Бугун, 16 декабрь куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси Мирзо Улуғбек туманида ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилик қилди.
“Тепа” жоме масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги масжидлар имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, “Ҳаж-2024” зиёратчилари, МФЙлар раислари иштирок этди.
Мажлисда Зайниддин домла Эшонқулов кун давомида амалга ошириши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритиб, Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигининг муҳим жиҳатларини тушунтирди.
Сўнгра ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги муаммоли ва эҳтиёжманд оилаларга кириб, ҳол-аҳвол сўрадилар. Уларнинг таклиф, фикр, мулоҳазаларини тингладилар. Хусусан, имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 103 та оилага, отинойилар 5 тоифага мансуб 25 та оилага, умумий ҳисобда 128 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб бордилар.
Нотинч бўлиб турган 13 та оила ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Муаммонинг асл сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. Ногирон ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган 38 та оилаларга кирилиб, улардан кўнгил сўралди, совға-саломлар берилди, даволаниш ва дори дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди.
Тадбир доирасида “Тўқайтепа” жоме масжиди имом-хатиби Мамадалиев Саъдулло ташаббуси билан саховатпеша ҳомийлар кўмагида “Алишеробод” маҳалласида истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган, уй-жойга эҳтиёжи бор 3 фарзандли ёлғиз аёл Қурбонова Ирода оиласига маҳаллада қад ростлаган кўпқаватли уйлардан икки хонали хонадон хайрия сифатида ҳадя қилинди
Ҳомийларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжмандларга озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари тарқатилди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди.
Шу куни Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо қилиб, йиғилган қавмга долзарб мавзуларда маъруза қилиб бердилар.
Шунингдек, Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги имом-хатиблар фаолиятини ўрганишди. Жумладан, низом асосида иш ва ҳужжат юритиш, жамоани бошқариш, масжидни озода сақлаш, унда қулай шароитлар ҳозирлаш жиҳатлари кўриб чиқилди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Мирзо Улуғбек тумани имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 3 январь куни Тошкент ислом институтида Диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг ўқув ишлари бўйича раҳбар ўринбосарлари, ўқув-услубий ва ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлимлари бошлиқлари учун қисқа муддатли малака ошириш курси бошланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Олий маъҳад ректори Уйғун Ғафуров, Диний идора мутахассиси Муҳаммадамин Насриев ва Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Ҳусанбой Қирғизов иштирок этиб, мазкур малака ошириш курсининг аҳамияти хусусида сўз юритишди.
Тадбирда мутасадди вакиллар малака ошириш машғулотлари диний таълим муассасаларининг ўқув-услубий, маънавий-маърифий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик усулларни жорий қилиш, таълим сифатини яхшилашга хизмат қилиши, ўқув машғулотлари махсус ўқув режа ва дарс жадвали асосида замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказилиши айтиб ўтилди.
Маълумот ўрнида, ана шундай малака ошириш курсалари шу йил 3–7 январь кунлари диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилар учун Тошкент, Бухоро ва ҳудудлардаги таълим муассасаларида ҳам ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати