Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш чиққан ва ботган кунларнинг энг яхшиси – жума кунидир. Ҳар бир ўрмалаган жонзот борки, жума кунида қиёмат қоим бўлишидан қўрқиб туради. Фақат инсонлар ва жинлар бундан мустасно», дедилар.
Ибн Хузайма ривоят қилган.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида кунларнинг ҳаммаси йиғилади. Жума куни эса оппоқ нурли бўлиб келади. Жума аҳлини келинчакни чимилдиққа етаклаб келинганидек, гўзал ҳолатда етаклаб келинади. Улар қордан-да оппоқ нурлар ичида, ҳидлари мушку анбарона бўлиб, кофур тоғларининг ичида юрадилар. Инсонлар ва жинлар уларга берилган мақомдан ажабланиб, жаннатга киргунларича улардан кўз узмайдилар. Ҳеч ким уларнинг яқинларига бориб, улар билан биргаликда жаннатга киролмайди. Савоб учун муаззинлик қилганлар улар билан аралашиб жаннатга кирадилар», дедилар.
Табароний ривоят қилган.
Имом Ироқий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Кунларнинг энг яхшиси деганда, жума – ҳафта кунларининг энг яхшисидир. Аммо Арафа куни тўғрисида келган ҳадисларда Арафа – йил кунларининг энг яхшисидир", дейилган.
Бошқа олимлар жума кунини йилнинг барча кунлари ичида энг яхши, деб ҳам айтган эканлар.
Уламолар айтадилар: “Рамазон ойида қадр кечаси яширилгани каби, жума кунида дуо ижобат бўладиган вақт ҳам яширилгандир”.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан у (жумадаги дуо ижобат бўладиган лаҳза) тўғрисида сўрадим. У зот: "Менга у билдирилди, сўнг "Лайлатул қадр" унуттирилгани каби унуттирилдим", дедилар».
Ҳоким ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.
Уламоларнинг дуонинг ижобат бўладиган вақти ҳақида қуёш заволдан ўтганда ёки жума намозига азон айтилаётганда, ё имом минбарга чиққанида, ё иккинчи азондан кейин то намоз тугагунга қадар, ё имом икки хутба ўртасида ўтирганида, ё жума намозини ўқиб бўлгандан кейин, ё аср намозида, деган ва бошқа ривоятлар бор.
Қози Иёз мазкур ҳадиснинг шарҳида айтадилар: “Ҳадисдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда жума кунининг фазилатларини санаб беряптилар, холос. Бу ерда зикр қилинган баъзи нарсалар фазилатга кирмайди. Қиёматнинг қоим бўлиши, Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан чиқарилиши кабилар фазилат эмас. Ваҳоланки, бу ўша кунда бўладиган ва бўлиши мумкин бўлган катта воқеаларнинг баёнидир. Бу кунда катта савобли ишлар ва катта ҳодисалар рўй бериши кутилади. Шунинг учун ҳам банда солиҳ амаллар билан, фазилатли ишлар билан машғул бўлсин”.
Абу Бакр ибн Иззий бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейдилар: “Ҳадиси шарифда ривоят қилинган, саналган барча ишлар яхшилик, фазилатдир. Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан чиқарилишлари ҳам фазилатдир, чунки Одам алайҳиссалом ерга тушишлари билан у кишидан зурриётлар тарқалди. Бу – катта неъмат! У зурриётлар орасидан пайғамбарлар, солиҳ бандалар, ва авлиёлар чиқди. Одам алайҳиссалом жаннатдан қувилганлари йўқ. Ер юзига маълум бир муддатда у кишига юклатилган масъулият ва вазифаларни бажариш учунгина туширилдилар. Қиёматнинг қоим бўлиши ҳам улкан фазилат. У кунда пайғамбарлар, сиддиқлар, солиҳлар, авлиёларнинг мақомлари кўтарилади, мукофотлари берилади, ажрларини оладилар”.
«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Қуръон тинчликка буюради» шиори остида Самарқанд шаҳридаги "Оби Раҳмат" жоме масжидида Қуръон мусобақаси ташкил этилди. Қуръони каримга бўлган муҳаббатни юксалтириш, қироат ва тажвид илмларини кенг тарғиб этиш ҳамда жамиятда тинчлик ва осойишталик ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ушбу хайрли тадбирнинг саралаш босқичларидан ўтган иштирокчилар «Ҳифз» ва «Мужаввид» йўналишлари бўйича беллашди.
Ғолиб ва совриндорлар:
«Ҳифз» йўналиши:
1-ўрин: Асқар Турсунов (Самарқанд шаҳри, «Муҳаммадамин ота» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Абдувакил Олимов (Ургут тумани, «Ғавсул Аъзам» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Шавкат Маҳмудов (Нарпай тумани, «Сўфи Зийрак» масжиди имом-хатиби).
«Мужаввид» йўналиши:
1-ўрин: Зикрулло Матлабов (Самарқанд шаҳри, «Хўжа Абду Дарун» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Бурхониддин Турсунов (Нуробод тумани, «Жом ота» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Исомиддин Исаев (Пахтачи тумани, «Хўжа Зиёвуддин» масжиди имом-хатиби).
Қўшимча номинациялар:
«Энг таъсирчан тиловат»: Ўткир Абдуллаев (Пастдарғом тумани);
«Энг гўзал тиловат»: Сардорхон Собиров (Самарқанд тумани);
«Тажвид қоидаларига энг мукаммал риоя қилган иштирокчи»: Юсуфхон Низомов (Самарқанд шаҳри).
Тадбир якунида ғолибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг дипломлари ва «Вақф» фонди филиали томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати