Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Фиқҳ» сўзи «фаҳмлаш», «англаш» деган маънони билдиради. Бу ерда «фаҳм» сўзи жуда муҳим, чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, Аҳли суннани бошқалардан ажратиб турган жиҳат – бу фаҳмдир. Салафлар Қуръон ва Суннат билан бирга, бизга Қуръон ва Суннатни фаҳмлашни ҳам етказишган. Демак, бизнинг устунлигимиз фаҳмлашда, тўғри фаҳмлашдадир. Кейинроқ фаҳмнинг нималиги ҳақида батафсил гаплашамиз.
Фиқҳ – бу фаҳмлаш дегани, лекин бу фаҳмлаш «фиқҳ» сўзининг луғавий маъносигина эмас, балки айнан далилларни чуқур ва теран англаш деганидир. Бунинг моҳиятини дарслар давомида тушуниб борамиз. Биз фиқҳ мактабларининг фаҳмини, илмнинг фаҳмини ва якка шахсларнинг фаҳмини ўрганиб ўтдик. Динни, Қуръон ва Суннатни тушуниш қанчалик муҳим? Демак, фаҳм деганда, мана шуни тушунамиз. Биринчи тўхталмоқчи бўлганимиз мана шу нуқтадир.
Фиқҳнинг истилоҳий маъносига келсак, унинг қуйидагича машҳур таърифи бор: «Фиқҳ – бу шариатнинг тафсилий далиллардан чиқариб олинган амалий ҳукмлари ҳақидаги илмдир». Мана шу умумий таърифдир. Бу таърифга қисқача тўхталамиз, ҳамма биладиган гапларни такрор айтиб ўтирмаймиз. Маълумотимиз фан доктори даражасидаги одамлар учун ҳам манфаатли бўлиши учун таърифларни қўшимча сифатида айтиб ўтамиз, холос.
Юқорида айтганимиздек, тўғри йўлдан оғишнинг сабаби нотўғри фаҳмлашдир. Мана шуни баён қилиш учун аввал ҳамма биладиган таърифларни айтиб ўтиш керак бўлади. Уларни сизларга ўргатиш учун эмас, балки бу борадаги қўшимча маълумотларни келтириш учун зикр қилиб ўтамиз.
Демак, фиқҳ шариатнинг тафсилий далиллардан чиқариб олинган амалий ҳукмлари ҳақидаги илм экан. Илм эса бир нарсанинг воқеликка мувофиқ келишидир. Фиқҳ мана шу ҳукмлар илмидир. Шунинг учун ҳам бизнинг баҳсимиз муайян зотлар ҳақида эмас, илм ҳақида бўлади. Фиқҳ шаръий амаллар ҳақидаги илмдир, ақлий илмлар ҳақидаги эмас. У амалий ҳукмлар ҳақидаги илмдир. Шаръий илмлар ақоид, фиқҳ ва тарбияни ўз ичига олса, бизнинг мавзу буларнинг ичидан фақатгина амалий ҳукм бўлмиш фиқҳ илми ҳақида бўлади. Бу илм Қуръон ва Суннатдан олинган, Қуръон ва Суннатдан чиқариб олинган. «Тафсилий далиллардан» дегани шуки, масалан, «Намозни адо этинглар» деган оят тафсилий далил бўлади, ундан чиқариб олинадиган ҳукм намознинг фарзлиги бўлади. Демак, тафсилий далил муайян бир ҳукмга хос далилдир.
Келтирилган бу таърифимиз усул уламоларининг таърифидир. Бу таъриф бизга ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай қилиб чиқариб олиш ҳақида умумий тушунча беради. Усул уламолари фиқҳга «илм» деб таъриф беришяпти. Нима учун? Усул илми нимани ўрганади? Усул ҳукмларни Қуръон ва Суннатдан қандай қилиб чиқариб олишни ўргатади. Шунинг учун таърифда: «Тафсилий далиллардан чиқариб олинган», деб айтиляпти. Демак, ҳар бир фиқҳий ҳукмнинг далили бўлади. Усул уламолари томонидан бундай таъриф берилишининг сабаби шуки, бу фан ҳукмларни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқариб олишни ўрганади.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Тумандаги “Мулла Жумабой” жоме масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда қозиёт масъуллари, бош имом-хатиблар, ҳожилар ва маҳалла раислари жам бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан июль ойининг “Ободонлаштириш ва меҳр-саховат ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, имом-хатиблар ва масжид қавми бошчилигида кўчалар, масжид атрофлари тозаланди. Шунингдек, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳовли-жойларида ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Тўрткўл туманидаги 10 та масжид ва 20 та маҳаллага бириктирилиб, қуйидаги хайрли амаллар бажарилди:
Ҳожиларни жалб этган ҳолда маҳаллалардаги муаммоли оилалар ҳолидан хабар олинди;
Ҳомийлар кўмагида 120 та эҳтиёжманд хонадонга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди;
Кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига янги ўқув йили учун мактаб формалари тарқатилди;
Имом-хатибларнинг фаолияти ўрганилиб, масжид бошқаруви ва маърифий ишларни янада ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ҳудудда диний-маърифий муҳитни соғломлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати