Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Ноябр, 2026   |   3 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:47
Қуёш
07:08
Пешин
12:12
Аср
15:24
Шом
17:09
Хуфтон
18:25
Bismillah
13 Ноябр, 2026, 3 Жумадул сони, 1448
Мақолалар

Совчилик

13.12.2024   15654   5 min.
Совчилик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

«Совчилик» дегани муайян бир аёл ёки қизга уйланиш истагини унинг ўзига ёки валийсига билдиришдир. Аслида, аёл кишининг ўзи ёки яқинлари томонидан куёвнинг ўзига ёки унинг оила тарафига совчилик қилиниши ҳам мумкин.

Бу билдириш уйланмоқчи кишининг ўзи ёки унинг вакили томонидан бўлиши мумкин. Шунингдек, совчиликни никоҳи исталган шахсга ёки унинг ишбошиларидан бирига билдириш ҳам мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланганларида у кишининг оталари Умар розияллоҳу анҳуга совчилик қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама розияллоҳу анҳога уйланганларида у кишининг ўзларига совчилик қилганлар.

Фазийлатли кишиларга аёлнинг ўзи, ота-онаси ёки ишбошиларидан бири совчилик қилиши жоиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига баъзи аёллар келиб, ўзини никоҳлаб олишларини сўраганлар.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا عِنْدَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَجَاءَتْهُ امْرَأَةٌ تَعْرِضُ نَفْسَهَا عَلَيْهِ فَخَفَّضَ فِيهَا النَّظَرَ وَرَفَعَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: قَالَ أَنَسٌ: إِنَّ امْرَأَةً عَرَضَتْ نَفْسَهَا عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَضَحِكَتِ ابْنَةُ أَنَسٍ، فَقَالَتْ: مَا كَانَ أَقَلَّ حَيَاءَهَا فَقَالَ أَنَسٌ: هِيَ خَيْرٌ مِنْكِ عَرَضَتْ نَفْسَهَا عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир аёл келиб, у кишига ўзини тақдим қилди. У зот унга бошдан-оёқ назар солиб қарадилар" (Бешовлари ривоят қилганлар).

Бошқа бир ривоятда: Анас: «Бир аёл ўзини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тақдим қилди», деди.

Анаснинг қизи кулиб: «Мунча ҳам ҳаёси оз экан!», деди. Шунда Анас: «У сендан яхшироқ. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини тақдим қилди», деди.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: تَأَيَّمَتْ حَفْصَةُ مِنْ خُنَيْسِ بْنِ حُذَافَةَ السَّهْمِيِّ، وَكَانَ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم تُوُفِّيَ بِالْمَدِينَةِ، فَقَالَ عُمَرُ: عَرَضْتُ حَفْصَةَ عَلَى عُثْمَانَ، فَقَالَ: سَأَنْظُرُ فِي أَمْرِي، فَلَبِثْتُ لَيَالِيَ ثُمَّ لَقِيَنِي، فَقَالَ: قَدْ بَدَا لِي أَلَّا أَتَزَوَّجَ يَوْمِي هَذَا. فَلَقِيتُ أَبَا بَكْرٍ الصِّدِّيقَ فَقُلْتُ: إِنْ شِئْتَ زَوَّجْتُكَ حَفْصَةََ، فَصَمَتَ أَبُو بَكْرٍ، وَكُنْتُ أَوْجَدَ عَلَيهِ مِنِّي عَلَى عُثْمَانَ، فَلَبِثْتُ لَيَالِيَ، ثُمَّ خَطَبَهَا رَسُولُ اللهِ، فَأَنْكَحْتُهَا إِيَّاهُ، فَلَقِيَنِي أَبُو بَكْرٍ فَقَالَ: لَعَلَّكَ وَجَدْتَ عَلَيَّ حِينَ عَرَضْتَ عَلَيَّ حَفْصَةَ فَلَمْ أَرْجِعْ إِلَيْكَ شَيْئًا، قَالَ عُمَرُ: قُلْتُ: نَعَمْ، قَالَ أَبُو بَكْرٍ: إِنَّهُ لَمْ يَمْنَعْنِي أَنْ أَرْجِعَ إِلَيْكَ فِيمَا عَرَضْتَ عَلَيَّ إِلَّا أَنِّي كُنْتُ عَلِمْتُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَدْ ذَكَرَهَا، فَلَمْ أَكُنْ لِأُفْشِيَ سِرَّ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَلَوْ تَرَكَهَا قَبِلْتُهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳафса Хунайс ибн Ҳузафа ас-Саҳмийдан бева қолди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, Мадинада вафот этган эди. Бас, Умар айтди: «Ҳафсани Усмонга тақдим қилдим. У «Ўйлаб кўрай-чи», деди. Бир неча кун кутдим. Сўнг у менга учраб, «Ҳозирги кунда уйланмай турганим маъқулга ўхшайди», деди.

Абу Бакр Сиддиққа учраб, «Хоҳласанг, сенга Ҳафсани никоҳлаб бераман», дедим. Абу Бакр индамади. Ўшанда ундан Усмондан аччиғим чиққанидан кўра кўпроқ аччиғим чиқди. Бир неча кун турганимдан сўнг унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар ва мен уни у зотга никоҳлаб бердим. Сўнгра Абу Бакр менга учраб:

«Ҳафсани менга тақдим қилганингда, мен эса сенга жавоб бермаганимда, аччиғинг чиққан бўлса керак?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Мени сенга жавоб беришдан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни зикр қилганларини эшитганим ман қилди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилишим мумкин эмас эди. У зот тарк қилганларида, уни қабул қилар эдим», деди Абу Бакр».

Бухорий ривоят қилган.

Бизнинг шароитимизда, одатда, совчилик йигитнинг ота-онаси ёки улар тайинлаган кишилар томонидан келинликка номзоднинг ота-онасига ёки оила аъзоларига қилинади.

Айтайлик, мазкур иш содир бўлди. Эркак томондан аёл-қиз томонга совчилик қилинди. Энди аёл-қиз тараф муносиб куёв танлаш мажбуриятида қолади. Албатта, улар ҳам бу танлашда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатма ва тавсияларига амал қилсалар, жуда ҳам яхши бўлади ва бундай ўта нозик, умр савдоси бўлган ишда энг тўғри йўл тутган бўладилар.

"Бахтиёр оила" китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бу бир кам дунёдир!

12.05.2026   26846   1 min.
Бу бир кам дунёдир!

Роббимиз зикри бирла ғамларингни қув,
Дард
оловин устига қуйгин ундан сув.

Агар сиз ҳаётни юз фоиз мукаммал, ҳеч қандай камчиликсиз бўлиши керак деб ўйласангиз хато қиласиз. Бундай мукаммаллик фақатгина жаннатда бўлади. Бу дунёдаги ишлар эса нисбий бўлиб, сиз ўйлаган барча нарса ҳам рўёбга чиқавермайди. Унда сиз турли хил бало ва офатлар, мусибат ва имтиҳонларга дуч келишингиз мумкин. Шундай вақтларда борига шукр қиладиган, йўғига сабр қила оладиган инсон бўлишингиз керак.

Умуман касал бўлмай яшаш, ҳеч қандай қийинчиликсиз бой бўлиш, оғирлиги йўқ саодат, салбий жиҳатлари йўқ эр ва камчиликсиз дўст излаб хаёлингизда идеал оламни орзу қилманг. Барча нарсада камчилик бўлади. Бунинг ўрнига сиз салбий жиҳатлар ва хатолардан кўз юминг, ижобий ва гўзал нарсаларни кўра олинг. Доимо чиройли гумон қилинг, хатоларга узр топишга интилинг. Фақатгина Аллоҳга суянинг, инсонларга суянманг. Улар суянишингиз ва ишингизни топшириб қўйишингизга лойиқ эмас, чунки улар сизга ёрдам қила олишмайди. Аллоҳ таоло айтади:

﴿إِنَّهُمْ لَنْ يُغْنُوا عَنْكَ مِنَ اللَّهِ شَيْئًا﴾

“Албатта, улар сендан Аллоҳ томонидан бўладиган ҳеч бир нарсани арита олмаслар” (Жосия сураси, 19-оят).

Шуъла: Ҳаётингиз зулматли бўлишига асло рози бўлманг. Нур мавжуд, фақат сиз унинг порлаши учун ёқиш тугмасини босишингиз керак.

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан