Бугун, 12 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Уламолар Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиблари, тажрибали уламолар ва диний таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Қуръон тиловати билан бошланган мажлисда 2024 йилги иш фаолият натижалари ва келгусидаги режалар таҳлил қилинди. Шунингдек, Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тақдим этилган маълумотномалар муҳокама этилди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, янги очилган масжид-мадрасалар ва қайта қурилган жомелар, Фатво маркази савол-жавоблари, мадрасаларлар илмий салоҳиятини такомиллаштириш, имом-хатиблар касб-маҳоратини ошириш ва эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш ишлари тўғрисида ахборот бердилар.
Йиғилишда тизимдаги соҳа ходимларининг лавозим йўриқномалари, ҳужжат юритиши, меҳнат қонунчилиги, молия-хўжалик ва устав фаолиятига оид хато-камчиликлари танқид қилинди. Шунингдек, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этмаганларга тегишли чоралар кўрилгани айтилди.
Муфтий ҳазратлари юртимиз аҳолиси ҳуқуқий давлат ва қонун устувор бўлган жамиятда истиқомат қилишини таъкидлаш баробарида соҳа ходимларига бундай дедилар: “Жамиятда ким қандай мартаба ва мақомда бўлишидан қатъи назар қонун-қоидаларга амал қилиши шарт. Қонунга итоат – раҳбарга итоат, бу эса динимиз талабидир”.
Мажлисда имом-хатиблар фаолиятини ривожлантириш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш ва бугунги давр талабларига жавоб бериш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш каби вазифалар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар масъулиятини ошириш ва меҳнат фаолиятини таҳлил қилиш учун СPI баҳолаш мезонини жорий этиш, келгусида имом-хатибларни рағбатлантириш, лавозимини кўтариш ёки таъсир чораларини кўришда мазкур тизим асос бўлиши қайд этилди.
Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистондаги 2025 йилги Ҳаж мавсуми шу йил 13 майдан бошланади. 28 майга қадар ҳар куни юртимиздан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади.
Зиёратчилар юртимизнинг 9 та ҳудудидаги Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.
Авиапарвозлар Uzbekistan Airways билан бирга FlyNas ва FlyAdeal авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда:
– Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилди;
– Эмлаш ишлари олиб борилди;
– Гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар бириктирилди;
– Сафар олдидан амалий машғулотлар ташкил этилди;
– Ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, ҳар бир зиёратчига қуйидагилар тақдим этилмоқда:
– "Ҳаж – буюк ибодатдир" қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагич.
Айни пайтда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан Ҳаж амаллари бўйича суҳбатлар олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида Ҳаж амаллари ҳақидаги суҳбатлар, тавсиялар ва мақолалар тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати