Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2026   |   30 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:01
Қуёш
05:30
Пешин
12:28
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:56
Bismillah
13 Август, 2026, 30 Сафар, 1448

Далилларни чуқур ва теран англаш

14.12.2024   7153   3 min.
Далилларни чуқур ва теран англаш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Фиқҳ» сўзи «фаҳмлаш», «англаш» деган маънони билдиради. Бу ерда «фаҳм» сўзи жуда муҳим, чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, Аҳли суннани бошқалардан ажратиб турган жиҳат – бу фаҳмдир. Салафлар Қуръон ва Суннат билан бирга, бизга Қуръон ва Суннатни фаҳмлашни ҳам етказишган. Демак, бизнинг устунлигимиз фаҳмлашда, тўғри фаҳмлашдадир. Кейинроқ фаҳмнинг нималиги ҳақида батафсил гаплашамиз.

Фиқҳ – бу фаҳмлаш дегани, лекин бу фаҳмлаш «фиқҳ» сўзининг луғавий маъносигина эмас, балки айнан далилларни чуқур ва теран англаш деганидир. Бунинг моҳиятини дарслар давомида тушуниб борамиз. Биз фиқҳ мактабларининг фаҳмини, илмнинг фаҳмини ва якка шахсларнинг фаҳмини ўрганиб ўтдик. Динни, Қуръон ва Суннатни тушуниш қанчалик муҳим? Демак, фаҳм деганда, мана шуни тушунамиз. Биринчи тўхталмоқчи бўлганимиз мана шу нуқтадир.

Фиқҳнинг истилоҳий маъносига келсак, унинг қуйидагича машҳур таърифи бор: «Фиқҳ – бу шариатнинг тафсилий далиллардан чиқариб олинган амалий ҳукмлари ҳақидаги илмдир». Мана шу умумий таърифдир. Бу таърифга қисқача тўхталамиз, ҳамма биладиган гапларни такрор айтиб ўтирмаймиз. Маълумотимиз фан доктори даражасидаги одамлар учун ҳам манфаатли бўлиши учун таърифларни қўшимча сифатида айтиб ўтамиз, холос.

Юқорида айтганимиздек, тўғри йўлдан оғишнинг сабаби нотўғри фаҳмлашдир. Мана шуни баён қилиш учун аввал ҳамма биладиган таърифларни айтиб ўтиш керак бўлади. Уларни сизларга ўргатиш учун эмас, балки бу борадаги қўшимча маълумотларни келтириш учун зикр қилиб ўтамиз.

Демак, фиқҳ шариатнинг тафсилий далиллардан чиқариб олинган амалий ҳукмлари ҳақидаги илм экан. Илм эса бир нарсанинг воқеликка мувофиқ келишидир. Фиқҳ мана шу ҳукмлар илмидир. Шунинг учун ҳам бизнинг баҳсимиз муайян зотлар ҳақида эмас, илм ҳақида бўлади. Фиқҳ шаръий амаллар ҳақидаги илмдир, ақлий илмлар ҳақидаги эмас. У амалий ҳукмлар ҳақидаги илмдир. Шаръий илмлар ақоид, фиқҳ ва тарбияни ўз ичига олса, бизнинг мавзу буларнинг ичидан фақатгина амалий ҳукм бўлмиш фиқҳ илми ҳақида бўлади. Бу илм Қуръон ва Суннатдан олинган, Қуръон ва Суннатдан чиқариб олинган. «Тафсилий далиллардан» дегани шуки, масалан, «Намозни адо этинглар» деган оят тафсилий далил бўлади, ундан чиқариб олинадиган ҳукм намознинг фарзлиги бўлади. Демак, тафсилий далил муайян бир ҳукмга хос далилдир.

Келтирилган бу таърифимиз усул уламоларининг таърифидир. Бу таъриф бизга ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай қилиб чиқариб олиш ҳақида умумий тушунча беради. Усул уламолари фиқҳга «илм» деб таъриф беришяпти. Нима учун? Усул илми нимани ўрганади? Усул ҳукмларни Қуръон ва Суннатдан қандай қилиб чиқариб олишни ўргатади. Шунинг учун таърифда: «Тафсилий далиллардан чиқариб олинган», деб айтиляпти. Демак, ҳар бир фиқҳий ҳукмнинг далили бўлади. Усул уламолари томонидан бундай таъриф берилишининг сабаби шуки, бу фан ҳукмларни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқариб олишни ўрганади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   11771   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар