Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июл, 2025   |   1 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:36
Қуёш
05:13
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:50
Хуфтон
21:19
Bismillah
26 Июл, 2025, 1 Сафар, 1447

Кечаси кўчада юришнинг зарарлари

13.12.2024   5127   2 min.
Кечаси кўчада юришнинг зарарлари
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар ёлғизликда нималар борлигини мен билганчалик билганларида эди, бирорта ҳам отлиқ тунда ёлғиз юрмасди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам кечаси ёлғиз юришдан қайтармоқдалар. Чунки унинг бир қанча зарарлари бор, аммо одамлар уларнинг ҳаммасини ҳам англаб етмайдилар. Шу сабабли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар билмаган ёмонликларни билганлари учун ундан огоҳлантирмоқдалар.

Бугунги кунда ота-она назорати ва эътиборисиз қолган жуда кўплаб ёшларнинг ушбу ҳадисга амал қилмай, кечаси билан кўчаларда, кафе-бар, интернет клубларда санғиб юришлари, тонгга қадар вақтларини беҳуда ва бекорчи ишларга сарфлашлари кузатилмоқда.

Энг хавфли ва аянчли жиҳати – ярим тунда бундай кўча дайдишларнинг охир-оқибати турли жиноятлар, қотилликлар, муштушзўрликлар билан якун топмоқда. Қолаверса, турли руҳий касалликларга дучор бўлганларнинг аксарияти айнан бемаҳалда кўчада санғиб юрганлар ташкил этишини унутмаслик керак.

Шунингдек, тунни бекорчилик билан ўтказиш инсон саломатлиги учун ҳам жиддий зарар эканини таъкидлаб ўтиш лозим. Буюк Британия олимларининг 90 мингга яқин кўнгилли қатнашган, олти йил давом этган тақдиқотлари натижасига кўра соат 2200 дан 2300 гача бўлган вақт оралиғида уйқуга ётиш юрак-қон томир касалликлари хавфини сезиларли даражада камайтириши аниқланган (European Heart Journal – Digital Health, Volume 2, Issue 4, December 2021, Pages 658–666).

Демак, шариат кўрсатмасига амал қилган банда дунё ва охирати учун фойдали бўлган амалларга яқин, нохуш ва зарарли ҳолатлардан эса узоқ бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини топадиган солиҳ амалларда бардавом қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

Сиз Билол розияллоҳу анҳу қилган шу ишни қилганмисиз?

11.12.2024   25446   1 min.
Сиз Билол розияллоҳу анҳу қилган шу ишни қилганмисиз?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.

Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.

Сиз Билол ибн Рабоҳ каби таҳорат олиб бўлишингиз биланоқ икки ракат бўлсада нафл намоз ўқиганмисиз?

Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.

Даврон НУРМУҲАММАД