 ёки 3 дақиқада адо этиладиган икки ракат намозингизни шукрона сифатида қабул қиляпти. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло: "Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қиламан" деб марҳамат қилган. Агар Аллоҳ таолонинг сизга берган офият неъмати учун шукр қилсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ сизга Ўзининг марҳамати ва фазли билан неъматларини янада зиёда қилади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини адо этганларга ҳаж ва умранинг савоби мукаммал ҳамда тўлиқ берилишини 3 маротаба такрорладилар. Қандай қилиб инсон осонгина ҳаракат билан шундай улкан мукофотларга эришишдан маҳрум қолиши мумкин? Аллоҳ таоло Ўзининг марҳамати ила бу амални осон қилиб қўйди. Бу намознинг адо этилиши осон бўлса-да, унда қанчадан-қанча фазилатлар бор.

Зуҳо намозининг энг ози икки ракат ўқиш мумкин. 4 ёки 8 ракат ўқиса ҳам бўлади. Айримлар унинг ракатларининг чегараси йўқ дейишади. Аммо 2 ракат кифоя қилади. Энг муҳими зуҳо намозини қуёш чиққандан то пешин намозининг ўқилишига бир соат қолгунча ўқиш мумкин. Ишга кетишдан олдин уйда ҳам, ишхонада ҳам ўқиб олса бўлади. Бор йўғи 2 ёки 3 дақиқа вақт кетади, аммо улкан савобларга эришилади. Қандай қилиб инсон шундай улкан неъматни қўлдан чиқариши мумкин, ахир унга эришиш жуда осон-ку?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозида “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Вақф" фонди ва Туркия диёнат вақфи ҳамкорлиги янги босқичда

28.08.2026   16114   1 min.

Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.


Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.


Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.


Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари