Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Жума - қуёш чиққан ва ботган кунларнинг энг яхшиси

13.12.2024   9873   3 min.
Жума - қуёш чиққан ва ботган кунларнинг энг яхшиси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш чиққан ва ботган кунларнинг энг яхшиси – жума кунидир. Ҳар бир ўрмалаган жонзот борки, жума кунида қиёмат қоим бўлишидан қўрқиб туради. Фақат инсонлар ва жинлар бундан мустасно», дедилар.

Ибн Хузайма ривоят қилган.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида кунларнинг ҳаммаси йиғилади. Жума куни эса оппоқ нурли бўлиб келади. Жума аҳлини келинчакни чимилдиққа етаклаб келинганидек, гўзал ҳолатда етаклаб келинади. Улар қордан-да оппоқ нурлар ичида, ҳидлари мушку анбарона бўлиб, кофур тоғларининг ичида юрадилар. Инсонлар ва жинлар уларга берилган мақомдан ажабланиб, жаннатга киргунларича улардан кўз узмайдилар. Ҳеч ким уларнинг яқинларига бориб, улар билан биргаликда жаннатга киролмайди. Савоб учун муаззинлик қилганлар улар билан аралашиб жаннатга кирадилар», дедилар.

Табароний ривоят қилган.

Имом Ироқий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Кунларнинг энг яхшиси деганда, жума – ҳафта кунларининг энг яхшисидир. Аммо Арафа куни тўғрисида келган ҳадисларда Арафа – йил кунларининг энг яхшисидир", дейилган.

Бошқа олимлар жума кунини йилнинг барча кунлари ичида энг яхши, деб ҳам айтган эканлар.

Уламолар айтадилар: “Рамазон ойида қадр кечаси яширилгани каби, жума кунида дуо ижобат бўладиган вақт ҳам яширилгандир”.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан у (жумадаги дуо ижобат бўладиган лаҳза) тўғрисида сўрадим. У зот: "Менга у билдирилди, сўнг "Лайлатул қадр" унуттирилгани каби унуттирилдим", дедилар».

Ҳоким ва Ибн Хузайма ривоят қилишган.

Уламоларнинг дуонинг ижобат бўладиган вақти ҳақида қуёш заволдан ўтганда ёки жума намозига азон айтилаётганда, ё имом минбарга чиққанида, ё иккинчи азондан кейин то намоз тугагунга қадар, ё имом икки хутба ўртасида ўтирганида, ё жума намозини ўқиб бўлгандан кейин, ё аср намозида, деган ва бошқа ривоятлар бор.

Қози Иёз мазкур ҳадиснинг шарҳида айтадилар: “Ҳадисдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда жума кунининг фазилатларини санаб беряптилар, холос. Бу ерда зикр қилинган баъзи нарсалар фазилатга кирмайди. Қиёматнинг қоим бўлиши, Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан чиқарилиши кабилар фазилат эмас. Ваҳоланки, бу ўша кунда бўладиган ва бўлиши мумкин бўлган катта воқеаларнинг баёнидир. Бу кунда катта савобли ишлар ва катта ҳодисалар рўй бериши кутилади. Шунинг учун ҳам банда солиҳ амаллар билан, фазилатли ишлар билан машғул бўлсин”.

Абу Бакр ибн Иззий бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейдилар: “Ҳадиси шарифда ривоят қилинган, саналган барча ишлар яхшилик, фазилатдир. Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан чиқарилишлари ҳам фазилатдир, чунки Одам алайҳиссалом ерга тушишлари билан у кишидан зурриётлар тарқалди. Бу – катта неъмат! У зурриётлар орасидан пайғамбарлар, солиҳ бандалар, ва авлиёлар чиқди. Одам алайҳиссалом жаннатдан қувилганлари йўқ. Ер юзига маълум бир муддатда у кишига юклатилган масъулият ва вазифаларни бажариш учунгина туширилдилар. Қиёматнинг қоим бўлиши ҳам улкан фазилат. У кунда пайғамбарлар, сиддиқлар, солиҳлар, авлиёларнинг мақомлари кўтарилади, мукофотлари берилади, ажрларини оладилар”.

«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   3973   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар